"Пахтакор" мураббийи, Кримец ва Рашидов эртанги ўйин олдидан нималар деди?
Хабарингиз бор, эртага Самарқанддаги "Динамо" ўйингоҳида Ўзбекистон Суперкубоги бўлиб ўтади. "Пахтакор" вакиллари иштирокида Ўзбекистон Суперкубогидан олдин матбуот анжумани бошланди. Унда "шерлар" устози Питер Хюистра, ҳимоячи Егор Кримец ва ярим ҳимоячи Сардор Рашидов иштирок этди.
Хюистра: - Жамоамиз ушбу кубокни ҳали қўлга киритмаган. Биз эртага ушбу бўшлиқни тўлдиришни истаймиз. Мақсадимиз ғалаба қозониб, совринларимиз сонини ошириш.
Рашидов: - Самарқандга Суперкубокни ютиш учун келдик. Ўзим ҳам биринчи марта унда иштирок этаман.
Кримец: - Янги мавсумни ижобий ҳиссиётлар билан бошлашни хоҳлаймиз. Мухлислар биздан соврин кутишмоқда. Буни амалга оширишни истаймиз.
Рашидов: - "Пахтакор" ўтган йили Чемпионлар Лигасида ажойиб ўйин кўрсатди. Энди жамоа учун бор кучим билан ўйнаб, муваффақиятларга эришишга умид қиламан. Мавсумда бизни ички ва халқаро мусобақалар кутмоқда.
Хюистра: - Ўйинчилар кетиши ва келиши одатий ҳол. Бунга тайёр туриш керак. Ҳамробеков яхши савиядаги футболчи, лекин таркибимизда яхши савияли футболчилар етарли. Суперкубок мавсумга қай даражада ҳозирлигимизни кўрсатади.
- Рақибда ҳам бир неча ўзгаришлар рўй берди. Мавсумга тайёргарлик жараёнида бир неча ўйинларини кўрдим. Таркиб ўзагини сақлаб қолишди. Ўйин услуби ўзгармаган. Улар жиддий қаршилик кўрсатиб, жипс футбол намойиш этишади.
Рашидов: - Жамоам учун ёрдам беришга уринаман. Рақиб мухлислари сизга гапириши ёки танқид қилиши мумкин, аммо мен клубим учун меҳнат қиламан. Жамоам ишқибозлари мендан яхши ҳаракатлар кутишади.
Кримец: - Ҳимояда кўп йиллар ўйнаганда ҳужумчилар жуссасига қараб ўйнаш тажрибасига эга бўласиз. Ҳар бир рақиб услубини ўрганиб чиқиб, шунга яраша чора кўрамиз.
Хюистра: - Ўйинчилар ҳар хил бўлади. Вазифам улар орасида боғламни тезроқ шакллантириш ва яхши ўйин кўрсатишга уриниш. Бу ўзига хос бошқотирма, ундан чиқиб кетишга интиламиз.
Фикрлар