"Пахтакор-79"нинг кўкка сочилмаган юлдузи ёхуд 70 ёшни қаршилаган Тўлаган Исоқов ҳақида

Бугун кўпчилигимиз “Пахтакор – 79”ни алоҳида хотира билан эслаймиз. Днепродержинск осмонида сочилган Михаил Ан, Владимир Федоров, Равил Агишев, Сергей Покатилов кабилар қатори жамоа мухлислари Тўлаган Исоқовнинг ўйинларини ҳам алоҳида меҳр билан кузатишарди. 1949 йилда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида туғилган Исоқов профессионал футболга илк қадамларини “Пахтакор”да қўйди ва шу ерда якунлади. 1967 йилдан то 1979 йилга қадар у жамоа таркибида 252 та ўйинда майдонга тушиб, 52 та голга муаллифлик қилди.

Таниқли футбол тарихчиси, журналист Владимир Сафаровнинг хотирлашича, Тўлаган Исоқов Янгийўлда туғилган бўлса-да унинг болалиги Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида ўтган. У футболга дастлабки қадамларини айнан шу ердаги “Спартак” стадионида Маъруф Пўлатов мураббийлигида қўйган. У “Пахтакор”да ўтказган йиллари давомида тез-тез жамоанинг ўткир ҳужумларига қўшилиб турар, рақиб дарвозасига муҳим голларни урарди. Унда жамоадошлари билан бир-бирини ўзаро тушуниш бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмасди. Геннадий Красницский, Биродар Абдураимов, Владимир Федоров, Михаил Ан кабилар билан осон тил топиша оларди.

Тўлаган Исоқов Михаил Андан ўнг томонда

1979 йил. Футбол бўйича Собиқ иттифоқ Олий дивизионида “Пахтакор” чемпионатнинг кўплаб гранд жамоаларига анча мунча бош оғриғи туғдирди. 1 мавсум олдин мусобақа жадвалини 11-ўринда якунлаган жамоа кейинги мавсумга катта куч билан киришганди. Украина осмонида авиаҳалокатга учрагунига қадар “Пахтакор” турнир жадвалида 18 та ўйинда 7 та ғалаба 4 та дуранг ва 7 та мағлубият билан турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турганди.

СССР 1979 18-тур

Аслида жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири сифатида “Туля” ҳам (ўша йилларда мухлислар уни эракалаб шундай чақиришарди) учиши керак эди. Аммо чемпионатнинг 10-турида Александр Новиков томонидан товонига етказилган жароҳат сабаб унинг майдонга тушиши масаласи сўроқ остида эди.  Афсуски, Москвадаги ўйин Исоқов учун охирги учрашув сўнггиси бўлиб қолди. Шунинг учун у Минскка ўринбосарлар таркиби билан йўл олди. Аммо афсуски... Ўша вақтларда 30 ёшни қаршилаган ҳужумчи 11 августдаги авиааҳолокатдан сўнг Минскдан Тошкентга қайтиб келди ва шу билан футболчилик фаолиятини ҳам якунлади.

Шундан сўнг қаҳрамонимиз 3 йил Москвадаги мураббийлар Олий мактабида ўқиб келди. Кейинчалик 1982 йилда футбол бўйича Собиқ иттифоқ чемпионатининг иккинчи лигаси 7-зонаси вакили ҳисобланган Андижоннинг “Шаҳрихончи” жамоасини қабул қилиб олди. Аммо мавсум клуб учун у қадар муваффақиятли кечмади: 12-ўрин. Кейинги мавсум эса жамоа янада қуйироқ 17-ўринни банд этди. Шу билан Исоқовнинг ҳам Андижондаги саргузаштлари якунланди. Кейинги бир неча йиллар давомида унга футбол мактаби директорлигини топширишди, Тошкент вилояти Спорт қўмитасида фаолият олиб борди.

1989 йилга келиб, жамоа бошқарувини украиналик Виктор Носов тарк этгач, “Пахтакор” бош мураббийлиги жамоа афсоналаридан бири ҳисобланган Исоқовга топширилди. Ўша йилларда жамоа Собиқ иттифоқ чемпионатининг биринчи лигасида тўп сурарди. “Пахтакор” Исоқов бошқарувида ўтказилган жами 42 ўйинда 16 та ғалаба, 11 та дуранг ва 15 та мағлубият билан 12-ўринни банд этди. Тўлаган Исоқов “Пахтакор”дан кетгач, бир муддат Ўзбекистон футбол федерациясида ҳам ишлади. Кейин Қаршининг “Геолог” (ҳозирги “Насаф”) жамоаси бошқарувини қабул қилиб олди. Ўша йили жамоа жами 38 та ўйин ўтказиб, 8 та ғалаба, 8 та дуранг ва 22 мағлубият билан 24 очко тўплаган ҳолда, 20 та жамоа орасида 19 ўринни банд этди. Шу билан 8 йил бадалига қаҳрамонимиз бирор жамоа бошқарувида кўриниш бермади. Фақатгина 1998 йилда аввалига “Сурхон” кейинчалик эса Навоийнинг “Зарафшон” жамоаларида ишлади. Ўша мавсумни “Зарафшон” 11, “Сурхон” эса 9-ўринда якунлади. Шу билан Исоқов футболдаги мураббийлик фаолиятини ҳам якунлади. 2009 йилда бир муддат Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ишлаганини ҳисобга олмаганда, у шу билан футболга қайтмади.

Бугун Тўлаган Исоқов 70 ёшни қаршилайди. Бу аслида бутун башарият тарихи фонида жуда қисқа муддат бўлса-да, инсон умри учун айни тажрибалар, қарашлар шаклланган ёш ҳисобланади. Агарда Ўзбекистоннни бутун умрга тарк этган Александр Яновский ва Анатолий Могилнийларни ҳисобга олмаганда, Тўлаган Исоқов ўша афсонавий “Пахтакор-79”нинг ягона вакили ҳисобланади.  

Хотира – муқаддас. У орадан қанча йиллар ўтмасин инсон юрагининг қайсидир чеккасида абадий сақланади. “Пахтакор – 79” ўзбек футбол мухлислари учун айни шундай хотира бўлиб қолади. Бугун орамизда тирик афсона сифатида яшаётган Тўлаган Исоқов эса ўша хотиранинг бир қисмидир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!