ПСЖ хўжайини “Рома” орқали “Барса”га зарба берди

“Рома” раҳбарияти шу йилнинг 6 август куни Гампер кубоги турнири доирасида “Барселона”га қарши учрашув ўтказишдан бош тортган эди.

Римликлардан кутилмаганда рад жавобини олган Каталония суперклуби етказилган зарар учун компенсация талаб қилиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқатилди.

Энди “Рома” нега “Камп Ноу”га боришни истамагани ошкор бўлди. Аслида римликлар ўз қарорини мавсумолди тайёргарлиги календари ўзгартирилгани билан изоҳлаган бўлса-да, гап бошқа ёқда бўлиб чиқди.

Corriere dello Sport нашрининг ёзишича, ПСЖ президенти ва Европа клублари ассоциацияси (ECA)  раҳбари Нассер Ал-Хелаифий римликларга босим қилгани учун улар “Барселона” билан ўйнамаслик ҳақида қарор чиқарган.

Маълумотларга қараганда, Ал-Хелаифий “Рома”хўжайини Дэн Фридкин билан яхши алоқага эга. Америкалик бизнесмен ҳам ECA директорлар кенгаши ва ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Шу боис, айнан мазкур ташкилот раҳбари бўлган Ал-Хелаифий Фридкинни Гампер кубоги турнирида қатнашмасликка кўндирган.

Ал-Хелаифийнинг бундай қилишига “Басрелона” УЕФАни ларзага солган Суперлига лойиҳасининг асосчиларидан экани сабаб бўлгани айтилмоқда. УЕФА ва ECA ташкилотлари қитъанинг энг бадавлат клубларига мўлжаллаган Суперлига лойиҳасининг энг ашаддий душманлари ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!