“Пахтакор” ва “Насаф” ўртасидаги Суперкубок учрашуви қачон бўлади? Аниқлик киритамиз!
Хабарингиз бор, мавсум бошида Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳс ўтказилади. Унда мамлакат чемпиони ва кубок эгаси тўқнаш келиши белгилаб қўйилган. Ўйин бу сафар тахминан чемпионатнинг 3-турига келиб бўлиб ўтиши кутилаётган эди. Якунда, режалар бироз ўзгариб кетди. Шу сабабли ЎзПФЛ вакили – Зоҳиржон Акрамхоновга мурожаат қилдик ва бу беллашув борасидаги барча саволларимизга жавоб олдик.
Ўзбекистон Суперкубоги масаласида саволлар йиғилиб қолди. Кўплаб ишқибозлар учрашув айнан қайси санъада бўлиб ўтиши ҳақидаги расмий маълумотни кутмоқда.
- Биз айни дамда Суперлига, Про лига, Биринчи лига ўйинларининг санаъаларига аниқлик киритишга муваффақ бўлдик. Тез кунларда бу беллашувнинг ҳам аниқ вақтини эълон қиламиз. Катта эҳтимол билан, йил ўртасида, яъни ёзда ўтказилади. ОФКда ўзгарган календар, “Насаф”нинг ОЧЛ плей-оффидаги иштироки сабабли чемпионат аввалида бу ўйинни ўтказишнинг имкони бўлмади. Жуда зич жойлашган Суперлига тақвимини ҳам бузиб қўйишни истамадик. Яқиндагина кубок ўйинларининг саналарини аниқлаштирдик. Энди, кубок ва чемпионат ўйинлари йўқ кунни топиб, Суперкубок баҳсининг санъасини расман эълон қиламиз.
Демак, ёз ойларига тўғри келар эканда?
- Худди шундай. Агар биз тузган тақвимга эътибор қаратсангиз, апрель ва май ойларида бирорта бўш кун йўқ. Деярли ҳар куни Суперлига, Про лига ва кубок баҳсларини ўтказамиз. Бизга ҳам бу беллашувни ортга суриш ёқмаяпти, аммо шунга мажбур бўлдик. Ҳар томондан ички биринчилик тақвимига ўзгартириш киритилишига мажбур бўлганимиз боис, ҳозирги ҳолатга келтириб олиш учун ҳам анчагина меҳнат сарфладик. Мавсум бошланмасдан аввал “Насаф” халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Бунақаси камдан кам бўлади, аммо жорий мавсумда шундай қилишга тўғри келди. Биз бу ўйинни февраль ойига белгилай олмас эдик. Ўзбек клубининг имкон қадар узоқроққа боришини истадик. Агар қишда ўтказмоқчи бўлсак, бу худди “аждарлар”нинг енгилишини кутаётгандек таассурот қолдирар эди. Бу жамоатчилик олдида ҳам ғалати бўларди.
Ўзи умуман, Суперкубок форматини янада ривожлантириш борасида ЎзПФЛда режалар борми? Ҳар ҳолда, дунё футболида формат тобора ўзгармоқда бундай турнирлар учун.
- Бу ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Агар разм солиб қарасангиз, жаҳон футболида турнирларнинг формати кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон чемпионати иштирокчилари сони ортяпти, бир неча йилдан сўнг ЕЧЛда гуруҳ босқичи бўлмайди, Осиё Чемпионлар лигаси тез орада умуман бошқача кўриниш олади. Суперкубокларда ҳам худди шундай ҳолат аск этмоқда. Айрим Европа мамлакатлари Суперкубок ғолибларини 2 эмас, 4 жамоа ўртасидаги ўйинлар орқали аниқламоқда. Балки, биз ҳам келаси мавсумдан шу форматга ўтармиз. Бу йил улгурмаслигимиз аниқ.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев сухбатлашди
Фикрлар