Пирс Морган Роналдуни ҳимоя қилди: "У ҳали ҳам энг яхшиси"
Британиялик таниқли телебошловчи Пирс Морган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистонга қарши баҳсдан кейин Криштиану Роналду ҳақида кескин фикр билдирди.
Португалия терма жамоаси сардори мазкур учрашувда дубль қайд этиб, жамоасининг 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабасига катта ҳисса қўшганди.
Морганнинг таъкидлашича, сўнгги кунларда Роналду кўплаб танқидларга учраган бўлса-да, майдонда яна ўз сўзини айтди.
"Сўнгги тўрт-беш кун ичида бутун дунё уни масхара қилди, танқид қилди ва ҳисобдан чиқарди. Кеча эса у яна бир бор барчага жаҳон футболи тарихидаги энг совуққон ва энг яхши ҳужумчилардан бири эканини кўрсатди.
Унга 41 ёш. Кеча урган икки голидан 21 ёшидаги футболчи ҳам фахрланиши мумкин эди. Роналду футболни қанча вақт юқори даражада ўйнаш мумкинлиги ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмоқда", — деди Морган.
Бироқ радио бошловчиси Энди Голдштейн Морганнинг фикрларига қарши чиқди.
"Радиони энди ёққан тингловчилар учун айтиб ўтаман: Пирс Жаҳон чемпионати финали ҳақида эмас, Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида гапирмоқда", — деди Голдштейн.
Морган эса бу эътирозга жавоб қайтарди.
"Ҳали финал эмас, албатта. Аммо ҳамма Месси кучсизроқ жамоаларга гол урганда уни мақтарди. Энди Роналду Ўзбекистонга гол урса, негадир бу ҳисобга олинмай қоляпти", — деди у.
Қайд этиш жоиз, Роналду Ўзбекистонга қарши баҳсда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва мундиалдаги голлари сонини янада кўпайтирди.

Фикрлар