Ads

Тбилисининг "Динамо" жамоасида узоқ йиллар ўйнаган, "Пахтакор" шарафини 1979-81 йиллар оралиғида ҳимоя қилган грузиялик футболчи Зураб Церетели ҳақида фильм суратга олинмоқда. Церетели 1979 йил 11 августдаги авиаҳалокатдан сўнг ўша пайтда ўйнаётган жамоаси "Торпедо" Кутаисидан "Пахтакор"га кўчиб ўтганди.

Тасвирга олиш ишлари билан шуғулланаётган ижодий гуруҳ жамоаси футболчининг қизи Анна Церетели ҳамда Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Зураб Абдушелишвили бошчилигида "Пахтакор" футбол клуби бош директори Дмитрий Адисман билан учрашишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

sereteli1

Унда фильм суратга олишдан ташқари ҳар икки юрт футболидаги боғлиқликлар тўғрисида сўз юритилди. Маълумки, Тбилисининг "Динамо" жамоаси 1964 йил "Пахтакор" стадионида ўтган "олтин" учрашувда СССР чемпионатидаги илк чемпионлигини нишонлаган. Қолаверса, "Пахтакор" сафида яқин йилларда ҳам грузиялик футболчилар фаолият олиб боришди, айни пайтда жамоани Шота Арвеладзе бошқармоқда.