Қатарда олқишларга сазовор бўлаётган Сардор Рашидов нега терма жамоага чақирилмаяпти?
Ads

Ўзбекистон миллий терма жамоасига Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинлангач, мухлисларнинг кўнгли бироз таскин топгани аниқ. Чунки Эктор Купернинг истеъфога чиқишини ва унинг ўрнига Абрамов тайинланишини мухлислар хоҳлашаётганди. Мана, улар истаган ўзгариш ҳам юз берди. Лекин биз мақоламизда мураббийларнинг ўзгаришига кўп ҳам тўхталмоқчи эмасмиз. Эътиборимизни эса бошқа масалага қаратамиз. Купер ишлаган пайтда терма жамоамизнинг ҳимоявий тактика асосида ўйин кўрсатиши кўпчиликка ёқмади ва бизга ҳужумкор ўйин манзур бўлиши, айниқса, бу борада ҳужумкор ўйинчиларимиз кўплиги ҳақида гапирилди. Бу чиндан ҳам ҳақиқат. Мухлисларимизга асосан ҳужумкор футбол ёқади ва бу борада бизда тажрибали ўйинчиларимиз ҳам етарлича. Гапни чўзмасдан индаллосига ўтадиган бўлсак, гап Сардор Рашидов ҳақида кетмоқда.

Бу футболчининг нималарга қодирлиги ва қандай салоҳиятга эгалиги ҳақида ортиқча гапиришимиз шарт бўлмаса керак. Ҳаммамиз Сардорнинг кучли томонларини биламиз. Айниқса, индивидуал томондан ҳам катта имкониятларга эга. Қолаверса, у жамоавий ўйинда ҳам ўзини кўрсата олиш хусусиятларига эга. Афсуски, Эктор Купер Рашидовдан кенг қамровда фойдалана олмади. Бунинг сабаби шундаки, Сардор ҳужумга ихтисослашган ўйинчи ва у одатда ҳужумларни якунлашни хуш кўради. Лекин Купернинг услуби умуман бошқача бўлиб, у биринчи навбатда ҳимоявий футболни устун қўйди. Ҳамма кўриб, билиб турганидек, ушбу мутахассиснинг услуби бизга тўрғи келмади. Балки шунинг учун Купер Рашидовнинг имкониятларидан тўлақонли равишда фойдалана олмагандир. Аслида эса бундай ўйинчи ҳар бир жамоанинг муҳим фигураларидан бирига айлана олишга қодир. Купер эса негадир Рашидовдан фойдалана олмади. Лекин энди бу ўтмишда қолди.

рашидов

Аслида Рашидов ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Ҳаётини фақат футболга бағишлаган ва доим олдинга қараб интилишга одатланган Сардор шу даражасига ўзининг меҳнатлари орқали эришди. Айниқса, 2015 йилги Осиё Кубоги унинг фаолиятида туб бурилиш ясади. Ўшанда у миллий терма жамоамиз сафида ёрқин ўйинлар кўрсатган ҳолда мухлис-у, мутахассисларнинг ишончини қозонганди. Кейин эса унинг фаолиятида янги саҳифалар очилди. Айниқса, легионер сифатида Қатарнинг «Ал Жайиш» жамоасидаги фаолияти ёрқин кўринишда ўтгани ва ҳужумчи бўлмаса-да, ярим ҳимоячи сифатида гол уриш борасида сермаҳсуллигини кўрсата олгани унинг катта имкониятларга эга эканлигини яна бир бор кўрсатиб берганди. У легионер сифатида катта ўсишга эришмоқда. Қолаверса, илк ўзбекистонлик футболчи сифатида Португалия чемпионатида ҳам фаолият олиб борди. Тўғри, унинг жамоаси – «Насьонал» асосий лигани тарк этди. Аммо шунга қарамасдан, Сардор Рашидов Португалия чемпионати орқали Европа футболининг ҳавосидан баҳраманд бўлди ва ўзи учун озми-кўпми тажриба тўплади. Шу билан бирга бир учрашувда учта гол уриб, хет-трикка эриша олганини ҳам унутмаслик керак. Яна бир эътиборли томони шундаки, бу футболчимизга ҳар йили Европанинг турли клубларидан қизиқишлар бўлиб туради. Лекин Рашидов араб жамоаларининг хушини «ўғирлаган» десак муболаға бўлмайди. Боиси, арабларнинг етакчи клублари доимий равишда Сардорга расмий таклиф билан чиқишади. Шунинг учун футболчимиз кўпинча ўзи учун бирор-бир клубни танлаш керак бўлганида қийинчиликка ҳам дуч келиб қолади. Мана, у «Насьонал»дан сўнг Қатарнинг «Қатар СК» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу ҳам бежиз эмас. Негаки, юқорида айтганимиздек, Сардорнинг фаолиятидаги ёрқин хотиралар айнан Қатар чемпионатида юз берган. Шу сабабли у «Қатар СК» орқали яна бир бор ёқимли онларни қайтаришни истади. Айтиш мумкинки, ҳамюртимиз ушбу жамоада кутилганидек, ўзини кўрсатишни бошлади ва ҳозиргача еттита голнинг муаллифига айланиб улгурди. Бу ҳам унинг ўйинга ва голларга чанқоқлигини яна бир бор кўрсатиб турибди. Янада аҳамиятлиси унинг ўйинлари ва киритган голларини Европада ҳам кузатиб боришяпти. Аниқроғи, нуфузли ва кўзга кўринган сайтлар Рашидовнинг голларини ўз саҳифаларига жойлаб боришмоқда.

рашидов2

Бошқа юртда жавлон уриб, ишончни қозониб келаётган ўзимизнинг қора кўздан нега энди терма жамоамизда фойдаланмаяпмиз? Ваҳоланки, унинг ўзида ҳам миллий терма жамоамизга ёрдам бериш истаги жуда юқори. Керак бўлса, терма жамоамиздан чақирув бўлишини доим кутади. Афсуски, боя айтганимиздек, Купер ишлаган пайтда ундан максимал даражада фойдалана олмади. Мана, энди футболимизни ва футболчиларимизни яхши биладиган ўзимизнинг Вадим Абрамов терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Кўпчилик эса Вадим Карленович Сардорни терма жамоага чақирадими ёки йўқми, шунга ҳам қизиқишмоқда. Куни кеча бош мураббий билан суҳбатлашганимизда айнан Рашидов ҳақида унга савол билан мурожаат қилгандик. Лекин мураббий умумий шаклдаги гап билан чекланиб, ҳамма учун терма жамоа эшиги очиқлиги ва муносиблар ўйнаши кераклиги ҳақида гапирди. Лекин билишимизча, бош мураббий Яманга қарши ўйин учун Рашидовни чақирмаган. Ахир ҳужумкор ўйинни ёқтирадиган Абрамовнинг услубига Сардор жуда мос тушади-ку, шундай эмасми? Майдонда серқирра ва ижодкорлигини намойиш эта оладиган ўйинчилар бизга жуда зарур бўлиб турган бир пайтда нима сабабдан ана шундай футболчилардан фойдаланмайди? Ахир унинг қайтиши рақобатни янада кучайишига ҳам туртки берган бўларди. Тан олайлик, ушбу ўйинчимизда катта иқтидор ва салоҳият бор. Аммо унинг ўша салоҳиятини майдонда янада чиройли қилиб очиб берадиган – бу мураббий саналади. Бугунги кунда биз учун натижа сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган пайтда Абрамовга айнан Рашидовга ўхшаган ҳужумкор ўйинчилар зарур эмасми? Асосийси у «Қатар СК»нинг етакчиларидан бирига айланди ва доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлган ҳолда голлар уриб, ўзини кўрсатмоқда. Хўш, Абрамовга яна нима керак? Мана шундай ёрдами тегадиган футболчилар унга керак деб ўйлаймиз. Бизнингча, ўзи ҳам Рашидовни кузатиб бораётган бўлса керак. Шундай экан, миллий терма жамоамизда албатта Сардорнинг алоҳида ўрни бор. Балки Купер даврида бизга мос келмаган тактикага бошқа футболчиларимиз  қатори у ҳам мослаша олмагандир. Бироқ энди вазият ўзгарди. Ахир Фаластинда терма жамоамиз қандай ўйнаганини ҳаммамиз кўрдик-ку! Шундай экан, бугунги терма жамоамизга Рашидовга ўхшаган футболчилар ниҳоятда зарур.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abduvosit Majidov
26/09/2019 23:08
Sardorni o'zi yozdimi bu maqolani
&
Admiral_uz
26/09/2019 22:24
Sardor Rashidov general u top uchun kurashmaydi, unga faqat yetkazib berish kerak, fint ko‘rsatib faqat topni aldaydi raqib futbolchisini aldashni yomon ko‘radi, qisqasi hozirgi Sardor terma jamoada yaxshi o‘ynolmaydi, undan Doston yaxshi
Aliyev Shahboz
27/09/2019 01:12
Sardorni juda osmonga koʼtaripti lekin qoyil. Yaxshi oʼyinchidir lekin jamoaviy oʼyinchimas himoyaga qaytish umuman yoq MTJ dagi ohirgi oʼyinlarini koʼrsela bilasila. Faqtida sheriklariga oshirmasdiyam buni deb gapam eshitganini koʼrganmiz. Qisqasi zvezdadan berganidi oʼsha paytlaar. Termaga qoni qaynoq vatanni sevadigan haqiqiy jangchilarni chaqirishsa yaxshi boʼlardi.
Komol Omon
26/09/2019 23:16
Зур боганда европада уйнаб кетарди
Вадимакага ургатмаларинг узи билади
Gulmurod Tuxtashev
27/09/2019 16:15
"Асосийси у «Қатар СК»нинг етакчиларидан бирига айланди ва доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлган ҳолда голлар уриб, ўзини кўрсатмоқда" Канака ГОЛЛАР узи Бир маротаба гол киритган булса. Бу футболчимиз давно юлдузлик деган касаллика чалиниб булган. У факат пул учунгина майдонда узини курсатиши мумкин
Абрамов харкалай акилли мурабий. Агар ростдан хам лойик булса албатта чакиради МТЖга
&
Azalshoh
27/09/2019 11:38
Jamoasi oxirgi o'rinda bo'lsa,chempionatda 4o'yin 4 mag'lubiyat bo'lsa ...Yana Bilmadim...
Нуъмонжон Тошкузиев
27/09/2019 08:49
Юлдузлик касалига учраган бу бола,купрок пул учун клуб учун жуда яхши уйнайди,терма жамоада аксинча????
Xasan Turaev
26/09/2019 23:36
Rashidovni bilmadim,ammo Sergeev chaqirilmasa bo‘ldi.Sergeev umuman terma jamoaga munosib emas.
Salah Salah
26/09/2019 23:28
салому алайкум шу Сардор Рашидовни Купер олмай хато килди менга ёкмади купер услуби
Durbek Hakimov
26/09/2019 23:18
Qatarda tinmay gol urib tursa, chaqiradi. Hammasi o'ziga bogliq
shahram husanboyev
26/09/2019 22:50
Kim qanday fikirda bilmadim hammani uz fikribor lekin termaga rashidov dinisov nestirov lar kerak va zarur sardorga yahshi gapirish kerak uzda kam sonli ihtidor egalaridan

Минбар

Барча блоглар