Жорий йил 28 февраль куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг кураш залида Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси, ЎзДЖТСУ спорт клуби ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида кураш ва белбоғли кураш бўйича Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси очиқ биринчилиги бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февраль куни имзолаган "Ўзбекистон-2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спортга оид фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур очиқ биринчиликда 200 нафарга яқин полвонлар иштирок этишди.
Мусобақа доирасида тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Ушбу маросимида иштирок этиб сўз олган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов, Чирчиқ шаҳар прокурори ўринбосари Азизбек Исмоилов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, жумладан, миллий спорт турларимизга қаратилаётган эътибор хусусида таъкидлаб, беллашув иштирокчиларига омад тилади. Муросасиз ўтган беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, белбоғли кураш бўйича 66 кг. да Мансур Абдуллаев, 81 кг. да Азим Акбаров, +81 кг. да Илёс Мирзаҳмадов ҳамда +63 кг. да Муслима Аҳмедовалар олтин медаль эгаларига айланишди.


Кураш беллашувларида эса
66 кг. да Миродил Муродуллаев, 81 кг. да Озод Соатов, +81 кг. да Баҳриддин Абдураимов, +63 кг. да Ҳуснора Абдуллаева биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.
- Ҳаикорликдаги ушбу очиқ биринчиликни ўтказишимиздан асосий мақсад, талабаларимизни, яқин атрофдаги маҳалла аҳолисини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, оммавийликка эътибор қаратиш, шунингдек, миллий спорт турларимиз кураш ва белбоғли курашни янада ривожлантиришдан иборат, - дейди ЎзДЖТСУ Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси мудири Нуриддин Чоршамиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!