ЎзПФЛ Суперлига 30-тури ва плей-офф босқичи ҳақида расмий маълумот берди

  • 4 ноябрь, 13:21
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Суперлиганинг жорий мавсуми якунланишига бир нечта тур қолди. Сўнгги 30-тур ва плей-офф босқичининг қандай ўтказилиш тартиби ҳақида ЎзПФЛ маълумот берди.

Tecno

"Суперлига"нинг сўнгги 30-тур учрашувлари учун сана белгилашда ЎзПФЛ қуйидаги омилларни ҳисобга олиши лозим:

"Андижон" клубининг 26 ноябрь куни халқаро мусобақа доирасида майдонга тушиши;

30-турда максимум 4 та учрашувда VAR техникасидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги;

8 та учрашув бир вақтда старт олса, уларнинг барчасини телетрансляция қилиш имконияти чекланганлиги.

Мусобақа ўзининг қизғин палласига кириб бораётганини инобатга олган ҳолда, барча учрашувлар санасини ҳозирнинг ўзидаёқ эълон қилиш мураккаб. Сабаби — сўнгги турда параллел ўйинлар натижасига боғлиқ бўлмаган бир ёки бир нечта учрашувни ажратиб олиш лигага нисбатан енгиллик яратиши мумкин. Бироқ 8 та учрашувдан айнан қай бири бундай мақомда бўлиши ҳозирча номаълум.

"Суперлига ва Про-лига регламенти"дан келиб чиқиб, Лига учрашувгача камида 20 кун вақт қолгунга қадар унинг жойи ҳамда санасига ойдинлик киритиши лозим. Мазкур банд клублар йўл чипталари ҳамда меҳмонхоналарга буюртма беришга улгуришини ҳисобга олган ҳолда киритилган. Сўнгги турга эътибор қаратилса, икки беллашув бу борада нисбатан ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли Лига айрим масалаларга ойдинлик киритишни лозим деб топди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам 30-турнинг асосий учрашувлари 30 ноябрь — якшанба куни ўтказилади ва ўйинлар 15:00 да старт олади. Шуни инобатга олган ҳолда, "Нефтчи" ҳамда "Сурхон" клублари узоқ сафар учун йўл чипталарини харид қилишда мазкур санани эътиборга олишлари мумкин.

Суперлига. 30-тур
30 ноябрь, якшанба

Хоразм — Нефтчи

Бухоро — Сурхон

Қолган 6 та учрашувда меҳмон жамоалар рақиб майдонига поезд ёки самолётсиз етиб келиш имконияти нисбатан кўпроқ. Лига улардан вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда 30-тур режасини ишлаб чиқишда бу ҳолатни инобатга олишни сўради. Ҳар қандай ҳолатда 30-турда юқоридаги икки учрашув натижасига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўйинлар бир вақтда старт олиши таъминланади.

Яна бир неча кун ичида юқорида қайд этилганидек, параллел ўйинларга таъсир кўрсатмайдиган бирор беллашув ажралиб чиқса, Лига ушбу ўйинни 29 ноябрь куни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳолда VAR техникасидан фойдаланиш ва телетрансляция қилиш имконияти ортади. Бу билан 8 та учрашувнинг кўпроғида мазкур масала қамраб олиниши мумкин бўлади.

Шунингдек, Суперлига мавсумини 12-, 13-, 14- ҳамда 15-ўринда якунлайдиган жамоалар плей-офф учрашувларида иштирок этади. Унинг биринчи босқичи регламентда белгиланганидек, 12 ва 13-ўринни эгаллаган клублар майдонида бўлиб ўтади. Қуйида плей-офф ўйинлари саналари келтирилган:

Плей-офф I босқич
5 декабрь, жума

Суперлига 12 — Суперлига 15
Суперлига 13 — Суперлига 14

Плей-офф II босқич
10 декабрь, чоршанба

Плей-офф III босқич
14 декабрь, якшанба

Клублар Суперлигани 15-ўринда якунлаган жамоа плей-оффнинг барча ўйинларини сафарда ўтказишини инобатга олиши лозим", — дейилади Лига матбуот хизмати хабарида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!