"Париж-2024" дастурига янги йўналишлар киритилиши режалаштирилмоқда

Маълум бўлишича, ташкилотчилар ушбу Олимпия ўйинларига сув спорти турларининг бир қатор йўналишларини ҳам қўшиш ниятида. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу борада сузиш бўйича барча йўналишларда 50 метр масофага кечадиган дастурлар ва хай-дайвинг йўналишларини Олимпиадага киритиш устида баҳс олиб борилмоқда. Сузиш бўйича деярли барча йўналишлар, айниқса, қисқа масофага кечадиган дастурлар доимо мухлисларнинг эътиборини тортиб келган. Тахминлар 50 метрга кечадиган баҳслар ҳам томошабоп ўтишини кўрсатмоқда.

Қолаверса, жаҳон спортига кириб келганига унча кўп вақт бўлмаган хай-дайвинг ҳам қисқа вақт ичида катта шуҳрат қозонди. 2013 йилдан FINA байроғи остида жаҳон чемпионати дастурларига киритилган мазкур йўналиш рейтинг бўйича бир қатор Олимпия ўйинлари дастуридан илгарилаб кетган. Регламентга кўра, бунда эркаклар 27, аёллар 20 метр баландликдан сувга сакрашади.

Маълумот учун, ёзги Олимпия ўйинлари ичида сув спорти турлари бўйича энг кўп медаллар шодаси ўйналади. Мазкур йўналишда синхрон сузиш ва сув полосида 2 тадан, сувга сакрашда 8 та ва сузиш баҳсларида 37 та жами 49 та медаллар жамланмаси ўйналади. Агар юқорида қайд этилган йўналишлар Олимпиада дастурига киритилса, бу борада енгил атлетика (48), велосипед спорти (22) ва гимнастика (18) каби спорт турларини анча ортда қолдиришга муваффақ бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!