
"Қайрат" тарбияланувчиси бўлган 19 ёшли футболчи вафот этди
Қозоғистонлик футболчи Диас Тулеу 19 ёшида вафот этди, деб хабар берди Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) матбуот хизмати.
Тулеу "Хан-Тенгри" клуби шарафини ҳимоя қилар эди. Қозоғистон Биринчи лигасининг 25-туридаги "Экибастуз" (4:0) жамоасига қарши ўйин вақтида Диас ўзини ёмон ҳис қилиб, 62-дақиқада майдонга йиқилган. Унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган, кейин эса шифокорлар футболчини майдондан олиб чиқиб кетишган.
— Қозоғистон футбол федерацияси "Хан-Тенгри" клуби ҳужумчиси Диас Тулеунинг бевақт вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу ила қабул қилди.
"Ёш бўлишига қарамай, Диас футболга бўлган иштиёқи ва ажойиб истеъдоди билан ажралиб турар эди. Унинг эрта вафоти катта йўқотишдир. Бу оғир дамларда биз унинг ота-онаси, яқинлари ва жамоаси дардини ҳис қиламиз.
ҚФФ Диаснинг ота-онаси, қариндошлари ва барча яқинларига чин қалбдан таъзия изҳор этади", — дейилади федерация баёнотида.
Ёш ҳужумчи "Қайрат" клуби тарбияланувчиси бўлиб, ўтган йил баҳорида «Хан-Тенгри» жамоасига қўшилган эди.
Comments