Португалияда порлаган юлдуз Одил Аҳмедовга ёрдам беради

Хитой чемпионати етакчиси “Шанхай СИПГ” жамоасида бир неча йил муваффақиятли тўп сурган Одил Аҳмедов яқиндагина мусобақа жадвалининг қуйи қисмида жойлашган “Тяньцзинь Тэда” жамоасига кўчиб ўтган эди.

Бу жамоа вазиятни ўнглаш учун таркибини кучайтирмоқда. Ана шу мақсадда, “Тяньцзинь Тэда” раҳбарияти Португалия чемпионатида ишончли ўйинлари билан Европа клубларида қизиқиш уйғотган бразилиялик ҳужумчи Тикиньони сотиб оляпти. Тикиньо ҳам Одил Аҳмедов сингари жамоани мураккаб вазиятдан олиб чиқишга кўмаклашиши керак бўлади. 

Бу трансфер билан Португалия терма жамоаси собиқ футболчиси Деку шуғулланмоқда.

lokomotiv-blizok-k-pokupke-tikino-za-12-mln_160026744314961323

Келишувга кўра, хитойликлар бразилиялик тўпурар учун “Порту”га 10 миллион евро трансфер пулини ўтказиб беради. Футболчининг Хитой клубидаги маоши йилига 3 миллион еврони ташкил қилади.

Тикиньога Москванинг “Локомотив” жамоаси ҳам даъвогарлик қилганди. Бироқ, “темирйўлчилар” таклиф қилган 9 миллион евро трансфер учун камлик қилди.

Тикиньо 2017 йили “Порту”га 5,6 миллион евро эвазига “Витория” жамоасидан олиб келинган эди. Ўтган мавсумда ҳужумчи барча турнирларда 48 та учрашувда майдонга тушиб, 19 та гол уришга муваффақ бўлди.

“Тяньцзинь Тэда” жамоасида айни пайтда Одил Аҳмедовдан ташқари германиялик Феликс Бастианс, ганалик  Фрэнк Ачимпонг ва бразилиялик Сандро Лима тўп сурмоқда.

Одил Аҳмедов “Тяньцзинь Тэда”га кўчиб ўтганидан кейин бу жамоа “В” гуруҳида учинчи ўринда бораётган “Шицзячжуан Эвер Брайт” билан дуранг ўйнаб, мағлубиятлар сериясига барҳам берди.

 

 

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)