"Пенальтига тортмасди, журналистлар бизни фаворит деб эътироф этишяпти, аммо..." ёхуд Милан Митрович "Сўғдиёна"нинг ОФК Кубогидаги дебюти ҳақида

Илк бор ОФК Кубогида қатнашаётган “Сўғдиёна” клуби гуруҳдаги дастлабки иккита ўйинда ғалаба қозонди. Аввалига Қирғизистоннинг “Нефтчи” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Кейин мезбон – Тожикистоннинг ЦСКА клубини 3:2 натижаси билан енгди.

Олдинда Туркманистонинг “Олтин Аср” жамоасига қарши баҳс кутяпти. Жиззахликлар кутилганидек кейинги босқичга чиқиш учун яхши имкониятга эга.

“Сўғдиёна”нинг асосий дарвозабони Милан Митрович ортда қолган баҳслар борасида фикр билдирди.

ЦСКА устидан қозонилган ғалаба ҳақида

- Биз жуда мураккаб, боз устига майдоннинг ўрта чизиғида яхши ҳаракат қиладиган мезбон клубга қарши тўп сурдик. Шундай бўлса-да, ўйинни назорат қилдик. Гол киритгандан кейин ташаббусни ўз қўлимизда сақлай олдик. Дарвозамиздан дастлабки голни ўз хатомиз эвазига ўтказиб юбордик. Ўзимиз гол ургандан кейин ўйин назоратини яна қўлимизга ола билдик. Кейин ҳакам аслида бўлмаган ва пенальтига тортмаган 11 метрлик жарима тўпини белгилади. Ваҳоланки, ўша вазиятда тўп футболчимизни қўлига эмас, оёғига текканди. Шундай бўлса-да, ҳакам ҳаммасини кўриб турганига қарамай, пенальти белгилашга жазм этди. Ўша вазиятдан кейин биз бутун диққат-эътиборимизни натижа учун қаратишга тушдик. Бунинг оқибатида ғалаба қозондик ва мақсадимизга эришдик. Ғалабани нишонладик. Ўзимиз кутган қимматли очколарни қўлга киритган ҳолда пешқадамликни сақлаб қолдик.

милан_2

Сунъий майдоннинг таъсири

- Ҳа, шак-шубҳасиз бу ҳол ўйинимизга ўз таъсирини ўтказмай қўймаяпти. Аммо шуни таъкидлашим жоизки, турнир бошланиши олдидан сунъий майдонда ўйнашимизни ҳис этган ҳолда шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Шунинг учун бўлса керак, ўйинимиз анча яхши чиқяпти, тўғри, қийинчиликлар йўқ эмас. Лекин асосийси, биз мусобақага яхши тайёрланганмиз. Ҳар 3 кунда ўйин ўтказиш осон эмас. Устига-устак, ташқи муҳит ҳам таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Учрашувни кечки соат 10 га белгилашгани бироз бўлса ҳам футболчиларга енгиллик туғдирди. Негаки, салқинда тўп суриш жазирамада ўйнашдан кўра енгилроқ. Бизда мақсад бор бўлиб, қандай бўлмасин ўз олдимизга қўйган ўша мақсадни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Бундай майдонда ва шароитда тўп суриш мутлақо осон иш эмас.

милан1_2

ОФК Кубогидаги дебют иштирок хусусида

- Албатта, бу мен учун ўйинчилик фаолиятимдаги дастлабки ОФК турнири. Жумладан, бутун жамоа ва аксарият шерикларим учун ҳам худди шундай аҳамиятга эга бўлган мусобақадир. Аммо гуруҳ ўйинларини яхши ўтказяпмиз ва навбатдаги босқичга йўл олиш учун қулай имконият ҳосил қилганмиз. Рақибларни ҳурмат қиламиз, улар яхши таркибга эга бўлган клублардир. Ўз навбатида рақибларимиз бизни ҳурмат қилишяпти. Турнирни ёритаётган журналистлар эса клубимизни фаворит сифатида эътироф қилмоқдалар. Бу ёқимли. Лекин бундай эътирофларга алданиб қолмай, мақсадимиз сари қадамба-қадам илгарилаб боришимиз керак.

милан2

Ташкилотчилик

- Турнир учун ташкилий ишлар анча юқори даражада йўлга қўйилган. Ташкилотчилар машғулотлардан тортиб то ўйинларгача ҳаммасини рисоладагидек ташкил этишгани кишини қувонтирмай қўймайди. Иштирокчилар учун ташкил этилган шарт-шароитлар аъло даражада. Меҳмонхонадан машғулотлар ва ўйинларга етиб бориш учун транспорт ҳам зўр даражада йўлга қўйилган. Бунинг учун ташкилотчилар ва мезбонларга алоҳида миннатдорлик билдириш жоиз. Ҳаммасига раҳмат.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!