"Пахтакор" собиқ легионери Оливер Шаркич: Кетишим - Шацкихнинг қарори бўлган, агар Суперлигадан яна таклиф тушса... (интервью)
Мавсум аввалида "Пахтакор" ўз сафига легионер Оливер Шаркични қўшиб олганди. Аммо у давралар оралиғида жамоани тарк этди. SPORTS.uz сайти футболчи билан боғланиб, шу ва бошқа мавзуларда унинг фикри билан қизиқди.
- Хайрли кун, Оливер. Биламизки, сиз фаолиятингизни асосан, Европада ўтказгансиз. Осиё сиз учун янги имконият эди. Айнан нима сабабдан "Пахтакор"ни танлагандингиз?
- Клуб менга қулай шартнома таклиф қилди. Менга улар юборган таклиф маъқул келди. Шунингдек, жамоанинг Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиши ҳам шундай қарорга келишимга сабаб бўлди.
- Сиз ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳамда ҳужумчи сифатида тўп тепасиз. Аммо сизга "Пахтакор"да етарлича имкон берилмагандек. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Мен 4 та ўйинимни ҳужумчи сифатида ўтказдим. Учтаси Суперлига доирасида, яна биттаси "Насаф"га қарши ўртоқлик ўйинида. Бешта гол уришга муваффақ бўлдим. Мен нафақат ҳужумда, балки кўплаб чизиқларда ҳаракатлана оламан.
- Тошкентга қандай мақсадлар билан келгандингиз?
- Жамоа билан совринлар қўлга киритиш. Асосий мақсадим шундан иборат эди. Клуб амалдаги чемпион эканини билардим. Шу сабабли, ғолибликни ҳимоя қилишни истагандим.
- Ўзбек футболи ҳақида қандай фикрдасиз? Бир қарашда қандай яхши ва ёмон тарафлар кўзга ташланди?
- Юртингизда иқтидорлар жуда кўп. Ёшлар футболи ажойиб тарзда шаклланиб бормоқда. Буни алоҳида эътироф этган бўлардим. Ёмон тарафларга келсак, мухлислар мен ўйлагандан кам экан. Стадионларда ишқибозларни кўпайтириш керак, деб ўйладим. Қўллаб-қувватлаш йўқ эмас, тўғри. Аммо ўйингоҳдан туриб мухлислик қилишга тенг келмайди барибир.
- "Пахтакор"дан кетишингизга ким ёки нима сабаб бўлди? Ёки бошқа муаммолар бормиди?
- Мураббий шуни хоҳлади. Бошқа сабабларни билмайман. Шацких шу қарорга келганини айтишди. У билан ҳам, Войнецки билан ҳам ҳеч қанақа муаммо бўлмаган.
- Ҳозир қандай режаларингиз бор? Агар Суперлига клубларидан таклиф тушса, уни қабул қилармидингиз?
- Агар таклиф менга маъқул келса, қайтишим мумкин. Суперлигада яна ўйнашга қарши эмасман. У ерда кўплаб дўстлар орттиришга ҳам улгургандим.
Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.
Фикрлар