"Пахтакор"нинг собиқ мураббийи бу йил нима учун "Навбаҳор" чемпион бўлишини ва илк истеъфо қачон юз беришини айтди

Суперлигамизда 3 та тур бўлиб ўтди. Кимдадир ўзига яраша таассуротлар шаклланди. Терма жамоаларимизнинг йиғинлари сабабли чемпионатимизда кичик танаффус пайдо бўлди. Шунинг учун мутахассис, "Пахтакор"нинг собиқ мураббийи Жасур Абдураимов билан Суперлиганинг илк турлари ҳақида бироз суҳбатлашдик.

- Суперлига сиз кутган даражада бошландими? Дастлаб шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Дастлабки иккита турдан кейин “Пахтакор”нинг очкосиз қолгани кутилмаган ҳолат бўлди. “Бунёдкор” “Нефтчи” билан бирга зўр натижа қайд этиб турибди. 3 та ўйин, 3 та ғалаба. 4-5 та турдан кейин ҳамма нарса жой-жойига тушади. Буни мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам билишади.

- Демак, сиз “Бунёдкор” билан “Нефтчи”нинг бундай стартини кутмагандингиз-а?

- Кутмаганман. Бу нарса сюрприз бўляпти.

- Сизни ҳайрон қолдираётган жамоа қайси бўляпти?

- Яхши нарсаданми ё ёмон нарсаданми? Рости, “Сўғдиёна”ни ёмон стартини кутмагандим.

жасур

- Бу йил қайси клуб сюрприз қилади, деб ўйлайсиз?

- Ўйлашимча, бу йил “Навбаҳор” чемпион бўлади.

- Айнан нима сабабдан “Навбаҳор” чемпион бўлади, деб ўйлаяпсиз?

- Кўриняптики, клубда яхши ташкилотчилик бор. Хатолар бўлади, аммо барибир ташкилотчилик яхши бўляпти. Яна бир асосий жиҳати – бу мухлислар. Бундай ашаддий ишқибозлар албатта жамоага ёрдам беради. Ўзингиз кўрдингиз, U-20 Осиё чемпионатида мухлисларимиз терма жамоани қай даражада қўллаб-қувватладилар-а? Жамоага жуда катта ёрдам беришди. Шунақа муҳит ва қўллаб-қувватлов Наманганда ҳам бўлади. “Навбаҳор”нинг ҳар бир позициясида рақобат кучли. Захирада ҳам кимлар ўтирганини кўринг. Улар ҳам клубни кучайтира оладилар.

- “Пахтакор”нинг старти ҳақида нима дея оласиз?

- Нима дея оламиз? Иккита ўйинни ютқазишини ҳеч ким кутмаганди. Тайёргарлик яхши бўлган. Кейинги турлардан сўнг нима бўлишини кўрамиз. “Навбаҳор”ни ютди. Лекин ўйлашимча бу дурангга мос учрашув бўлганди. Албатта, “Пахтакор”нинг иккита турда мағлуб бўлгани сюрприз бўлиб қолди.

пахтакор чипта_1

- Ҳакамлар масаласига нима дея оласиз? Улар яна натижаларга таъсир кўрсатяптими?

- Ҳакамларда хатолар бор. Кўп эмас, аммо бор.

- Чемпионатимиздаги илк истеъфо қайси мураббий билан юз беради, деб ўйлайсиз?

- Билмадим. Бу қийин масала. Кимдир ишонади, кимдир ишонмайди. Ким охирги учта ўйинни ютмаса, ўйлашимча ўша истеъфога чиқади.

- Мураббийларни ишини кузатаётган бўлсангиз керак. Сизга ёқаётганлари кимлар?

- Ҳозир ҳамма натижага ўйнаяпти. Натижа бўлса ишлайди, натижа бўлмаса ишламайди. Ёш мураббийларга қийин бўлади. Сифатли, тажрибали мутахассислар ҳамма нарсага ўрганган, мураббийликка яқинда қадам қўйган ёшларга эса осон эмас.

- 3 та турдан сўнг сизни ажаблантирган натижа?

- “Пахтакор”нинг “Олимпик” билан ўйини. Чунки “Олимпик”ни ютишини кутмагандим.

жасур1

- Бу йил “Олимпик”ни қандай кўряпсиз? Ўтган йилги дебют иштирокидан кейин медаллар учун курашиши кутилмоқда. Бунга потенциали етарлими?

- “Олимпик” яхши жамоа. Лекин барқарорлик етишмаяпти. “Пахтакор” билан яхши ўйнади. Кейин ОКМКга қарши бошқача бўлди. Бироқ ҳаракати ва меҳнати бор. Замонавий футбол ўйнашяпти.

- “Насаф”нинг иштирокигачи? Илк турда ютқазиб, кейин икки марта ғалаба қозонди. Уларни бу йил нимага қодир деб ҳисоблайсиз?

- “Насаф” жуда яхши жамоа, яхши мураббийга эга. Ўйлашимча, ҳаммаси олдинда. “Насаф” кучли учталикда бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!