"Пахтакор"нинг пешқадамлиги ва "Қўқон-1912"нинг аутсайдерлиги остида давом этаётган Суперлига

Ёзги тайёргарлик жараёнлари ҳам якунига етиб, Суперлиганинг иккинчи давра баҳслари ҳам бошланди ва дастлабки иккита тур ортда қолди. Айтиш мумкинки, эндиликда иккинчи давра барча жамоалар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жамоалар ўз имкониятига қараб таркибда селекция ишларини олиб боришди. Ёзги «репетиция» тугаб, ҳамма яна «саҳнага» қайтди дейиш мумкин. Биз эса иккинчи давранинг дастлабки иккита туридан сўнг жамоаларнинг ҳолати ва имкониятлари ҳақида сўз юритамиз.

“Пахтакор” чемпионлик учун одимлашда давом этмоқда

“Пахтакор” клуби чемпионлик учун катта қадам ташлашда давом этяпти. Кутилганидек, Шота Арвеладзе жамоаси иккинчи даврани ҳам ғалабалар билан бошлашди. Аввалига Тошкентда “Қўқон-1912” 3:1 ҳисобида таслим этилди. Сўнгра, Навоийда “Қизилқум”га қарши кечган учрашувда “Шерлар” рақибини яна бир бор “ғажиб” ташлади. Бу сафар “Пахтакор” жавобсиз бешта гол урди. Ёдингизда бўлса, биринчи даврада Тошкентда ўтган учрашувда мезбонлар “Қизилқум”ни 8:0 ҳисобида тор-мор келтирганди. Шубҳа йўқки, “Пахтакор” бугунги кунда чиндан ҳам ҳаммадан кучли клуб бўлиб турибди. Арвеладзе эса ўз жамоасини бундай кўринишга келтириши учун салкам уч йил вақт сарфлашига тўғри келди. Эътибор берган бўлсангиз, биринчи даврадан кейин бош мураббий таркибда у қадар ўзгаришларга қўл ургани ҳам йўқ. Чунки ўзи шундоқ ҳам “Пахтакор”нинг таркиби деярли мукаммал кўринишга келиб улгурганди. Шу боис “Локомотив”дан Ҳусниддин Ғофуров таклиф қилинди. Ўзбекистондаги аксарият кучли ўйинчилар ҳозирда “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилишмоқда. Очиғи, бу йил “Пахтакор”нинг чемпионликни қўлга киритишида кўпчиликда шубҳа йўқ.

пахтакор_1

Бабаян бошчилигидаги “Локо” чемпионлик учун курашдан четга чиқдими?

Самвел Бабаян “Локомотив” клуби бош мураббийи этиб тайинланганидан кейин чемпионатдаги интрига янада кучайиши кутилаётганди. Айниқса, иккинчи даврада чемпионлик учун курашда “Локомотив” ҳам фаолликни ошириши тахмин қилинганди. Лекин буни қарангки, иккинчи давранинг бошланишиёқ чемпионлик учун курашдаги интригани гўёки йўқотгандек. Боиси, Бабаян жамоаси Жиззахда “Сўғдиёна”га ютқазгач, “Пахтакор” билан очколар ўртасидаги фарқ 11 тага етди. Афтидан, Самвел Бабаяннинг “Локомотив”га ўзининг ўйин услубини мослаштириши учун анча вақт керакка ўхшайди. Бу орада эса маълум очколар йўқотилиши ҳам мумкин. Устига-устак бугунги кунда “Пахтакор” яхши спорт формасида ва бу жамоани тўхтатиб қолиш унинг рақиблари учун катта қийинчилик туғдирмоқда. Кўриб турганингиздек, “Пахтакор” рақиблар дарвозасига керак бўлса ўзи истаганча гол ҳам урмоқда. Бундай вазиятда эса “Локомотив”нинг очко йўқотиши “Шерлар” учун ҳам айни муддао бўлмоқда. Тўғри, олдинда яна 11 та тур бор. Лекин ўртадаги 11 очколик фарқнинг йўқолишига ишониш қийин бўлмоқда.

“Қалдирғочлар”нинг парвози яна бошланаётгандек...

Мавсум бошида турли қийинчиликларга дуч келган “Бунёдкор” айни пайтга келиб ўзини анча тиклаб олгани қувонарли, албатта. Бу жамоа ёзги йиғинни Белоруссиянинг Минск шаҳрида олиб борди. Эътиборлиси, Суперлигадаги бошқа ҳеч бир клуб хориж йиғинини ташкил этгани йўқ. Бош мураббий Вадим Абрамов эса жамоасининг ёзги йиғинидан қониққанини алоҳида айтганди. Бунга исбот сифатида “Бунёдкор”нинг иккинчи даврани ғалабалар билан бошлаганини айтиш мумкин. Ўз майдонида “Динамо” ҳамда “Сурхон” жамоаларини енгиш “қалдирғочлар” учун катта муаммо туғдиргани йўқ. “Бунёдкор” бирига тўртта, иккинчисига эса учта гол урди. Жамоадаги иқтидорли футболчилар эса Абрамовнинг ғоя ва услубини яхши ўзлаштириб боришмоқда. Натижада бошида кўпчилик томонидан ҳисобдан чиқариб юборилган “Бунёдкор” яна кимлигини эслатиб қўймоқда. Натижада ушбу клуб мисолида чемпионатимиздаги интрига яна кучаяётгандек. Бунинг устига Вадим Абрамов ҳам камтарона таркибдан қандай жамоа ва ўйин ташкил қилишини барчага кўрсатиб қўймоқчи кўринади.

бунёдкор_1

Ўйин чизгиси ўзгармаётган “Насаф”

“Бунёдкор”даги вазиятни “Насаф” билан ҳам ўхшатиш мумкин. Негаки, мавсум бошида қаршиликлар сафида ҳам ўзгаришлар бўлди, етакчилар кетишди. Таркиб асосан ёш ва маҳаллий тарбияланувчилар ҳисобига тўлдирилди. Молиявий томондан ҳам муаммолар жиддий эди. Энди клубда олдингидек тажрибали ёки номи чиққан футболчилар йўқ эди. Шунга қарамай, у ерда клуб академияси ва энг муҳими Рўзиқул Бердиев бор. Шу боис “Насаф” турли қийинчиликларга қарамасдан ҳамон ўз мавқеини йўқотмасдан келмоқда. Бердиев у ерда шундай жамоани яратганки, қанча футболчи келиб кетмасин барибир “Насаф”нинг ўйин чизгиси сира ўзгармайди. Кўпчилик эса Бердиев ёшлар билан қийинчиликларга учрашини ўйлашганди. Бироқ улар шундай ўйинлар кўрсатишяптики, ҳали ҳамон совринли ўринлар учун курашишмоқда. Тўғри, “Насаф” охирги турда Қаршида “Металлург”га ютқазиб қўйди. Лекин бундай мағлубият жамоанинг шаштини синдира олмайди. Асосийси, клубдаги ёш футболчилар бош мураббий қўл остида янги кашфиётлар сифатида етишиб чиқишмоқда. Натижада эртага улар яна футболимиз учун фойда келтирадиган даражага етишиб чиқадилар. Шундай экан, тўғри йўналишга тушиб олган “Насаф” ва Рўзиқул Бердиевдан ҳали кўп сюрпризларни кўрсак ажаб эмас.

локомотив

Ўзидан яхши таассурот қолдираётган Улуғбек Бақоев ва “Сўғдиёна”

Чемпионатимиздаги ёш мураббийлар орасида гап кетганда Улуғбек Бақоевга алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. У “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида ишга киришгач, жиззахликларни рақобатбардош жамоага айлантираётгани қувонарлидир. Ёзги танаффус чоғида “Сўғдиёна” селекция ишларида пухта иш кўришга ҳаракат қилди. Айниқса, Жасур Ҳасанов ва Иван Нагаев каби футболчиларнинг таклиф этилгани шубҳасиз жамоа ўйинини кучайтирмоқда. Бақоев бу сафарги селекцияда сонга эмас, балки сифатга эътибор қаратгани сезилиб турибди. Шу билан бирга у ўзининг мураббийлик салоҳиятини ҳам намойиш эта олмоқда. Натижада футболчилар унинг кўрсатмалари асосида ўйин кўрсатиб, мухлисларини хушнуд этмоқда. Эътибор беринг, “Сўғдиёна” иккинчи даврани 100 фоизли натижа билан бошлади. Аввалига ўз майдонида чемпионлик учун курашаётган “Локомотив”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Айтиш жоизки, “Локо” устози Самвел Бабаян Суперлигадаги илк мағлубиятини айнан Жиззахда қабул қилиб олди. Оқибатда уларнинг чемпионлик учун курашдаги имкониятлари тушиб кетди. Бунга эса Бақоев ва “Сўғдиёна” сабабчи эканлигини унутмаслик керак. Шундан сўнг жиззахликлар Қўқонга сафар уюштиришди. Очиғини айтганда, ушбу беллашувда охирги ўринда бораётган “Қўқон-1912”га ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди ва кўпчилик бу сафар мезбонларнинг ғалабасини тахмин қилганди. Лекин ўйиндан аввал бир ҳамкасбим ушбу жуфтликда “Сўғдиёна” камида дуранг ўйнаши ёки ютиб кетиши ҳақида фикр билдирганди. Чунки бугунги кунга келиб Улуғбек Бақоев яхши жамоа шакллантира олганини алоҳида таъкидлаганди. Чиндан ҳам жиззахликлар Қўқонда мураббийнинг режаси асосида ўйин кўрсатишди ва натижада якунда қимматли уч очкога эга бўлишди. Кўриниб турибдики, “Сўғдиёна” жамоаси ҳали барча жамоаларга муаммолар туғдирадиган даражада.

сугдиёна

-5 очколик зарар билан бошлаган “Навбаҳор”

Афсуски,  ўз олдига катта мақсадларни қўйган “Навбаҳор” совринли ўринлар учун курашишдаги имкониятларини пасайтириб бормоқда. Улар иккинчи даврани -5 очколик зарар билан бошлашди. Аввалига ўз уйида кутилмаганда “Қизилқум”га ютқазиб қўйишди. Кейин сафарда “Бухоро” билан нурсиз дуранг ўйнашди. Очиғи, “Навбаҳор” устози Деян Журжевичнинг ўйин услубига мослашиши футболчилар учун осон кечмаяпти. “Қизилқум”га бой берилган ўйиндан кейин эса сербиялик мутахассис айнан биз кутган жавобларни айтди . Яъни, у жамоасининг ўйин услубига мослашиши учун вақт кераклигини айтди. Аслида бу олдиндан маълум эди. Шунингдек, Жозе Моуриньо яхши жамоа тузиш учун камида икки йил вақт керак бўлади, деган гапни ҳам орада қўшиб ўтганди. Журжевичнинг бундай гапларидан хулоса қилиш мумкинки, ундан мўъжиза кутиб бўлмайди. Ёзги йиғинда ўзи истаганчалик жамоани шуғуллантирди, селекция ишларини олиб борди. Бироқ жамоа етакчиси бўлган Остон Ўруновнинг нима учун рақобатчиларидан бири бўлган “Локомотив”га қўйиб юборилгани тушунарсиз бўлди. Ўзи шундоқ ҳам Журжевичга Ўрунов каби футболчилар керак эди. Аммо у Остонни “Локо”га кетишига рози бўлди. Тўғри, Азиз Турғунбоев ярим йиллик дисквалификациядан сўнг қайтди. Аммо барибир биринчи даврада ўйнамагани ўз таъсирини кўрсатмоқда. Натижада ҳозирча унинг майдонда бор-йўқлиги ҳам билинмаяпти. Ҳозирги пайтда эса “Навбаҳор”га Остон Ўруновдек жангчи футболчи етишмаётгани яққол кўриниб турибди. Қолаверса, “Навбаҳор”нинг биринчи даврадаги таркиби ҳозиргисига қараганда кучлироқ кўринганди. Деян Журжевич ўзининг ўйин услубини мослаштиргунича мавсум тугаб қолмаса бўлди эди...

навбаҳор

“Сурхон”нинг ўйинида мазмун кўринмаяпти

“Сурхон”да нималар бўлмоқда? Мураббийларни алмаштиравериш орқали кўзга ташланиб бораётган термизликлар аслида нимани мақсад қилишгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Биринчи даврада ишлари бинойидек кетаётган бир маҳалда бош мураббийни ўзгартиришди ва Бахтиёр Ашурматовни олиб келишди. Ёзги йиғинда эса у жамоа билан астойдил ишлади, таркибда ҳам жиддий ўзгаришларга қўл урди. Лекин футболда доим ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради. Аксига олиб, “Сурхон” “Насаф”га уйда ҳам сафарда ҳам ютқазди ва бу ўйинлар Ашурматов бош мураббийлиги остида содир бўлди. Лекин бир ой ишлаб-ишламай туриб, мураббийни истеъфога чиқариш очиғи тушунарсиз. Натижада “Сурхон”нинг ўйинида парокандалик кузатилаётгандек. Масалан, “Бунёдкор”га қарши баҳсда термизликлар 0:3 ҳисобида ютқазишган ўйинда жамоанинг ўйинида мазмун кўринмади. Мураббий алмашгани футболчиларга ҳамда жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатгани яққол кўриниб турганди. Хўш, клубга яна янги бош мураббий олиб келинадими ёки йўқми? Буни вақт кўрсатади.

сурхон_1

“Металлург” ўзига келганга ўхшайди

Биринчи даврада кутилган ўйин ва натижани кўрсата олмаган “Металлург” иккинчи даврани ажойиб тарзда бошлади. Дастлаб ўз уйида АГМКни 2:1 ҳисобида енгган бўлса, Қаршида “Насаф” устидан ҳам худди шундай ҳисобда ғалаба қозонди. Айниқса, “Насаф”нинг майдонида уч очко билан қайтиш анча-мунча жамоанинг қўлидан келмайди. Лекин бу сафар бекободликлар устози Андрей Шипилов “аждарлар”ни енгиш йўлини топа олди. Қолаверса, у ёзги йиғин чоғида деярли селекция ишларида ўзгаришларга қўл ургани ҳам йўқ. Асосан биринчи даврадаги футболчиларга ишонч билдиришда давом этмоқда. Улар эса ўтган вақт давомида мураббийнинг услубини яхшигина ўзлаштириб олдилар. Шу боис Шипилов таркибда ўзгариш қилмасдан мақсадига ҳозирги футболчилар билан эриша олишига ишонди. Энди эса биринчи даврадаги айрим салбий натижалар тасодиф бўлганини иккинчи даврада исботлашга тушдилар.

металлург_1

Даврон Файзиевнинг ташвиши ўринли бўлиб чиқди

Биринчи давра қаҳрамонларидан бирига айланган “Динамо” клуби учун иккинчи давра омадсиз бошланди. Очиғи, жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев иккинчи давра “Динамо” учун жуда қийин бошланишини олдин ҳам айтиб ўтганди. Чунки ҳар қандай жамоа учун кетма-кет “Бунёдкор” ҳамда “Локомотив” майдонида ўйин ўтказиши осон эмас. Афсуски, самарқандликлар иккала учрашувда ҳам имкониятни бой беришди. Бироқ “Динамо” ўйин бўйича ёмон таассурот қолдирмади. Барибир Даврон Файзиевнинг жамоасида нимадир борлиги кўриниб турибди. У ёзги йиғин чоғида ҳам таркибида катта ўзгаришларга қўл ургани йўқ. Асосан қўлидаги бор “материаллардан” фойдаланишда давом этмоқда. Кўпчилик эса “Динамо”нинг иккинчи даврани мағлубиятлар билан бошлагани жамоанинг руҳиятига салбий таъсир ўтказмаслигини айтишмоқда. Чунки бунга Даврон Файзиевнинг йўл қўймаслигига ишонишади.  

динамо

“Навбаҳор”ни уйида ютиб, Навойида яна

қақшатгич мағлубиятга учраган “Қизилқум”

Ёзги тайёргарлик жараёнида “Қизилқум” таркибида ҳам эътиборга молик ўзгаришлар кузатилди. Жамоани бир қатор етакчилар тарк этишди. Уларнинг ўрнига эса легионерлар олиб келинди. Тўғриси, иккинчи давранинг илк турида Наманганда “Навбаҳор” устидан ғалаба қозониши кўпчилик томонидан кутилмаган натижа сифатида қайд этилди. Чиндан ҳам ўша куни “Қизилқум” яхши таассурот қолдирди. Бироқ шундан сўнг ўз майдонида “Пахтакор” билан кечган баҳсда “Қизилқум” яна биринчи даврадаги каби “сочилиб” кетди. Бу сафар Ҳамиджон Актамов жамоаси ўз майдонида жавобсиз бешта гол ўтказиб юборишди. Лекин дастлабки иккита ўйиндан уч очкони қўлга киритгани чакки эмас. Барибир уларнинг “Навбаҳор” майдонида ғолиб бўлишгани мақтовга сазовор. Шунчаки “Пахтакор” билан баҳсда навоийликларнинг рақибдан ҳар жиҳатдан кучсизлиги яна бир бор билиниб қолди. Бу мағлубият жамоа аъзоларига қанчалик таъсир кўрсатишини эса кейинги ўйинларда билиб оламиз.

АГМКнинг муваффақиятсизлиги қачон барҳам топади?

АГМК яна ҳайрон қолдиришда давом этяпти. Биринчи даврани жуда омадсиз ўтказган Миржалол Қосимов жамоаси иккинчи даврага тайёргарлик кўриш жараёнида таркибни яхши савиядаги ўйинчилар билан тўлдиришди. Элгужа Григалашвили, Эркин Бойдуллаев ва яна янги легионерлар ҳам жалб этилди. Кўпчилик эса АГМК энди ўйинини топиб олади деб ўйлашди. Лекин ҳали чучварани хом санаган кўринамиз. Аввалига Бекободда “Металлург”га ютқазишган бўлса, ўз майдонида “Андижон” билан ўтказилган учрашувда аранг мағлубиятдан қутулиб қолишди. Натижада йил бошида совринли ўринлар учун курашиши айтилган олмалиқликлар ҳали ҳамон пастки ўринлардан бирида қолиб кетмоқда. Борган сари эса жамоа босим остида қолиб кетмоқда. Чунки уларнинг ғалаба қозониши негадир катта қийинчиликка айланиб бормоқда. Ваҳоланки, бу клубда молиявий томондан ҳеч қандай муаммо йўқ. Аслида эса шундай клубларимиз борки, улар молиявий тарафдан қийинчиликларга дуч келишса-да, ҳозирда АГМКдан юқори ўринларда боришмоқда. Тезроқ Миржалол Қосимов вазиятни ўнгламаса бўлмайди. Аслида бундай таркиб билан жамоа юқори ўринларда бўлишга муносиб.

агмк

Александр Хомяков “Андижон”ни ўзгартира оляпти!

“Андижон” жамоаси иккинчи даврани мағлубиятсиз бошлади. Ўз уйида “Бухоро”ни 2:0 ҳисобида енгишган бўлса, сафарда АГМК билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Аммо бу дуранг андижонликлар учун жуда аламли бўлди. Агарда ҳисоб 2:0 бўла туриб, якунда меҳмонлар иккита гол уришганида мағлубиятдан қутулиб қолишди десак бўлаверарди. Лекин бундай бўлгани йўқ. Иккинчи бўлимда Александр Хомяков жамоаси бирин-кетин иккита гол уриб 0:2 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Аммо учрашув охиригача меҳмонлар ўз дарвозасидан иккита гол ўтказиб юборишди ва муҳим ғалабани қўлдан чиқариб юборишди. Шундай бўлса-да, жамоа ўйинида иккинчи даврага келиб ижобий ўзгаришлар бўлаётгани билиниб турибди. Селекцияда эса таркибга 5-6 нафар футболчилар қўшиб олинди. Муҳими, бош мураббий тажрибали ва у футболчиларга нимани хоҳлаётганини етказиб бера олмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, охирги пайтларда андижонликларнинг гол уриш борасидаги сермаҳсуллиги ҳам ортиб боряпти. Кўриниб турибдики, “Андижон” Хомяков бошчилигида нимагадир умид қилса бўлади.

андижон янги

Муҳсин Муҳаммадиевга “Бухоро”да ҳали иш кўп шекилли...

Биринчи давра охирларида жамоани қабул қилиб олган Муҳсин Муҳаммадиевнинг кучига иккинчи даврада баҳо берилиши айтилганди. Боиси, у клубга келган маҳалда ўйин издан чиққан ва муҳит ҳам яхши эмасди. Бундай паллада эса исталган мураббийга оғир бўларди. Муҳаммадиев биринчи даврадан кейин таркибда ўзгаришларни амалга оширди. Янги ўйинчилар ва легионерлар олиб келинди. Айниқса, канадалик ҳимоячи Милован Капор ўзидан яхши таассурот қолдирмоқда. Лекин ҳозирча ҳамма ўйинчиси ҳақида ҳам бундай фикр билдира олмаймиз. “Бухоро” Андижонда 0:2 ҳисобида ютқазган бўлса, ўз уйида “Навбаҳор” билан дуранг ўйнади. Ҳозирча иккита ўйинда ҳам гол уришгани йўқ. Наманганликларга қарши учрашувда эса “Бухоро” ғалабага лойиқ ўйин кўрсатмади. Жамоа ўйинида пала-партишлик ва тушунарсиз ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Футболчилар ҳали бир-бирларини яхши тушуниб олишганича йўқ. Шу боис Муҳаммадиев ҳали кўп ишлашига тўғри келади. Акс ҳолда “Бухоро”нинг лигада жон сақлаб қолиши қийин бўлиб қолади. Яна бир гап: Муҳсин Муҳаммадиев «Андижон»га қарши учрашувда майдоннинг ҳолати бўйича шикоят қилганди ва гўёки буни мағлубият учун сабаб қилиб кўрсатганди. Бироқ “Бухоро” ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги учрашувни кўрдикки, бухороликларнинг майдони ҳам бу борада андижонликларнинг майдонидан қолишмас экан. Энг қизиғи, Муҳаммадиев бу ҳақида лом-мим дегани йўқ. Қайтанга, бу сафар у жамоасининг ғалаба қозона олмаганини об-ҳавонинг иссиқлиги билан изоҳлади.

Бухоро2

“Қўқон-1912” қуйига шўнғишда давом этмоқда

“Қўқон-1912” биринчи даврани жуда омадсиз ўтказганди. Маҳаллий мухлислар эса иккинчи даврадан умид қилиб туришганди. Бироқ аксига олиб қўқонликлар учун иккинчи давранинг дастлабки иккита учрашуви ҳам мағлубият билан бошланди. Тошкентда “Пахтакор”га ютқазишини тушунса бўлади. Аммо ўз уйида “Сўғдиёна”га ҳам имкониятни бой бергани ишқибозларни яна ранжитиб қўйди. 8 очко билан охирги ўринда бораётган “Қўқон-1912” бу кетишда яққол аутсайдерга айланиб бормоқда ва қуйига шўнғишда давом этяпти. Негадир ёзги йиғинда таркибга тажрибалироқ ўйинчилар таклиф этилмади. Ҳозирча эса янги келган футболчилар клубга ёрдам бера олишмаяпти. Иккита ўйиндаги мағлубият эса футболчиларга яна қўшимча руҳий зарба бўлгани аниқ. Ваҳоланки, бош мураббий Азиз Тўхтабоев иккинчи давра бошланишидан аввал жамоасининг Суперлигада қолишига ишонишини айтганди. Шундай экан, қолган ҳар бир учрашув унинг ва жамоаси учун финал каби ўтиши муқаррар. Йўқотиладиган очколар эса керагидан ортиқ даражада бой бериб бўлинди. Вазият ўнгланмаса қўқонликлар про-лигага тушиб кетишининг эҳтимоли юқори бўлиб қолади.

кукон

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!