Профессионал боксчиларимиздан иборат "Ливерпуль" таркиби билан танишинг
Сўнги йилларда жаҳон футболида Юрген Клопп бошчилигидаги “Ливерпуль” клуби ажойиб натижаларни қайд этмоқда. Чемпионлар лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолибига айланди. Бу йил узоқ кутилган Англия премьер лигаси чемпионлигига яқин эди. Хуллас, германиялик мураббий ажойиб жамоа шакллантира олган.
Мен айнан ушбу клубни Ўзбекистон профессионал боксчиларига ўхшатаман. Яъни, ҳозир мамлакатимизда мазкур йўналишда ҳам кучли авлод вужудга келган.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз профессионал чармқўлқоп усталари талқинидаги “Ливерпуль” таркибини тузиб чиқдик.
Албатта, бу ўзига хос ўхшатиш бўлса-да, замирида бир оз ҳақиқат бор десак, янглишмаган бўламиз. Уларнинг майдон ва рингдаги ҳаракатлари, услублари, мехнаткашлиги ва яна бир қатор хусусиятлари бунга мисол бўла олади ва шундан келиб чиққан ҳолда, "Ливерпуль" жамоаси вакиллари билан уйғун тарзда чизиқларга қўйишга ҳаракат қилдик. Шу ўринда бу шахсий қарашларимиз маҳсули эканлигини тўғри тушунасиз.
Дарвоқеа, боксчиларимиз орасида “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити” нинг мухлислари бўлса, бизни маъзур тутадилар, деган умиддамиз. :)
Демак, бошладик...
Дарвозага Баҳодир Жалолов (Алиссон)
- Тўғри, оғир вазнли боксчимиз ҳозирда ҳаваскор боксдаги фаолиятига урғу берган. Лекин унутмаслик керакки, у профессионалда ҳам мағлубиятсиз одимини давом эттирмоқда. Унинг, бу чизиқни эгаллаши эса барчага тушунарлики, дарвозабонларнинг энг муҳим жиҳати бу бўйининг баландлигида... Асосан жарима зарбалари, бурчак тўпларида бу жиҳат жуда асқотади. Қолаверса, юртдошимиз ўзининг “жеб” зарбалари орқали деярли рақибини ёнига йўлатмайди. Бу ўзига хос ҳимояланиш хусусияти яхши ривожланганлигидан далолатдир. Дарвозабоннинг асосий вазифаси эса, барчага маълум...Алиссон эса, бу борада беназир ҳисобланади.
Ўнг қанот ҳимоячиси, Қудратилло Абдуқаҳҳоров ( Трент Александер Арнольд)
- Маълумки, Арнольд жуда кўп мехнат қилади. Ҳужумга қўшилиш, ҳимояланиш, бир сўз билан айтганда унинг кардиоси мукаммал деб айта оламиз. Қудратиллонинг қандай мехнаткашлигини барча билади ва бир неча бор 10-12 раундлик тўлиқ жангларини кузатганмиз. Унинг жисмоний ҳолати ҳам ҳавас қилса арзигулик даражада.
Чап қанот ҳимоячиси, Азизбек Абдуғофуров ( Эндрю Робертсон)
- Бу боксчимиз ҳам жуда мехнатсеварлиги, ўзининг устида кўп ишлаши натижасида ушбу даражага етиб келди. Қолаверса, Аррнольд ҳамда Робертсоннинг тез-тез ўринларини алмаштириб туриши, сўзсиз бир-бирларини тушунишини инобатга олсак, бу чизиқларга Азизбек ва Қудратилло варианти энг муносиби бўлса керак.
1) Марказий ҳимоячи, Исроил Мадримов (Вирджил Ван Дейк)
- Бу чизиқда шубҳасиз, ҳимояланиш хусусияти мукаммал бўлиши лозим. Мадримовда эса, бу жуда яхши ривожланган. Қолаверса, мерсисайидликлар сафида ОАВ орасида энг кўп тилга олинаётган Ван Дейк бўлса, профессионал боксчиларимиздан жаҳон матбуоти ва мутахассисларни эътиборини энг кўп тортаётгани Исроил десак, муболаға бўлмайди. Қисқаси биз шу вариантда тўхтадик.
2) Марказий ҳимоячи, Бектемир Мелиқўзиев ( Жоэль Матип )
- Бу жойга бироз ўйланишга мажбур бўлдик. Бектемирни ҳимоявий жанг кўрсатади деб ўйламайман. Шундай бўлсада, бу чизиқда яккакурашларда ғолиб чиқа оладиган, гавда жиҳатидан мукаммал бўлиши кераклигини инобатга олиб, Бектемир вариантини танладик. Матипни яккакурашларда кўп бора ғолиб чиққанига гувоҳ бўлганмиз.
Таянч ярим ҳимоячи, Фазлиддин Ғоибназаров (Жордан Хендерсон)
- Фазлиддинда етакчилик хусусияти борлиги ва тажрибасини инобатга олиб, мазкур вариантга уни мос тушади, деб ўйладик. Чунки “Хендо” "Ливерпуль"нинг хақиқий сардори ҳисобланади. Қолаверса, ҳар иккисида кутилмаган қақшатқич зарбалари мавжуд. Бунга Фазлиддининг нокаутли ғлабалари ва Хендерсоннинг узоқ масофадан урган голлари яққол мисол бўла олади.
1) Ярим ҳимоячи, Шаҳрам Ғиёсов (Алекс Окслейд-Чемберлен)
- Уларни ўзаро боғлаб турадиган жиҳати универсаллигида Алекс марказда, қанотда, ҳужумда ҳам бирдек фойдали... Шаҳрам ҳам ақлли жанг ўтказади. Вазиятга қараб, тактикаларни алмаштира олади. Қолаверса, ҳар иккисида ҳам ажойиб зарбалар бор. Фарқи биттаси оёқда зарба берса, иккинчиси мушт билан йўллайди. :)
2) Ярим ҳимоячи, Олимжон Назаров ( Жоржиньо Вейналдум)
- Шубҳасиз, ҳар иккисида улкан тажриба мавжуд. Қолаверса, Вейналдум Ливерпулда энг кўп “қора” мехнатни қиладиган, “тозаловчи” вазифасини ҳам аъло даражада бажаради. Назаров ҳам кўп йиллик мехнати орқали мана энди ижобий натижаларни қайд этмоқда. Шу томонлама мазкур жойга ушбу вариантни қўйишни лозим топдик.
Чап қанот ҳужумчиси, Шоҳжаҳон Эргашев (Садио Мане)
- Улар ўртасидаги ўхшашлик, ўзига бўлган юксак ишонч ҳамда бироз қизиққонлигини айтишимиз мумкин. Қолаверса, уларнинг ўйланган зарбаларининг аксарияти ижобий натижа, яъни ГОЛ ва нокаут билан якунланишини инобатга олиб, шу қарорни тўғри деб ўйладик.
Ўнг қанот ҳужумчиси, Ҳасанбой Дўсматов (Муҳаммад Салоҳ)
- Мисрлик футболчининг энг катта ютуғи, унинг тезкорлиги ва техникаси юқорилигини айтишимиз мумкин. Бу даражага ким мос тушиши мумкин? Албатта, Ҳасанбой Дўсматов (ҳар ҳолда, биз шундай ўйладик)! Ҳар иккисида бу жиҳатлар уйғунлиги мавжуд. Дўсматов эндигина профи йўналишга қадам қўйган бўлсада, биринчи жангида ушбу тезкорлиги қўл келди.
Марказий ҳужумчи, Муроджон Аҳмадалиев ( Роберто Фирмино)
- Муроджон ва Фирминонинг ўхшаш жиҳатлари деб, уларнинг биринчи навбатдаги майдон ва рингдаги эркин ҳаракатлари ва ранг-баранглик, техник жиҳатдан юқори савияга чиқа олганлигини таъкидлаб ўтган бўлардик. Шунинг учун бу чизиққа Аҳмадалиевни қўйдик.
Мураббий, Раҳматжон Рўзиохунов ( Юрген Клопп)
- Бу икки мутахассисни ўхшаш жиҳати. Албатта, эмоцияга бой эканлигидадир. Буни мухлислар бевосита кўп бора гувоҳига айланган.
Фикрлар