"Пахтакор" харид қилган черногориялик ҳимоячи ҳақида нималарни биламиз?

Тошкентнинг "Пахтакор" клуби иккинчи даврага қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Клуб бош мураббий Славче Войнескини истеъфога чиқарди. Сўнгра ўзбек футболи афсонаси Максим Шацкихни бош мураббий этиб тайинлади. Собиқ футболчи бошчилигида "шерлар" етакчи футболчилар билан шартномани узайтирди. Кетишни истаган ёки кетиши керак бўлган ўйинчилар жамоани тарк этди. Шу билан бирга, пойтахт жамоаси янги футболчилар трансферида ҳам фаоллик кўрсатмоқда. 

Бугун "шерлар" Черногория терма жамоасида 3 ўйин ўтказган, Европанинг турли клубларида ўйнаган Илия Мартинович трансферини эълон қилди. Хўш, биз у ҳақда нималарни биламиз? Шу фурсатдан фойдаланиб, биз унинг фаолияти, қўлга киритган ютуқлари, умумий статистикаси каби жиҳатларни сиз азиз мухлислар учун тақдим этишга қарор қилдик.

илия

Илия Мартинович 1994 йил 31 январда Черногориянинг Цетине шаҳрида таваллуд топган. Футболчилик фаолиятини маҳаллий "Ловчен" жамоасида бошлаган. 2013 дан 2017 йилга қадар (2013-2014 йиллар оралиғида "Цетине"да ижара асосида ўйнаган) у шу жамоа аъзоси сифатида тўп тепган. 2017 йилда унинг "Ловчен" билан шартномаси якунига етади. Шу тариқа, Илия Словения чемпионатига йўл олади. У эркин агент сифатида "Алюминий" клуби билан шартнома имзолайди. У ерда ҳимоячи 3 мавсум ҳаракат қилади. Афсуски, ўтказилган 63 баҳсда у бирорта гол уришга муваффақ бўлмаган. Бироқ марказий ҳимоячи учун гол уриш жуда муҳим ҳисобланмаслигини инобатга олсак, бу фожиавий натижа эмас.

2020 йилда у яна эркин агентга айланади. Бу сафар Словениянинг етакчи жамоаларидан бири "Марибор" қаҳрамонимизни ўз сафига чорлайди. Мартинович бу таклифга розилик билдиради ва "Марибор" футболчисига айланади. Бу жамоа сафида у ўтган йили конференциялар лигаси саралаш босқичида иштирок этди. Ўтказилган 3 та беллашувда черногориялик ҳимоячи 2 ғалаба ва 1 мағлубиятни қабул қилиб олди. Қайд этиш лозим, у фаолияти давомида 200 та ўйинда иштирок этган. Ушбу беллашувларда "шерлар"нинг янги аъзоси ўз ҳисобига 5 гол ва 52 сариқ карточкани ёздириб қўйган.  

черногор

Мартинович фаолияти давомида Черногория терма жамоасида ҳам ўйинлар ўтказишга муваффақ бўлган. У дебютини 2021 йил 27 март санасида Гибралтарга қарши баҳсда нишонлаган. Жаҳон чемпионати саралаши доирасида бўлиб ўтган ўша баҳсда қоратоғликлар йирик 4:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Илия майдонда 13 дақиқа ҳаракат қилади. Шундан сўнг футболчи терма жамоанинг яна 2 учрашувида майдонга тушади. Босния ва Герцеговина ҳамда Исроилга қарши кечган беллашувлар қаҳрамонимиз учун омадли якунланмади. Босния билан нурсиз дуранг қайд этилган бўлса, Исроилга 3:1 ҳисобида мағлубиятга учралди. Шу тариқа, марказий ҳимоячи терма жамоада бошқа кўриниш бермади. Унинг ҳозир 28 ёшда эканини ҳисобга олсак, "Пахтакор" сафида ишончли ўйинлари сабаб Илия яна терма жамоага чақирилиши мумкин. 

Мартинович "Пахтакор"га Украина клубидаги ўхшамаган саргузаштидан сўнг келиб қўшилди. У шу йилнинг март ойида "Черноморец" жамоаси билан шартнома имзолаган эди. Аммо июнда футболчи клуб билан келишувни бекор қилишга мажбур бўлди. Сабаби, мамлакатда юз бераётган нотинчликлар ҳимоячига маъқул келмади ва у бошқа чемпионатга ўтишни лозим топди. Ўша бошқа чемпионат Ўзбекистон Суперлигаси бўлиб чиқди. Футболчи эркин агент сифатида мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони "Пахтакор" билан шартнома имзолади. Келишувга кўра, у 2023 йил 31 декабрга қадар "шерлар" вакили сифатида тўп тепади. 

Юқорида биз янги легионер ҳақида бор маълумотларни сиз билан бўлишишга ҳаракат қилдик. Унинг фаолияти, ҳалқаро майдондаги тажрибаси ва бошқа чемпионатлардаги натижалари ҳавас қиларли даражада бўлмаса ҳам, ёмон дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Умид қиламизки, черногориялик истеъдод соҳиби чемпионатимизга яхши мослашиб кетади. Биз унга омад ва зафарлар ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.

 

 

Шоҳрух Зоиров мақоласи. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!