ПСЖда тозалаш бошланди. Почеттино етти футболчидан воз кечди
ПСЖ молиявий имкониятини барқарорлаштириш мақсадида етти нафар футболчисини сотиб юборадиган бўлди. Бу ҳақда L’Équipe нашри хабар тарқатди.
Маълумотларга қараганда, Париж клубини дарвозабон Серхио Рико, ҳимоячилар Абду Диалло, Лейвин Курзава, Колин Дагба, ярим ҳимоячилар Эрик Эбимбе, Рафинья ва ҳужумчи Мауро Икарди тарк этиши керак.
Жамоа бош мураббийи Маурисио Почеттино яқинда клуб раҳбариятига 33 футболчидан иборат умумий таркибни бошқариш қийинчилик туғдираётгани арз қилганди. Шундан сўнг, ПСЖ мутасаддилари таркибни қисқартиришга қарор қилди.
Бундан ташқари, мавсум охирида жамоани асосий тўпурар Килиан Мбаппе ҳам тарк этиши кутилмоқда. Ҳужумчи клуб раҳбариятининг сўнгги таклифини ҳам қабул қилмади ва эркин агент сифатида бошқа чемпионатга ўтмоқчи.
Фикрлар