Пекин-2022 қишки Олимпиадаси учун хоккей бўйича квалификация тизими эълон қилинди
Ads

Халқаро хоккей федерацияси 2022 йили Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги қишки Олимпия ўйинлари учун эркаклар ўртасидаги квалификация тизимини тасдиқлади. Унга кўра, тизим учун сўнгги икки Олимпия ўйинларида қўлланилган усул тасдиқланди.

Эркаклар ўртасидаги беллашувларда жами 12 жамоа иштирок этади. Булардан 8 нафари айни палладаги жаҳон рейтингига қараб танлаб олинадиган бўлди. Шунда қуйидаги 8 терма жамоа тўғридан тўғри Пекин-2022 иштирокчисига айланмоқда: Россия, Канада, Финляндия, Швеция, Чехия, АҚШ, Германия ва Швейцария. Шу жумладан, Хитой мезбон тариқасида тўққизинчи жамоа сифатида белгиланди. Қолган 3 йўлланма 4 босқичдан иборат саралаш тизими орқали ўйналади. Унда халқаро ташкилотга аъзо давлатлар рейтингига қараб турли босқичлардан беллашувларга киришади. Дастлаб шу йилнинг ноябрь ойида рейтинги паст бўлган терма жамоалар учун саралаш босқичи бўлиб ўтади. Шу тариқа сўнгги беллашувлар 2020 йилнинг 27-30 август кунлари белгиланган шаҳарларда ўтади. Сўнгги босқич жамоалари қуйидагича кўринишда:

“D” гуруҳи: Словакия (мезбон), Беларусь, Австрия ва саралашдан чиққан жамоа.
“E” гуруҳи: Латвия (мезбон), Франция, Италия ва саралашдан чиққан жамоа.
“F” гуруҳи: Норвегия (мезбон), Дания, Корея Республикаси ва саралашдан чиққан жамоа.

Юқоридаги 3 гуруҳда ғолиб бўлган терма жамоалар Пекин қишки олимпиадасига йўлланмани қўлга киритади. Саралаш тизими ва бошқа саралаш босқичлари ҳақида маълум олиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.