Профессионал бокс бўйича МДҲ мамлакатлари орасида ким етакчи ёхуд Ўзбекистон қайси ўринда? (Таҳлил)
Маълумки профессионал бокс оламида тўртта нуфузли WBC, WBA, IBF, WBO йўналишлари мавжуд. Мазкур йўналишлар доимо, боксчилар рейтингини эълон қилиб боради. Бу албатта жуда муҳим саналади. Бугун биз WBC, WBA, IBF, WBO нинг барча вазн тоифаларида кучли бешликдан ўрин олган МДҲ давлатлари боксчилари ҳақида маълумот бермоқчимиз. Шунингдек, бу борада қайси юрт пешқадам эканлигига ҳам тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Демак, МДҲ мамлакатларидан жами бўлиб, кучли бешликдан 38 та боксчи ўрин олган. Бу борада Россия яққол пешқадам бўлиб турибди. Чунки, рус боксчиларининг 20 нафари юқори беш ўринларда қайд этилган. Уларнинг 3 нафари Дмитрий Бивол (WBA), Артур Бетербиев (IBF,WBC) ҳамда Сергей Ковалёвлар(WBO) чемпионлик камари соҳиблари ҳисобланишади.
Иккинчи ўринда мос равишда 5 тадан вакилларига эга Украина ҳамда мамлакатимиз боксчилари турибди. Украиналикларда 1 нафари яъни Василий Ломаченко (WBC, WBA, WBO) чемпионлик камари соҳиби саналади. Аслида уларда тўртта чемпион бўлиши мумкин эди. Лекин вакант IBF камари учун жангда Сергей Деревянченко қозоғистонлик Геннадий Головкинга, Александр Гвоздик эса, кеча камарларни бирлаштирувчи тўқнашувда Артур Бетербиевга имкониятни бой бериб қўйди. Қолаверса, ярим оғир вазндаги мутлоқ жаҳон чемпиони Александр Усикни оғир вазнга ўтиши муносабати билан, бу юрт вакилларида ягона чемпион Василий Ломаченко қолди.
Ҳамюртларимиз эса, ҳозирча нуфузли йўналишларнинг ҳақиқий чемпионлик камарига эга эмаслар. WBC Silver, WBA Asia, интерконтинентал чемпионлик камарлари мавжуд. Албатта, секин-аста бу марраларни ҳам забт этамиз. Айниқса, Муроджон Аҳмадалиев ва Қудратулло Абдуқаҳҳоровлар бундай натижага жуда яқин турибди. Қолаверса, Шаҳрам Ғиёсов, Шоҳжаҳон Эргашев, Исроил Мадримов, Азизбек Абдуғофуров, Бектемир Мелиқўзиевларнинг ҳам нуфузли камарларни қўлга киритиши учун салоҳиятлари етарли.
Биласиз, рейтинг ҳар ой янгиланиб туради. Навбатдагисида ҳамюртларимиз сони янада ошиши мумкин. Чунки, Исроил Мадримов айни вақтда,WBA йўналишида 6-ўринда қайд этилган. Қолаверса, Олимжон Назаров, Равшанбек Умурзақовлар ҳам йил якунига қадар, юқори поғоналарга кўтарилса ажаб эмас.
Кейинги натижа ён қўшниларимиз қозоғистонликларга тегишли. Улардан уч нафари юқори поғоналарни забт этган.Бир неча кун аввал украиналик Сергей Деревянченкони мағлуб этиб, IBF камарини қўлга киритган Геннадий Головкин чемпион бўлса, Бейбут Шуменов WBA нинг регуляр (оддий чемпионлик) камари эгаси саналади.
Кейин эса, бир йўла бешта мамлакат биттадан вакилига эга. Улар орасида латвиялик Майрис Бриедис WBO чемпиони ҳисобланади. Литва вакили Эгидиюс Каваляускас WBO чемпионлик камарига даъвогар саналади. Қолаверса, Тожикистон, Беларусь ҳамда арманистонликлардан ҳам бир нафардан боксчилар юқори бешликдан ўрин олган.
Қуйида барча боксчиларни эътиборингизга авола этамиз:
Россия
Заур Абдуллаев,
Роман Абдуллаев
Александр Беспутин
Роман Андреев
Батир Ахмедов
Сергей Липинец
Ражаб Бутаев
Баҳрам Муртазалиев
Магомед Мадиев
Матвей Коробов
Фёдор Чудинов
Игор Михалков
Дмитрий Бивол
Артур Бетербиев
Сергей Ковалёв
Умар Саламов
Алексей Егоров
Юрий Кашинский
Руслан Файер
Александр Поветкин
Ўзбекистон
Муроджон Аҳмадалиев
Шоҳжаҳон Эргашев
Шаҳрам Ғиёсов
Қудратулло Абдуқаҳҳоров
Азизбек Абдуғофуров
Украина
Василий Ломаченко
Виктор Постол
Сергей Деревянченко
Александр Гвоздик
Александр Усик
Қозоғистон
Айдос Ербосинули
Геннадий Головкин
Бейбут Шуменов
Тожикистон
Шавкат Раҳимов
Латвия
Майрис Бриедис
Литва
Эгидиюс Каваляускас
Беларусь
Иван Баранчук
Арманистон
Азат Ованнисян
Фикрлар