Про Лига “отхонага” айландими? "Юниред" ўтказиб юборган голлар таҳлили
Про лиганинг 17-туридан ўрин эгаллаган “Машъал” – “Юниред” ўртасидаги (3:2) баҳс кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётганидан хабарингиз бор. Гап шундаки, ўйиннинг 88 ва 90-дақиқаларида самарқандликлар ўз дарвозасидан гол олиб чиқди. Бу голларни томоша қилар экансиз, худди атайин уюштирилгандек таассурот қолдиради. Журналист кўзи билан қаралса, барчаси ғалати туюлди, аммо эпизодларни икки томондан ўрганиб чиқиш даркор. Бу жиддий айблов. Шу боис, вазиятни баҳолаб беришни собиқ футболчиларнинг биридан илтимос қилдим. У номини ошкор қилмаслигимизни илтимос қилгани учун ҳам кимлинги очиқламаймиз.
Биринчи гол таҳлили:
“Эътибор қилган бўлсангиз, тўп ҳаводан узатиб берилгач, “Юниред” ҳимоячиси боши билан уни дарвозабонига тўғрилаб берди.
Посбон эса тўпни шунчаки ушлаб олиш ёки ёнида турган шеригига ташлаб бериш ўрнига очиқчасига “Машъал” ҳужумчисининг оёқларига узатди. Ваҳоланки, рақибнинг ҳужум эпизоди тугаб бўлган, тўпни тўлиқ “Юниред” назорат қилиши керак эди.
Бу вазиятда дарвозабон бу қадар қўпол хатога йўл қўйиши учун шунчаки футбол билан умри давомида ҳеч қачон шуғулланмаган бўлиши лозим. Менинг фикримча, бу эпизоддаги гол табиий эмас. “Юниред” дарвозабонига етарлича саволлар бор.
Иккинчи гол таҳлили:
“Бу ерда асосий ишни майдондаги футболчилар “бажариб” берди. Аввалига тўп майдон марказида “Юниред” футболчисида эди. Унга “Машъал” аъзолари томонидан прессинг қўллангани йўқ. Қўшимчасига, сал нарироқда “вариант” таклиф этган очиқ шериги ҳам бор эди. Меҳмонлар аъзоси эса шунчаки тўпни рақиб ҳужумчисининг оёқларига аниқ ташлаб берди. Бу эпизодда сўзсиз “Юниред” футболчиси қабул қилган қарор табиий эмас. Энг қизиғи, ундан кейинги ҳолатда кузатилди. “Машъал” форварди тўпни эгаллагач, чап қанотдан очилаётган шеригини кўрди.
У билан персонал ўйнаши лозим бўлган “Юниред” қанот ҳимоячиси эса вазиятни кўра била туриб, ҳаракатсиз қолишга қарор қилди. Ваҳоланки, тўп узатилганида айнан у яхшироқ зонада турган эди. Тезликни ошириши билан бемалол ҳужумни бартараф этиши мумкин эди. Бунинг ўрнига, у атайин кеч тезлик олди ва рақибни ортидан кузатиб қўйишни афзал кўрди. Энг асосий ролни ижро этган футболчи эса “Юниред” марказий ҳимоячиси. Вазиятга баҳо беринг. “Машъал” ҳужумчиси тўпни олдинга узатаётган пайтда у оёғини узатса, тўпни тўсиб қолиши ёки ҳаракатини ўзгартириши мумкин бўлган ҳолатда эди.
Тўп унинг ёнидан катта бўлмаган тезликда думалаб ўтиб кетди. Бу ҳолатда мақсади ҳимояланиш бўлган футболчи сўзсиз тўп ҳаракатини ўзгартирган бўлар эди. “Юниред” ҳимоячиларини бу голдаги ҳаракатлари ҳам табиий эмас”.
П.С. Энг ачинарлиси шундаки, “Юниред” ЎзПФЛ томонидан ривожланиш йўлидаги ҳаракатлари учун рағбатлантирилган ва Биринчи лигадан Про лигага кўтарилиш ҳуқуқини (1 лигадаги керакли ўринни эгаллай олмаган бўлсада) қўлга киритган эди. Шахсий жамоа ва келажак проекти сифатида қаралган клубнинг бу ишидан кўпчиликнинг кўнгли қолгани аниқ. Шунга қарамай, қўлидан тутмаган бўлсак, ҳеч кимни ўғри дейишга ҳаққимиз йўқ. Бу шунчаки, журналист ва футболчининг кўзи билан вазиятга берилган баҳо. Бизнинг назлимиздаги “спектаклда” “Машъал” ҳам рол ижро этганми ёки томошабинга айланганми? Бу саволнинг жавобини ЎФАнинг тегишли бўлимлари томонидан (агар ўтказилса) олиб борилган суриштирув-текширув ишларидан сўнг билиб олишимиз мумкин.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар
Энг аввал шу "тахлилчини" исм фамилиясини ёзиб кейин шу" маколачангни" оммага такдим эт.