Қатар яшил майдонларидаги илк "отишма" ёхуд Эрон АҚШга қарши!

SPORTS.uz Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этишни давом эттиради. Бугун гуруҳ босқичидан ўрин эгаллаган энг муҳим баҳсни муҳокама қиламиз. Унинг тарихи, ғалабанинг даражаси ва яшил майдонга кўчган зиддият ҳақида! Футбол ишқибозлари мутолааси учун тавсия этилади.

Осиё қитъасидаги иккинчи мундиалнинг гуруҳ босқичи учун ташланган қуръадан сўнг деярли барчанинг эътиборини бир учрашув ўзига қаратди. Бу Бразилия ёки Аргентина сингари грандлар иштирокидаги баҳс эмас, аммо бўлажак ўйиннинг тоши жуда оғир. Шу кунга қадар бундай тўқнашувни тарих бир маротаба кўрган...

Кескинлик сабаби нима?

Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинлик тўғридан тўғри сиёсий қарашларга бориб тақалади. 1979 йилда Эронда ҳокимият алмашинуви содир бўлди. Ўша даврдаги давлат раҳбари Муҳаммад Ризо Пехлави ноиложликдан Америка Қўшма Штатларига қочиб кетади. Мамлакатда тузилган янги ҳокимият эса, АҚШдан Пехлавини ортга қайтаришини талаб қилди. Океан ортидагилар форсларнинг талабини қаноатлантирмагач, Эрондаги АҚШ элчихонаси форслар томонидан "ишғол қилинади". Қўшма Штатларнинг 52 фуқароси Эрон Ислом Республикаси томонидан асирга олинади. Деярли 2 йил давом этган музокаралардан сўнг 1981 йилда Эрон маҳбусларни озод этади. Бу воқеалар ҳақида суратга олинган "Арго Операцияси" фильми қарийб 30 йилдан бери барчани ҳайратга солиб келмоқда.

иран23

АҚШ кўп ўтмай, Эрон Ислом Республикаси билан дипломатик алоқаларни тўхтатди. Йиллар ўтгани сари бу муносабатлар янада ёмонлашиб борди. 1998 йилда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати чоғида муносабатлар ўзининг энг авж палласига чиққан эди. Францияда ўтказилган мундиал сиёсий майдондаги энг азалий рақибларнинг илк дуэли учун имкон яратди. Германия, Югославия, АҚШ ва Эрон бир гуруҳдан жой эгаллади. Бу пайтга келиб, ФИФА рейтингида АҚШ 11-поғонани, Эрон эса 42-ўринни банд қилган эди. Бир қарашда, қитъадошларимиз яққол аутсайдер образида. Якунда шундай ҳам бўлди, Эрон гуруҳда қолиб кетди, аммо бу мундиал улар учун мамлакат тарихидаги энг улкан ғалаба билан тарихда абадий қолди.

Асрга татигулик ўйин тарихи

ран4

"ЖЧ-1998"ни икки терма ҳам кутилган мағлубият билан бошлади. Форслар Югославиядан минимал ҳисобда енгилган бўлса, Қўшма Штатлар дарвозасига "немис машинаси" жавобсиз иккита гол киритди. Иккинчи турда принципиал рақиблар Лион шаҳридаги машҳур "Жерлан" аренасида тўқнаш келди. Шимолий Америка қитъасидан ташриф буюрган жамоа қайдномасида 6 та Европада тўп тепувчи юлдуз бор эди. Эронда эса, "Армениа"даги Али Дайидан бошқа таниқли футболчи йўқ.

Беллашувдан аввал бир нечта акциялар сабабли баҳсдаги кескинлик ортиб кетди. Матбуот анжуманига ташриф буюрган мухлислар 1984 йилда сиёсий сабаб туфайли ўлдирилган Ҳабиб Ҳабирининг расми туширилган баннерни кўтариб чиқди. Ўша куниёқ АҚШда бўлаётган эркин кураш бўйича турнирга эронлик полвонларни киритишмади. Француз телеканалларида эса, Эрондан қочиб кетишга уринаётган бир қизалоқ ҳикояси акс этган ҳужжатли фильм бир неча маротаба эфирга узатилди. Матбуот анжуманида Эрон термасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Жалол Толиби анча кескин фикр билдирди:

"Бундай вазиятда Эрон маданияти ҳақидаги ёлғонларни намойиш этиш яхши эмас. ЖЧда футболга муҳаббат ва бирдамлик ҳақида фикр билдириш лозим. Бизга бўлаётган ноҳақликлардан ҳеч ким фойда кўрмади, бироқ бир неча миллион инсоннинг дили оғриди. Тўғри, биз ҳали ЖЧнинг бирорта ўйинида ғалаба қозонмаганмиз, бироқ буни эртанги тўқнашувда умуман аҳамияти йўқ. Бу ҳаётимиздаги энг катта баҳс, нима бўлган тақдирда ҳам унда мағлуб бўлмаймиз. Бизни ватанимизда урушдан жабр кўрган минглаб инсонлар кутмоқда. Улар учун ҳам эртага майдонда "жанг" қилишга тайёрмиз".

Эрон бу ишни қандай уддалади?

Рақибдан фарқли ўлароқ, АҚШ бу ўйинни имкон қадар омма эътиборида бўлмаслигига ҳаракат қилди. Беллашув учун чиқарилган чипталарнинг 15 фоизини (7 мингтасини) эронлик мужоҳидлар гуруҳи сотиб олгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлгач, икки мамлакатнинг махсус хизмат вакиллари стадиондаги хавфсизликни бирга таъминлашга келишиб олди. Бундан ташқари, одатдагидан 3 баробар кўпроқ полиция офицерлари ўйинга жалб этилди. Мундиал ташкилотчилари стадиондаги ҳар бир секторга кўз-қулоқ бўлиш мақсадида барча эҳтиёт чораларини қўллади.

Иран2

Футбол қоидаларига кўра, номинал меҳмонлар мезбонлар билан ўйиндан аввал қўл бериб сўрашиши керак. Эрон ўша куни баҳсда расмий меҳмон сифатида иштирок этиши кўзда тутилгани боис, форслар рақиб футболчилари билан ўйиндан аввал қўл бериб сўрашишдан бош тортади. Жамоа бош мураббийи Жалол Толиби вазиятни тушунтиргач, ташкилотчилар Эронни мезбонга айлантирди. Эътиборлиси шундаки, АҚШдан ташриф буюрган футболчилар ҳам бунга қаршилик қилишмади. Натижада, форслар мезбон сифатида меҳмон томонидан узатилган қўлларни ҳавода муаллақ қолдирмади.

Ўйин кутилганидан-да шиддатли кечди, аммо бирорта кескин қўполлик кўзга ташлангани йўқ. Баҳсни бошқариб борган швейцариялик рефери Урс Майер атиги 3 бор чўнтагидан сариқ карточка чиқарди, холос. Биринчи бўлим якунига 5 дақиқа қолганида Ҳамид Эсили рақиб дарвозасини боши билан ишғол қилиб, танаффусга жамоасини яхши кайфиятда олиб чиққан бўлса, ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида Меҳди Меҳдавакиа таблодаги натижани 2:0 кўринишига келтирди. Ўйин якуни арафасида Брайн МакБрайд ҳисобни қисқартирди, аммо ғалаба форсларда қолди.

Иран3

Финал ҳуштаги чалингач, форслар худди Жаҳон чемпионлигини қўлга киритгандек байрамни бошлаб юборди. Эроннинг катта шаҳарларида чинакам байрам бошланиб кетди. Воқеаларни ўз кўзи билан кузатган ФИФА расмийси шундай хотирлайди:

"Теҳрон кўчалари рақсга тушган футбол мухлислари билан тўлиб-тошиб кетди. Ҳатто, уларни тинчлантириш мақсадида кўчаларга чиққан офицерлар ҳам байрамга қўшилди. Буни тўғри тушуниш мумкин. Эронда футболни жуда яхши кўришади. Сиз қандай касб вакили бўлишингиздан қатъи назар, биринчи навбатда мухлиссиз! 3-турда Эрон Германияга мағлубиятга учради, аммо бу баҳс натижаси ҳеч кимни қизиқтиргани йўқ. Форслар ўз футболи тарихидаги энг улкан ғалабага эришиб бўлган эди."

иран0

Уларни аэропортда кутиб олиш учун 10 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюрди. Мамлакат футболи раҳбарларидан тортиб, яқин ўтмишнинг олимларигача. Эронда 1998 йилдаги ғалабадан маст инсонларни орадан қарийб 40 йил ўтиб ҳам учратиш мумкин.

Ўзгача якун

Қизиғи шундаки, "ҳаёт-мамот" баҳсидан сўнг икки томон муносабатлари анча яхшилангандек туюлди. Бир мунча вақтдан кейин томонлар Калифорнияда ўртоқлик ўйинида ҳам иштирок этди, аммо Жорж Бушнинг Президентлик даврида вазият аввалги ҳолатидан ҳам кескинлашди. АҚШ Эрон иқтисодиётига санкциялар ёрдамида зарба беришни бошлади. Кейинроқ Бағдод шаҳридаги Эрон генерали Қосим Сулаймонининг ўлими ва бошқа факторлар юзага чиқиб келди. Иш шу даражага етиб бордики, Қатар майдонида икки томон ҳам бир-бирига қўл узатмаслиги ҳақиқатдек кўринмоқда. Францияда бўлган мундиалдан фарқли ўлароқ, Қатардаги тўқнашув чинакам "отишма"га айланиб кетиши ҳеч гап эмас.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akram Haedarov
16/11/2022 00:01
Yahyoho'ja gap yo'q maqolaga. Man eronga balwt qilaman musulmonlar g'alaba qilsin.

&
Abdulla Hikmatov
01/05/2022 00:04
bir napasda o'qidime