"Пахтакор-79" Биринчи лигада иштирок этади, клуб локацияси ўзгарди
“Пахтакор-79” жамоаси 2022 йилги мавсум якунига кўра Биринчи лигада 3-поғонани банд этганди.
Наманган вилоятининг Уйчи тумани номидан мусобақада иштирок этиб келаётган жамоа 2023 йилдан бошлаб ўз локациясини ўзгартирди. Январь ойида юридик шахснинг умумий йиғилиши Ангрен шаҳрига кўчиб ўтиш юзасидан қарор чиқарди ва жамоа “Ангрен Пахтакор-79” сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу борада таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиб бўлинган. Лига мусобақа жадвалида жамоа “Пахтакор-79” номи билан акс этади, қолган ҳужжатларда эса у Ангрен жамоаси сифатида юритилади.
2019 йилда ташкил этилган “Пахтакор-79” бугун ўз молиялаштириш манбааси, тасдиқланган ривожланиш режаси, бош ҳомий билан тузилган шартнома, шунингдек, жамоа уй учрашувларини ўтказадиган стадиони бўйича ҳужжатларни ЎзПФЛга тақдим этди. Эндиликда жамоа уй учрашувларини Ангрен шаҳридаги “Марказий” стадионда ўтказади. Март ойига қадар Лига мутахассислари ўйингоҳдаги ҳолат билан танишади.
Маълумот учун, “Пахтакор-79” жамоаси таъсисчиси сифатида ганалик Келвин Кваси Лого фаолият олиб бормоқда.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар