"Пахтакор" "Байер" ҳамда "Галатасарой"нинг собиқ ҳужумчисига жиддий қизиқмоқда
«Пахтакор» клуби янги мавсумда ўз олдига доимгидек жиддий вазифаларни қўймоқда. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигасида муваффақият қозониш клубнинг асосий мақсадига айланган. Шунга яраша клуб бош мураббийи Шота Арвеладзе таркибни ўтган йилгидан даражада кучайтиришга бел боғлаганлиги кўриниб турибди.
Хабарингиз бор, бунгача «Пахтакор» таркибига Суперлигадаги энг иқтидорли айрим футболчилар жалб этилганди. Шунингдек, юқори савияли легионерларнинг ҳам таклиф этилиши борасида охирги пайтларда гап-сўзлар кўпайганди. Айниқса, Эммануэль Адебайорнинг «Пахтакор» аъзосига айланиши гўёки ҳақиқатга айланиб бораётгандек эди. Бироқ бу хабарни шу кунгача клуб расман тасдиқлагани йўқ. Маълум бўлишича, у «Пахтакор»га келмайди.
Охирги маълумотларга қараганда, «Шерлар» сафига Швейцария терма жамоасида тўп сурган, 12 июнь куни 32 ёшга тўладиган тажрибали ҳужумчи Эрен Дердиюк қўшилиши кутилмоқда ва айни пайтда у билан музокара олиб борилмоқда. Ушбу маълумот бўйича «Пахтакор»нинг спорт директори билан боғланганимизда клуб у билан шартнома тузиш арафасида эканлигини маълум қилди.
Дердиюк мухлисларга яхши таниш футболчи. У фаолиятини Европанинг етакчи чемпионатларида ўтказган. Швейцариянинг гранд клублари - «Олд Бойз» ҳамда «Базель» жамоаларида тўп сурган. Германияда эса «Байер» билан «Хоффенхайм»да самарали фаолият олиб борганини ҳам ишқибозлар яхши эслашса керак. Охирги пайтларда асосан Туркия чемпионатида тўп суриб келаётганди. Аниқроғи, 2014 йилдан бери «Касимпаша», «Галатасарой» ва «Гёзтепе» жамоалари шарафини ҳимоя қилиб келди. Шунингдек, ушбу ҳужумчи кўп йиллар давомида Швейцария терма жамоасида ҳам фаолият олиб боргани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Эътиборлиси шундаки, Арвеладзе ўз вақтида «Касимпаша» клубини бошқарганида Дердиюк унинг қўл остида тўп сурган.
«Пахтакор» таниқли легионерлардан бирини қўлга киритиш орқали таркибини янада мустаҳкамлашни кўзлаётганди. Балки бу юқорида номи келтирилган швейцариялик футболчи – Дердиюк орқали ҳал этилиши мумкин. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.
Фикрлар