"Про лигада осон бўлмаслигига кўзим етяпти". Рашид Ғофуров Суперлигада ўйнаган қайси ўйинчиларни "Навбаҳор-фарм"га олиб келганини биласизми?
Ўтган йили биринчи лига ғолибига айланган “Навбаҳор-фарм” жамоаси бу йил про лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мухлисларга яхши таниш бўлган Рашид Ғофуров бош мураббийлигидаги ушбу жамоа анчадан бери маҳаллий тарбияланувчилар билан ажойиб натижалар қайд этиб келмоқда. Про лигада ҳам маҳаллий ёшларнинг савияси янада ошиши кутилмоқда.
Албатта, про лигада жиддий рақиблар бор. Шу боис биринчи лигадан чиққан “Навбаҳор-фарм” таркибига тажрибали ижрочиларни ҳам қўшиб олди. Куни кеча Sports.uz журналисти шу масала бўйича бош мураббий Рашид Ғофуров билан боғланди.
- “Навбаҳор-фарм” про лигага чиққани учун таркиби яхши даражадаги ижрочилар билан кучайтирилди. Бу хусусида нима деган бўлардингиз?
- Ўтган йилги таркибимизнинг асосий негизини сақлаб қолдик. Бошқа жойларда ижарада ўйнаётган маҳаллий йигитларимиз қайтди. Улар “Навбаҳор”нинг асосий таркибига ўтишмайди. Аммо про лигада жамоамизга фойдасини тегишини инобатга олиб, таклиф қилганмиз. Муҳими, асосий таркиб негизи сақлаб қолинган. Битта футболчимизни “Сўғдиёна”га кетиб қолганини ҳисобга олмасак, қолган барча ўйинчиларимиз шу ерда. Бизга ёрдам берадиган футболчилардан Иброҳим Ғанихонов, Ислом Рашидхонов, Шохруҳ Маҳмудхожиев ва яна бошқа йигитлар билан муносиб қатнашишга ҳаракат қиламиз. Уларни олдиндан яхши биламиз. Жамоамизга мослашиб ёрдам беришади, деган умиддамиз. Улар Суперлигани кўрган. Тажрибалари билан жамоамизга асқотишади.
- Дарҳақиқат, ушбу футболчилар Суперлигада тўп суришган. Уларни про лигада “Навбаҳор-фарм” учун тўп суришга кўндириш қийин кечмадими?
- Йўқ, қийинчилик туғдирган жойи бўлмади. Наманганлик йигитлар бўлишгани учун бошқа жойдан кўра ўзимизга ёрдам беришларини сўрагандик. Ёрдам беришдан бош тортишмади, рози бўлишди. Аслида ушбу футболчилар Суперлига даражасидаги ўйинчилар. Чемпионатда ҳам буни амалда кўришни хоҳлаймиз.
- Про лигада жамоа олдига конкрет қандай вазифа қўйилди?
- Чемпион бўлиш мақсади қўйилгани йўқ. Вазифамиз “Навбаҳор”га фақат савияли ўйинчиларни етказиб бериш. Биз шунга интиламиз. Қанақа ўринни эгаллашимиздан қатъий назар асосий жамоага муносиб футболчиларни етказишда фойдамиз тегса бўлди. Бу бизни ҳеч қанақа ўринга курашмайди, дегани эмас. Ҳамма қатори яхши ният қиламиз, олдинга интилишга ҳаракат қиламиз. Ўтган йили ҳам 1-ўринни вазифа қилиб қўйишмаган. Фақат ўзимиз охиригача курашишга бел боғлагандик ва якунда мақсадимизга эришдик. Боя айтганимдек, асосий таркибимизга савияли ўйинчиларни етказиб бериш муҳим. Савияли футболчилар қачон кўринади? Яхшироқ жамоаларни ютиб турганда кўринади. Шуни орқасидан йигитларга таклифлар ҳам бўлади. Қачонки, “Навбаҳор”дан ортиб қолса, кейин бошқа клублардан сўраб қолиши мумкин. Таркибимиздаги аксарият ўйинчилар наманганлик йигитлар.
- Про лиганинг даражасини қандай кўряпсиз ва асосий рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
- Ўтган йилдан бери про лига учрашувларини телевизор орқали кузатдим. Ўшанда кўрганларим асносида ўйнаса бўладиган жамоалар дея ўйлаб юрардим. Биз бу йил тайёргарлик жараёнларимизни Тошкентда ҳам олиб бордик. Ўшанда про лига клублари савиясини ўз кўзимиз билан кўриб, ўртоқлик учрашувларида иштирок этдик. Суперлигадаги 4-5 та клубдан ҳеч қанақа қолишадиган жойи йўқлигини кўрдим. Сабаби, про лиганинг ҳам савияси анча юқори. Етакчи жамоалар билан ўйнадик, таркибларида легионерлари бор. Шунга яраша олдига жиддий мақсадларни қўйишган. Ўртоқлик баҳсларида етакчиларга қарши ўйин томонлама ютқазмаган бўлсак-да, про лигада осон бўлмаслигига ақлим етдим. “Машъал”дан ташқари, “Қўқон-1912”, “Динамо”, “Локомотив”, “Шўртан” каби бир қатор олдига аниқ мақсад қўйган жамоалар бор. Бундай вазифаси бор клубларда молиявий ҳолат ҳам яхши бўлади ва таркиб борасида ҳам яхши ижрочиларга эга бўладилар. Шунинг учун про лигада осон бўлмаслигига кўзим етяпти. Биз асосан юқоридаги тажрибали футболчиларни сафимизга қўшдик. Қолгани асосан ўтган йилги ўйинчилар. Жамоани про лигага олиб чиққан футболчиларни қўйиб юборишимиз ҳам нотўғри. Улар 2-3 йил меҳнат қилишди ва про лигада тўп суришга ҳақлилар.
- Молиявий ҳолат яхшими?
- Ҳозиргача бўлган муаммоларни барчасини ҳал қилишяпти. Ойлик маошлар ўтган йилгига нисбатан кўтарилган. Тошкентда йиғин ташкил қилдик. Нолийдиган жойимиз йўқ, эътибор яхши.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар