Профессионал бокс бўйича дастлабки Ўзбекистон чемпионати ғолиблари аниқланди

  • 10 сентябрь, 2018, 09:45
  • 0
  • Бокс

Куни кеча Фарғона шаҳрида профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. 5та вазн тоифасида ўтказилган мазкур финал жанглари мухлис ва мутахассисларда улкан таассурот қолдирди.

Дастлаб, 53.525 кг вазн тоифасида учинчи ўрин учун фарғоналик Умиджон Маликжонов ва Хоразм вилояти вакили Йўлдошбой Оллоназаров рингга кўтарилишди. Ушбу жангнинг 4-раундида хоразмлик чармқўлқоп устаси жангни давом эттира олмади ва ушбу вазн тоифасида Умиджон Маликжонов совриндорлар қаторидан жой олди.

Финал жангида эса тажрибали Олим Назаров навоийлик ёш иқтидор Нуржан Сериковни мағлуб этди ва Ўзбекистон чемпионлиги камарини қўлга киритди.

63.503 кг вазн тоифасидаги жанглар ҳам қизиқарли кечди. Учинчи ўрин учун ўтказилган баҳсда Тошкент шаҳри вакили Шоҳрух Ашуров мезбон боксчи Исломбек Турсунбоев устидан ғалаба қозонди.

Финал жангида хоразмлик Абдурасул Исмоилов Навоий вилоятидан ташриф буюрган Улуғбек Дўстмуродовни  3-раундда техник нокаут учратди ва чемпионлик камарига эга бўлди.

66.678 кг вазн тоифасидаги жанглар ҳам барчада илиқ таассурот олдирди. Ушбу вазнда учинчи ўрин учун ўтказиладиган жанга қашқадарёлик Шаҳбос Боқиев кела олмаганлиги сабабли ғалаба Хоразм вилояти вакили Фаррух Илхомовга берилди. Финал жанги эса том маънода жанг оқшомининг кўрки бўлди, десак муболаға бўлмайди. Икки тенг кучли рақиб - Тошкент шаҳри вакили Мухаммадсалим Сотиболдиев ва мезбон Акрамжон Мамажонов тўқнашувида Тошкент шаҳри вакили очколар ҳисобида устун келиб, илк бор ўтказилаётган ушбу чемпионат камарини қўлга киритди.

Қолган вазн тоифаларида фақатгина финал жанглари ўтказилди. Айрим сабабларга кўра, учинчи ўрин учун жангларга баъзи боксчиларимиз кела олмади.

69 кг вазн тоифасидаги финал жанги ҳам фарғоналикларни хушнуд этди. Сабаби ушбу вилоят вакили Акмалхон Жамолхонов сурхондарёлик Музаффар Рашидовни очколар ҳисобига мағлуб этди.

Сўнги финал 76,203 кг вазнда бўлиб ўтди. Фарғона вилояти шарафини химоя қилган Муслимбек Олимов хоразмлик Ражапбой Отаназаровни биринчи раунднинг илк сонияларидаёқ нокаутга учратди.

Шундай қилиб, профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 5 вазн тоифасидаги дастлабки ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Қолган 5 вазн тоифасидаги финал жанглари эса хабарингиз бор, 15 сентябрь куни Самарқандда ўтказилади.

888

Эслатиб ўтамиз, ушбу финал жанглари 6 раунддан иборат бўлиб, ғолиб- 8 млн, иккинчи ўрин сохиби – 4 млн, учинчи ўринни қўлга киритган боксчи – 2 млн сўмни қўлга киритдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!