"Пахтакор-2008" Минскдаги халқаро турнир совриндорига айланди!
"Пахтакор" академияси 2008 йилда туғилган тарбияланувчилари Минскда "Динамо Кубоги" мусобақасида учинчи ўринни эгаллашди.
Клуб расмий матбуоти хабарига кўра, Минскнинг "Динамо" клуби соврини учун ўтказилган халқаро турнир гуруҳ босқичида 7-ОЗБЎСМ жамоасини 2:0, "Минск"ни 2:1 ҳисобида енгган Асқар Холмуродов шогирдлари 5-БЎСМ билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди.
Шу тариқа гуруҳда пешқадамга айланган "шерлар" чорак финалда "Юность" жамоасидаги тенгқурларини 3:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Ярим финалда Украинанинг "Карпати" клубига 1:3 ҳисобида имконият бой берилди.
Учинчи ўрин учун кечган беллашувда Минскнинг "Динамо" жамоаси ягона гол эвазига доғда қолдирилди. Шундай қилиб, "Пахтакор-2008" навбатдаги халқаро мусобақада ҳам ишончли иштирок этди.
"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Сайфиддин Содиқов турнирнинг энг яхши ярим ҳимоячиси сифатида эътироф этилди.
"Пахтакор" ФК матбуот хизмати.
Фикрлар