"Персеполис"дан кетди деган хабарларга ишонманглар, бу ёлғон". Футболчимиз номидан ким ёзган? Шерзод Темиров асл вазият ҳақида интервью берди
Истеъдодли ҳужумчимиз Шерзод Темиров “Пахтакор”даги фаолиятидан сўнг Эроннинг “Персеполис” клубига кўчиб ўтган ҳолда легионер сифатида тўп суриб келмоқда. Куни кеча ҳамюртимизнинг клубдан кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб кетди. Вазиятга ойдинлик киритиш учун футболчи билан боғландик. Ўз навбатида Темиров Sports.uzга вақт ажратди.
- Яқинда эшитдик-ки, “Персеполис” клуби билан хайрлашдингиз. Бу қарорга келишингизга нима туртки берди?
- Авваламбор, барча мухлисларга салом. “Персеполис”дан кетди, деган хабарларга 100 фоиз ишонмасликларингизни сўраб қолган бўлардим. Бу клуб билан мени амалда яна бир йиллик шартномам бор. Бу чиққан хабар ёлғон. Бундай хабар чиқишига бошқа клублардан бўлаётган таклифлар сабаб бўлди. 4-5 та клуб трансфер қилишларини исташган. “Персеполис” уларга рад жавобини берган. Шунинг учун ҳам мен ҳақимдаги хабар тарқалиб кетди. Бу саволингизга жавобим шунақа.
- Аслида воқеалар ривожи қандай тус олганди?
- Айтганимдек, бундай маълумотларни ҳаммаси ёлғон, бўлмаган гаплар. Интернетда ҳамма нарсага ҳам ишонавериш нотўғри. Ҳамма хабарлар ҳам тўғри бўлиб чиқавермайди. Нафақат Эронда, бутун дунёда ҳам журналистлар қандайдир янгилик тарқатиб ўз сайтининг рейтингини кўтармоқчи бўлишади. Балки шунақа бўлган бўлиши ҳам мумкин. Клубдаги раҳбарият, футболчилар ҳаммаси билан яхши муносабатдаман. Кетиш ниятим йўқ. Тўғри, вариятлар бор. Ҳали улар ҳақида ўйлашга ҳожат йўқ. Амалда бир йиллик шартномам бор. Битим тугагач, кейин ўйлаб кўрсам бўлади.
- Инстаграмдаги саҳифангизда “Персеполис” билан хайрлашганингиз ва клубга омад тилаганингиз ҳақида ёзилган-ку! Шу ҳолатга изоҳ берсангиз!
- Яна қайтараман: бўлмаган гап. Мени инстраграм саҳифам “закрит”. Мен инстраграмдан кўп ҳам фойдаланмайман. Мени номимдан ёлғон аккаунтларни эронликлар ишлатишади.
- Тушунарли. Нима бўлганда ҳам ушбу хабар ҳамма жойда тарқалиб кетди. “Персеполис” клубининг муносабати қандай бўлди?
- Эронда бунақа мавзулар жуда тез тарқалади. Ҳозирда клубда ҳаммаси яхши. Улар ҳам ҳайрон қолишган. Қолаверса, мен ҳам. Менда фақат кетиш бўйича клубдагилар билан маслаҳат бўлган холос. Европа ва Осиёдан таклифлар бор. Аммо клубим қўйиб юбормаслигини айтган.
- “Персеполис”даги фаолиятингиз қандай кечяпти? Қониқиш даражангиз юқорими?
- “Персеполис” жамоаси Осиёдаги энг зўрларидан бири. Фақат юқори мақсадлар билан ишлайдиган клуб. Ҳар доим яхши жамоада яхши шароитлар бўлади. Мен учун ҳам барча шароитлар бор. Бундан жуда хурсандман. Клубдагиларга бунинг учун раҳмат. Мендан талаб қилинадиган вазифа фақат машғулот ва ўйинларда ўзимни кўрсатиш ҳамда гол уриш. Айнан шу жиҳатлар менга завқ беради. Худога шукр, жамоамга анча мослашиб кетдим. Бу мавсумда олдимга катта мақсад қўйганман. Насиб қилса, бунга албатта эришаман. Эрон футболи жуда тез ва шиддатли. Эрон чемпионатида хатолар кечирилмайди. Бу жиҳатлар билан ҳам Осиёда ажралиб туради.
- Шунингдек, сизга “Зоб Ахан” ҳам жиддий қизиқиб қолган экан. Қолаверса, Европа ва Осиёнинг яна қайси клублари таклиф билдирди?
- Эронни ўзидан 3 та клубдан расмий таклиф бўлган. “Зоб Ахан” бу жамоалар қаторида. Юқорида айтганимдек, мени амалда “Персеполис” билан шартномам бор. Европа ҳамда Осиё клубларини очиқчасига айта олмайман. Бу сир бўлиб қолсин.
- Бундан ташқари, “Навбаҳор” клуби ҳам сизни ўз сафига чорлаётгани ҳақида эшитгандик...
- “Навбаҳор” бош мураббийи ва президенти билан маслаҳат олиб тураман. Улар билан ака-укадек гаплашиб турамиз. Клубга ўтишим ноаниқ эди.
- “Персеполис”даги асосий мақсадингиз қандай?
- “Персеполис” клуби ва унинг мухлислари фақатгина чемпионликни юқори мақсад деб билишади. Шу жумладан мен ҳам. Жамоамдаги раҳбарлар, мураббийлар ва албатта мухлислар билан яхши мулоқотдамиз. Бизда ҳаммаси яхши кетяпти. Худо хоҳласа, бу йил вазифа чемпион бўлиш ва ўзимни қайтадан кашф қилишни мақсад қилганман. Яна мени биргина орзуим бор: Европада кучли клубларда тўп суриш. Насиб қилса, бунга ҳам эришаман.
- Эрон чемпионатида тўп суриб нима ўрганяпсиз?
- Легионер бўлиш осон эмас. Клубингиз сиздан доим кўпроғини талаб қилади. Бу яхши ҳолат. Футболда даража деган нарса бор. Эрон чемпионатининг даражаси юқори туради. Осиёда тўп суриш анчагина қийин. Лекин ҳаракат қилса бўлади. Ўзингизда ишонч бўлиши муҳим. Бу ерда футбол тактикалари ва асосийси, ўйин амалиётига эга бўляпман. Бу ҳаёт. Эронда қанча вақт қолишимни олдиндан айта олмайман. Европадаги таклифлар маъқул келса, тўп суриш ниятим бор.
Фикрлар