Португалиялик мутахассисни олиб келиш осон бўлмади, янги футболчиларни унинг илтимосига кўра жалб қилдик - Тўлабек Акрамов бош мураббий ҳақида

“Локомотив” клубида юз бераётган ўзгаришлардан энди барча яхши хабардор. Ўтган йилги муваффақиятсиз мавсумдан сўнг, бу йил клуб янгича иштиёқ ва мақсадлар билан тайёргарликни бошлади.

Маълумки, яқинда “Локомотив”га португалиялик Микаэл Секейра бош мураббий этиб тайинланди. Бу албатта клуб учун қизиқарли танлов эди. Лекин уни жамоага таклиф қилиш осон содир бўлмагандир. Ахир хориждан малакали мураббийни олиб келишнинг ўзи бўладими? “Локомотив” клуби бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов аввало португалиялик мутахассисни жалб қилиш жараёнлари қандай юз бергани ҳақида sports.uz мухбирига шундай деди:

- Гапингиз тўғри, португалиялик мураббийни клубимизга жалб қилиш дарҳол юз бергани йўқ. Бу ҳаракатни ўтган йили, иккинчи давранинг ўрталаридан бошлагандик. Биринчи даврадан сўнг, “Локомотив”ни Тимур Кападзе қабул қилиб олган бўлса-да, биз унинг мавсум тугагач, клубдан кетишини ва бор эътиборини Ўзбекистон U-19 терма жамоасига қаратишини билардик. Натижада Кападзе ишлаётган бўлса ҳам, биз параллел равишда янги мураббий қидиришни бошлагандик. Унгача бизда яна бир хорижлик мутахассис ишлаётганди. Унинг охирги иш жойи “Реал” Мадрид академияси бўлган. Ундан олдин Вильярреал”да ишлаган. Саудия Арабистонида “Ал Насср” жамоасида ҳам фаолият кўрсатган. У иккинчи даврада жамоамизда иш бошлаганди. Ушбу мутахассис билан маслаҳатлашиб қолгандик. Унга кўра, Тимур Кападзе барибир кетишини, шу боис Европадан у қадар таниқли бўлмаса ҳам, барибир кучли мутахассислар кўплиги боис ёшлар билан яхши ишлайдиган бирортасини таклиф қилармиз дея маслаҳатлашгандик. Натижада у Секейрани тавсия қилиб қолди. Уни анчадан бери биларкан. “Ал Насср”да ҳам бирга ишлашган экан. Шундан кейин янги мураббий ҳақидаги барча маълумотларни менга юборишди. Уни тўлиқ ўрганиб чиққанимиздан кейин бизга бу вариант маъқул тушди. Қолаверса, жамоамиз учун ҳам янгилик эди. Менга ёққан яна бир томони, у “Брага”да ёшлар жамоаси билан ишлаган экан. “Ал Насср”да U-21 жамоасини мамлакат чемпионлигига айлантирган. Демак, унинг ёшлар билан ишлаш тажрибаси катта. Португалиялик мутахассисни олиб келишдан асосий мақсад, жамоамизга Европа футболи ҳавосни олиб кириш, шу билан бирга атса-секин иқтидорли ёшларни ҳам кўтаришни мақсад қилганмиз. Лекин бу иш осонликча амалга ошгани йўқ. Секейрани таклиф қилиш борасида ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бўлди. Чунки унинг “Брага” билан икки йиллик шартномаси бор эди. Португалия клуби эса уни қўйиб юборгиси келмади. Гарчи қийинчиликлар бўлса-да, насиб қилган экан, мана жамоамизда иш бошлади, - деди Акрамов.

секейра

Бундан ташқари, “Локомотив” янги мавсум учун бир қатор ўйинчилар билан шартномалар имзоланганини эълон қилди. Абдумавлон Абдужалилов, Садриддин Абдуллаев, Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Жавоҳир Сидиқов, Хуршид Мухторов каби футболчилар “Локо” шарафини ҳимоя қилишади. Қизиғи шундаки, ушбу ўйинчиларни клубга жалб қилиш кимнинг ташаббуси? Ахир португалиялик мураббий ҳали футболимиз билан яқиндан таниш эмасди. Ёки юқоридаги футболчилар билан янги мураббий келгунига қадар келишиб қўйишганмиди? Бу масала бўйича Тўлабек Акрамов қуйидагиларни айтди:

- Ҳа, саволингиз ўринли, лекин сизга шуни айтмоқчиманки, португалиялик мутахассис билан иккинчи давра ўрталаридан музокараларни бошлаган бўлсак, ўшандан у ўзбек футболини кўришни, ўрганишни бошлаган. Бу ерга келишдан олдин “Локомотив”нинг охирги 20 та ўйинини кўриб чиққан. Бундан ташқари, у Ўзбекистон чемпионатида барча учрашувларни ҳам кузатиб борган. Унга Суперлигадаги исталган футболчини кўрсатсангиз, у ҳақида билади. 100 фоиз бўлмаса ҳам 70 фоизга хабардор. Икки ой давомида ўзбек футболи тарихини ўрганган, маълумотларни тўплаган. Чунки у қаерга келаётганини билиши керак-да. Табиийки, “Локомотив”даги барча футболчиларни, ким қаерда ўйнашини, қандай имкониятларга эгалигини ҳам ўрганиб чиққан. Боя айтдим-ку, клубимизнинг сўнгги 20 та учрашувини ўрганиб чиққан. Айтмоқчиманки, Микаэл Секейра бу ерга тайёр бўлиб келди. Сиз юқорида санаб ўтган футболчилар билан амалда расман шартнома имзоладик. Ушбу ўйинчиларни эса шахсан бош мураббийимизнинг илтимосига кўра, жамоамизга таклиф қилдик. Бундан ташқари, яна икки-учта вариантларимиз бор. Бироқ футболда ҳар доим ҳам сиз ўйлаган нарса амалга ошавермайди. Қўлимиздан келганича янги ўйинчиларни олиб келдик. Яна қайтараман, буларни шахсан бош мураббийнинг ўзи жамоамизда кўришни истаган. Чунки португалиялик мутахассис янги футболчиларнинг ўйинларини ҳам диққат билан кузатиб келган.

секейра2

Бу клуб кўпинча легионерларнинг хизматидан ҳам фойдаланишни одат қилиб келган. Биз янги мавсумда ҳам ўзгараётган “Локомотив”да яна легионерларни кўрамизми? Бунга Акрамов шундай жавоб қайтарди:

- Ҳозирча легионерга эхтиёжимиз йўқ. Деярли таркибимизнинг ўзагини йиғиб бўлдик. Агарда қайсидир позицияларга ўзимиздан футболчи топа олмасак, балки Европадан ўйинчиларни жалб қилармиз. Барибир, аввало таркибни ўзимизнинг маҳаллий футболчилардан йиғишга ҳаракат қиламиз.

“Локомотив” ўтган йили ўзидан кутилган натижани кўрсата олмади. Бир қатор ёқимсиз ўйинларни ҳам ўтказди. Ҳар ҳолда совриндор жамоани чемпионатда ўртамиёналар қаторида кўриш бироз бошқача бўлар экан. Хўш, клуб ўтган йилги мавсумдан қандай хулосалар чиқарди?

- Ҳа, ўтган мавсум биз учун омадсиз ўтди. Бу – спорт, бу – футбол. Ҳар хил вазиятлар бўлади. “Локомотив” кетма-кет уч марта мамлакат чемпиони бўлди, Кубокларни ютди. Босим катта эди. Бундан пайтда исталган жамоанинг ўйинида пасайиш бўлиши мумкин бўларди. Бунинг устига охирги пайтларда клубимизнинг кўплаб етакчилари хорижга кетишди. Масалан, ўтган йили асосий таркибнинг 8 нафар ўйинчиси кетди. Уларнинг ўрнини ўзимиз хоҳлагандек тўлдира олмадик. Янги келган футболчиларимиз жамоага мослашиб кетгунигача вазият ўзгариб кетди, пандемия бўлиб қолди. Пандемиядан кейин эса клублар ҳар хил ҳолатда қайтишди. Балки мураббийларимиз жамоани етарли даражада тайёрлай олмагандир. Лекин бунга тўғри қараш керак. Айтяпман-ку, ҳар қандай клубда бунга ўхшаш пасайишлар бўлиб туради. Асосийси, иккинчи даврада Тимур Кападзе келганидан кейин жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кетди. Футболчиларни ўз кучига ишонтирди, куч топа олди. Тўғри, турнир жадвалидаги ўрнимиз қониқарли бўлмаса ҳам футболчиларнинг руҳий ҳолатини яхшилай олди. Чунки улар бу борада тушкунликка тушиб қолишганди. Кападзе эса уларни руҳлантира олди, шуниси хурсанд қилди. Барибир таркибимизнинг ўтган йилги ўзагини сақлаб қолиб, бу йил янги ижрочиларни қўшдик. Худо хоҳласа, бу мавсумда янги мураббий бошчилигида ажойиб ўйинлар кўрсатиб, яна совринли ўринлар учун курашишга ҳаракат қиламиз, - деб муносабат билдирди, Тўлабек Акрамов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!