ПФЛ U-21 биринчилиги иштирокчилари учун регламентни енгиллаштиради

Пандемия сабаб Ўзбекистон футбол клублари танаффусга чиққач, халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши лозим бўлган терма жамоалар билан ҳам йиғин ўтказишнинг имкони бўлмади. Футбол мавсуми старт олгач эса кичик қитъа чемпионатларига тайёргарлик кўраётган ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари йиғинларга зўр берди. 

Бу ҳолат табиийки, Coca Cola Суперлиганинг ўринбосарлар  ўртасидаги турнирларига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Яъни, бир қатор клублар кичик термаларга ўз ўйинчиларини юборишлари натижасида U-21 биринчилигида таркиб муаммоси билан тўқнашмоқда. Мусобақаларни ўтказиш регламентига кўра, U-21 биринчилиги қайдномасига U-18 жамоасидан максимум тўрт нафар футболчини киритиш мумкин.  Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий сайти хабар тарқатди.

Юқоридаги вазиятдан келиб чиқиб, ЎзПФЛ терма жамоаларга футболчи етказиб бераётган клубларга енгиллик яратиб беради. Яъни, клуб бирор терма жамоага қанча футболчи берган бўлса, U-21 қайдномасига U-18 жамоасининг худди шунча футболчисини қўшимча равишда киритиши мумкин бўлади. Бунда клублар учрашувга қадар ЎзПФЛга расмий хат билан чиқади ва мазкур хатга ЎФА томонидан йўлланган терма жамоага чақириқ хати илова қилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!