Пенальтини аслида қайси футболчи тепиши керак эди? "Нефтчи"нинг энг яхши ўйинчиси ким? Ёхуд Шерзод Каримов клубдан кетадими?

Фарғонанинг “Нефтчи” клуби кутилганидек Суперлига йўлланмасини расман ҳал қилди. Клуб бунга тўла муносиб эди. Шунинг учун “Нефтчи”нинг бу сафар Суперлигага чиқишига ҳеч ким шубҳа қилмаганди, десак тўғри бўларди. Таркиби ҳам шунга яраша тўлдирилди.

Асосан Суперлига савиядаги ўйинчилар олиб келинганидан кейин Суперлигага чиқмаса ҳам бўлмасди-да. Кўриниб тургандики, про лигада ҳеч ким “Нефтчи”га бас кела олмади. Таркибига қарасангиз, катта номларни учратиш мумкин. Тажрибали ярим ҳимоячи Шерзод Каримов ҳам жамоасининг мақсади йўлида катта ҳажмдаги ишни бажарди. Sports.uz мухбири  ушбу футболчидан “Нефтчи”нинг про лигада осонлик билан мақсадига эришдими, дея сўраганида шундай деди:

каримов1

- Бу йилги про лига ҳар йилгидан кўра кучлироқ ва қизиқарлироқ ўтди, шекилли. Ҳар бир жамоа “Нефтчи”га жиддий тайёргарлик кўрди. Натижада ҳар бир беллашув биз учун қийин ўтди. Суперлигага чиқиш асло осон бўлди, деб ўйламайман. Илҳом Мўминжоновнинг олдига қўйилган вазифа ҳам жамоани Суперлигага олиб чиқиш эди. Бир неча тур олдин ушбу вазифани бажардик ва юзимиз ёруғ бўлди.

“Нефтчи” ўз майдонида “Динамо” жамоасига қарши учрашувда қийин ғалабани қўлга киритганидан хабардорсиз. Ўша учрашувда майдон эгалари Шерзод Каримовнинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Қизиғи, Каримов захирадан майдонга тушиб иккала голни ҳам пенальтидан киритди. Ўйиндан олдин унга шундай вазифа юкланганмиди?

каримов3

- Аслини олганда, пенальтини Марко Обрадович тепиши керак эди. У ўйин пайтида захирага олинганди. Пенальти белгиланганидан кейин Акмал Шораҳмедов менга “ўзинг теп”, деб айтди. Шунга кўра, 11 метрли жарима зарбаларини ўзим бажардим ва Худога шукрки, голлар урдим, - дея муносабат билдирди Каримов.

Шерзод бемалол Суперлиганинг исталган жамоасини кучайтиришга қодир. Бироқ унинг нима сабабдан про лигада ўйнашга рози бўлгани кўпчилик учун қизиқ туюлганди. Бу хусусда футболчининг фикрини эшитамиз.  

- Про лигага ўтишимнинг энг катта сабабчиси Илҳом Мўминжонов бўлди. Мени жамоасига таклиф қилди. Суперлигага чиқишимда ёрдам беришимни айтди. Ўзим ҳам фарғоналикман. Олдин “Пахтакор”га ўтган пайтимда кун келиб “Нефтчи”да ўйнаб, фарғоналиклар учун ҳиссамни қўшаман, деб ният қилиб қўйгандим. Мана, ниятимга этиб, ҳозир “Нефтчи” жамоасида тўп суриб келяпман.

каримов4

Мавсум тугаб боряпти. Каримов келаси йили ҳам “Нефтчи” учун тўп суришда давом этадими ёки клубини алмаштирадими?

- Ҳозирча йўқ. “Нефтчи” билан шартномам шу йилнинг декабрь ойигача. Ҳали ҳеч ким алоқага чиққани йўқ. Жамоам билан тузилган шартнома тугаганидан кейин ҳаммаси ҳал бўлади, - деди Шерзод.

Шу ўринда, якунига етаётган про лигада “Нефтчи” сафида тўп сурган футболчилар орасида ким энг яхшиси бўлди? Каримовнинг фикрига қизиқдик.

- Жорий мавсум якунланишга саноқли турлар қолди. Ким энг яхшиси? Ҳамма яхши ўйин кўрсатди. Эътибор берсангиз, жамоамиздаги барча футболчилар яхши ўйнаганлиги сабабли “Нефтчи” муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Биргина футболчини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман.

каримов5

Шерзод бунгача асосан Суперлигада ўйнагани учун элитадаги учрашувларга ҳам бефарқ эмас. “Пахтакор”нинг муддатидан илгари чемпионликни қўлга киритгани лиганинг мавқеи пастлаганидан дарак бераётгани ҳақида ҳам фикрлар янграяпти. Про лигада ҳам охирги пайтда савия анча яхшиланяпти. Шуни ҳисобга олганда, Каримов ўзаро солиштирди.

- Ҳа, Суперлиганинг ўйинларини ҳам кузатиб бораман. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки Суперлигада ҳам яхши ўйинлар кўп. “Пахтакор”нинг муддатидан олдин чемпион бўлганининг сабаби, уларда таркиб жуда кучли. У ерда ички муҳит ҳам яхши. Шароитлари ҳам аъло даражада. Шуни ҳисобига чемпион бўлди деб ўйлайман. Тўғри, Суперлига билан про лиганинг ўртасида яхшигина фарқ бор. Барибир Суперлигадаги ўйинлар шиддатли ва кучлироқ, про лигадан кўра. 2-3 та жамоанинг ўйинини ҳисобга олмаганда, Суперлига кучли.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!