Пенальтини қандай қайтаргани, чемпионлик учун асосий рақобатчи кимлиги, Катанец ва бошқалар ҳақида Санжар Қувватов нималарни айтди?

“Пахтакор” клуби чемпионатнинг 9-турида Яйпанда “Турон” жамоаси меҳмони бўлди. Баҳс тақдирини пенальтидан урилган ягона гол ҳал қилди.

Аммо унгача мезбонлар “Пахтакор” дарвозасига пенальтидан гол ура олмади. Бунда жамоа посбони Санжар Қувватовнинг меҳнати катта бўлди. У рақиб ҳужумчисининг зарбасини қайтариб, “Пахтакор”ни муқаррар голдан сақлаб қолди ва бундан ташқари ҳам рақиб ҳужумларини бартараф этиб турди.

Натижада Қувватов учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Sports.uz журналисти Санжардан интервью олди.

- “Турон”га қарши баҳсда “Пахтакор” ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Ўйин қандай ўтди?

- Энг муҳими биз учун ғалаба бўлди. Уч очко жуда керак эди. Лекин қийин учрашув кечди. Чунки биз захира алмаштиришларисиз ўйнадик. Бунинг сабабини мураббийимиз учрашувдан кейин айтиб ўтди. Бир қатор ўйинчиларимиз бетоб бўлиб қолишган. Захирада ёш футболчилар бор эди, кичик ҳисоб қайд этилаётгани боис ўзгаришларга қўл урилмади. Ўйин қизиқ бўлди. Бизда ҳам, уларда ҳам имкониятлар мавжуд эди. Ўзимиз имкониятимиздан фойдалана олдик. Шунинг учун ғалабага эришдик.

Санжар Қувватов4

- “Пахтакор”нинг ғалаба қозонишида сизнинг ҳиссангизни алоҳида эътироф этиш керак. Боиси, пенальтини қайтардингиз ва ўйин давомида ҳам фаоллик кўрсатиб турдингиз. Якунда учрашувнинг энг яхши футболчисига айландингиз. Пенальти тепилаётганда рақиб футболчисининг қаерга зарба беришини пайқадингизми ёки таваккалона бўлдими?

- Пенальти лотереядек гап. Тўғри, кимнинг қаерга тепишини сезиб турасиз. Аммо ҳамма ўйинчи ҳар хил тепади. Яна қайтараман: пенальти – бу лотерея.

- Лекин зарбани қайтаришингизга ишонгандингиз...

- Ҳар бир пенальти тепилаётганда дарвозабон қайтараман деб ишонади. Тўп қандай тепилишига ҳам боғлиқ. “Нефтчи” билан учрашувдаги пенальтида ҳам қайтаргандим, аммо футболчи зарбани кучли тепгани учун қўлимга тегиб кириб кетди. Ўшанда зарбанинг кучли келишини ҳисобга олмасдан қўлимни қўйгандим. Пенальтида шунга ўхшаган нарсалар бўлиб туради. Бундай лотереяда топсангиз топдингиз, бўлмаса ютқазасиз. Энг асосийси, омадимиз келди. Кимнидир алоҳида ажратиб айтиб бўлмайди. Бу жамоавий ғалаба. Ҳамма футболчилар яхши ўйнади. “Турон” ҳам жиддий қаршилик кўрсатди. Пухта тайёргарлик кўрган экан.

Санжар Қувватов3

- “Пахтакор” 8 та ўйинда ўз дарвозасидан 10 та гол ўтказиб юборди. Бу чемпион жамоа учун кўп. Статистик рақамларни кузатиб боряпсизми? “Пахтакор” нега кўп гол ўтказиб юборяпти?

- Тўғри, статистикани кузатиб борамиз. Биз учун муҳими, кўпроқ нолга ўйнаш. Шунақа вазиятлар бўладики, дарвозамизга урилган голлар худдики, комбинация ёки кескин ҳужум оқибатида эмас, балки қандайдир ғалати голлар. Масалан, “Сўғдиёна” билан ўйинда рақиб футболчиси тўпни яхши тепа олмади, аммо шунақа ҳолатда ҳам тўп дарвозага кириб кетди. Ҳисобласак, бизнинг дарвозамизга қўйилган пенальти менимча, ҳали ҳеч кимни дарвозасига қўйилмаган. 8 та ўйинда 5 ёки 6 та пенальти қўйишди.

- “Пахтакор” чемпионатни 2 та мағлубият билан бошлаганди. Мана, кетма-кет 6 та учрашувдан бери фақат ютяпти. Нима деб ўйлайсиз, жамоанинг ўзига келиши учун ўша 2 та мағлубият керакмиди?

- Бизга мағлубият керак ёки керак эмасди, деб айта олмайман. Чемпионатнинг бошланиши эди, кимдир ютқазади, кимдир ютади. Майли, бошида мағлуб бўлгандирмиз, қолганларида ютқазмайлик. Ҳаммаси бошида қолиб кетсин. Оғир йиғиндан кейин ўзимизга келишимиз бироз қийин бўлди. Балки иккита учрашувда шу нарсалар ҳам сабаб бўлгандир. Ҳозир ҳаммаси яхши, жамоа ўзига келиб олди. Бу бўлди, энди бемалол ўйнасак бўлади, ютяпмиз, дегани эмас. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Санжар Қувватов2

- Сизни терма жамоада кутаётганлар ҳам бор. Ўзингизни терма жамоага қанчалик тайёрман деб ҳисоблайсиз?

- Катанец келганда унинг биринчи йиғинига борганман. Мураббийни футболга қарашлари бўлади. Балки унга ёқмагандирман. Етарлича кучим етмаётгандир. Мен ҳар доим фаолиятимни тугатгунимга қадар терма жамоага тушишга ҳаракат қиламан. Лекин термага чақирмаса бу мен учун шармандалик эмас. Агар чақиришса бу мен учун шараф. Ҳар доим бор кучим билан ҳаракат қилганман. Терма жамоага чақиришса хурсанд бўламан, чақиришмаса хафа бўлмайман. Ҳар бир инсонни ўз фикри бор.

- “Пахтакор” 18 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. Шахсий фикрингизча, “Пахтакор”нинг биринчи рақамли асосий рақобатчиси ким?

- Айнан битта жамоани айтиш қийин. Масалан, “Навбаҳор”, “Насаф”, “Бунёдкор”, “Нефтчи” сингари клублар яхши ўйин кўрсатишяпти. Ҳозир ҳамма жамоа футбол ўйнашни ўрганди. Энг охирги ўриндаги клуб ҳам етакчига етарлича қаршилик кўрсата олади. Масалан, “Турон” ҳали ютгани йўқ, пастда юрибди. Шунақа қаршилик кўрсатяптики, осон футбол ўйнаб бўлмаяпти. Ҳар бир жамоа етарлича қаршилик кўрсата оляпти. Алоҳида битта жамоани рақиб деб айтиб бўлмайди. Менимча, асосий чемпионлик учун курашадигани бу “Навбаҳор”.

Шуҳратбек Жўраев.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!