ПФЛ Темур Кападзени расман огоҳлантирди
“2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 17.17-бандида жамоа бош мураббийи техник зонада шиппак, шорт ҳамда енгсиз футболкада бўлиши тақиқланиши кўрсатиб ўтилган. Шунга қарамай, “Олимпик” бош мураббийи Темур Кападзе Про лига 16-туридан ўрин олган “Арал самали” клубига қарши учрашув вақтида техник зонада шорт билан ҳаракат қилган.
Жумладан, ушбу бандда қуйидагилар қайд этилган:
"Захира ўриндиғида ўтирган шахслар томонидан тамаки ва бошқа турдаги маҳсулотларни чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланади. Шунингдек, мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади (махсус рухсат этилган радиоалоқа воситалари бундан мустасно).
Жамоа бош мураббийи техник зонада шиппак, шорт ҳамда енгсиз футболкада бўлиши тақиқланади".
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош мураббийлар техник зонада ўзлари учун қулай бўлган либосдан фойдаланишлари мумкин эканлигини эслатиб ўтади ва бунда Регламентда келтирилган бандларни ҳам ҳурмат қилишга чақиради. Шундан келиб чиқиб, Темур Кападзе фаолият олиб бораётган клуб расман огоҳлантирилди.
Ташкилот расмий сайтида ёзилишича, мазкур ҳолат нафақат “Олимпик”, балки бошқа клуб бош мураббийи томонидан такрорланган тақдирда, ўша мутахассисга нисбатан жарима санкцияси қўлланилади.
Фикрлар