
Педри: “Кўча футболи менга майдонда табиий ҳаракат қилишни ўргатди”
"Барселона" ва Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Педри ўзини бироз эски услубдаги футболчи деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, жисмоний жиҳатдан кучли бўлмагани сабабли, устунликка эришиш учун бошқа йўлдан боради – рақиблардан тезроқ фикрлайди ва бир қадам олдинда туришга ҳаракат қилади.
"Кўп замонавий футболчилар йирик академияларда тарбия топган. Мен эса кўчада футбол ўйнаб, ота-онам уйида "Барса" ўйинларини томоша қилиб, қишлоқ жамоасида тўп суриб ўсганман".
Унинг сўзларича, кўча футболи унда инстинктларни, завқ учун ўйнашни ва табиий ҳаракат қилишни шакллантирган. Шу жиҳатлар уни жанубий америкалик, айниқса, фавелаларда ўсган бразилиялик футболчиларга ўхшатади.
"Канар оролларида ҳам шундай муҳит бор. Қаерда бўлмайлик, футбол ўйнаймиз, мақсад қўямиз ва дўстлар билан завқланамиз. Шу завқ ва инстинктлар ривожланишимга ёрдам берди. Менинг позициямда идеал пасни топиш кўпроқ интуицияга боғлиқ. Бу – майдондаги бўшликни “ички кўз” билан кўриш", – дея таъриф бериб ўтди каталонияликлар ярим ҳимоячиси.
Comments