Қишлоқдан чиққан юлдуз! Ёхуд Дастонбек Отаболаев - каратэ бўйича Марказий Осиё тарихидаги ягона жаҳон чемпиони!
SPORTS.uz интернет портали ўз анъаналарига кўра, ўзбек спортининг ёрқин вакиллари билан мунтазам интервьюлар ташкил этиб боради. Бизнинг бу сафарги суҳбатдошимиз каратэ WKF бўйича катталар ўртасида Марказий Осиё тарихида биринчи ва ҳозирча ягона жаҳон чемпиони – Дастонбек Отаболаев бўлди.
- Барчанинг спортга кириб келиш йўли бор. Сизда бу қандай содир бўлган ва нега айнан каратэни танлагансиз?
- Мен ёшлигимда жуда ҳаракатчан бола бўлганман ва яккакурашларга бой фильмларни мароқ билан томоша қилиб, улардан илҳомланардим. Спортга қадам қўйишим кўпроқ ана шу фильмлар билан боғлиқ. Нега айнан каратэни танлаганимга сабаб эса ўша пайтларда мен яшаган Олтиариқ туманида каратэ ва эркин курашдан бошқа яккакураш спорт тури бўйича машғулотлар йўқ эди. Шу сабабли отам менинг қизиқишларимни инобатга олган ҳолда, 8 ёшимда каратэ машғулотларига олиб борди. Шу тариқа 21 йилдан буён айнан каратэ спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келяпман. Бунинг учун биринчи навбатда хоҳиш-истакларимни амалга оширган ва доимий қўллаб-қувватлаган отамга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Оила аъзоларингиз орасида ҳам профессионал спортчилар бўлганми?
- Отам ўз вақтида кураш билан шуғулланган. Лекин оиламизда спорт билан профессионал даражада шуғулланганлар бўлмаган. Шу сабабли ҳам ота-онам мени каратэга ўз соғлигимни, жисмоний ҳолатимни яхшилаш учун беришган. Бироқ мен спортда катта ютуқларга эришишни хоҳлардим. Ёшим улғайгани сари ота-онам каратэдан кўра мени кўпроқ қўшимча дарсларга, тил ўрганиш курсларига юборишарди. Улар мени нуфузли олийгоҳларга киришимни ва яхши касб эгаси бўлишимни хоҳлашарди. Чунки ўша пайтларда одамларда спортнинг ортидан қандай натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақида тушунча шаклланмаган эди. Спорт билан шуғулланиб ҳам оила боқиб бўладими, деганлар ҳам бўлган. Чунки ўша пайтларда биз яшаган қишлоқда хеч ким спортда катта ютуқларга эришмаганди. Бу қийинчиликларни енгиб ўтишим учун эса каратэга бўлган муҳаббатим ва доим биринчи бўлишга интилишим менга катта куч берган.
- Аксарият спортчилар фаолияти давомида бир қатор спорт турларида ўз омадларини синаб кўрган. Сиз ҳам каратэтдан бошқа спорт турига ўтиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
- Ўз вақтида менда каратэдан бошқа спорт турига ўтиш имконияти ҳам бўлган. Масалан, 6-7 синфларда ўқиб юрган пайтларимда футбол билан, кураш билан шуғулланганман. Лекин ичимда барибир каратэчи бўламан деган ҳиссиёт бор эди. Чунки менга каратэдаги рақибга бўлган ҳурмат, оппоқ киманоларда чиройли ҳаракатларни амалга ошириш ёқарди. Каратэ бу – жанг санъатлари ичида энг чиройлиси, энг профессионали десам адашмаган бўламан. Чунки каратэда мақсад рақибга кучли зарба бериб, уни қулатиш эмас. Бу ерда чиройли ҳаракатлар билан ўз техникасини намойиш этиш кифоя.
- Сизни нима руҳлантиради?
- Мен ҳаётда ҳам, мусобақаларда ҳам ва ҳатто машғулотларда ҳам ютқазишни хоҳламайман. Мени руҳлантирадиган нарса бу факат биринчи бўлиш, хамма қийин деб хисоблайдиган чўккиларни забт этиш.
- Шахматда ақл-идрок, мустаҳкам хотира. Боксда кучли зарба. Каратэдачи? Ушбу спорт турида ҳар бир инсон олиши мумкин бўлган асосий сифатлар нималардан иборат?
- Бу шубҳасиз темир интизом! Нафакат наратэда балки барча сохада мувофақиятга эришиш учун интизом энг юқори ўринда туради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам белгиланган вақтда машғулотларда бўлиш, ўзингиз хоҳламасангиз ҳам эрталаб соат 6:00 да туриб машғулотга бориш, белгиланган вазифаларни бажариш, сизда жарохат бўладими ёки қандайдир бир оилавий муаммо бўладими бўларни четга сўриб тинимсиз ўз устингизда ишлаш бу хаммани хам қўлидан келмайди.
Каратэдаги энг асосий сифат бу хар кандай вазиятда хам инсон танани бошкара олишидир.
- Фаолиятингиз давомида кўплаб нуфузли мусобақаларда иштирок этгансиз. Сизни қандай мусобоқаларда иштирок этканингиз ва улар орасида энг эсда қоларлиги хақида айтиб бера оласизми?
- Албатта, шу пайтгача жуда кўплаб халқаро мусобақаларда иштирок этдим. Уларнинг барчасидан ўзига ҳос хотиралар қолган. Булар хақига гапирсам жуда хам куп гапиришимга тўғри келади, Азербайджан пойтахти Баку шахрида бўлиб ўткан Ислом ўйинларида бронза медални қулга киритганман ва буни Азербайджан президенти ўзи тақиб куйганди, 2016 йил Португалиянинг Брага шахрида бўлиб ўтган талабалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганман ва ўшандаёқ Ўзбекистон каратэ тарихига кирганман. Боиси, бунгача бирорта ўзбекистонлик спортчи талабалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида совриндор бўлмаган эди. 2021 йил Дубай шаҳрида бўлиб ўтган каратэ WKF бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бу мен учун орзу ушалиши ёки эртакнинг амалга ошиши деса хам бўлади чунки мен Ўзбекистон тарихида илк бор жахон чемпиони деган номга сазовор бўлдим, бунгача Ўзбекистонда жахон чемпионатида ҳаттоки медаль хам бўлмаган. Ўша жаҳон чемпионатида бутун Осиё қитъаси бўйича фақатгина мен олтин медални қўлга киритдим. Хатто каратэ ватани ҳисобланган Япония спортчиларига ҳам ғолиблик насиб этмади. Ушбу ютуғимнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, шу кунга қадар нафақат Ўзбекистон, балки бутун бошли Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам каратэ бўйича катталар ўртасида чемпион чиқмаганди. Хаммага тушунарли бўлиши учун Жахон чемпионатига тариф бериб ўтсам, карате WKF Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун сиз аввал вилоятлараро танловда ғолиб бўлишингиз, ундан кейин мамлакат чемпионатида ғолиб бўлиб, терма жамоа таркибига киришингиз керак. Ана ундан кейин бошланади энг кийини, терма жамога кирганиздан кейин халкаро мусобокаларда, Осиё чемпионатларида ғолиб бўлишингиз, жаҳон каратэ 1 Прьемер-лига мусобокаларида очко жамғариб жаҳон рейтингида ТОП-12 рейтингда бўлишингиз лозим. Ана ундан кейин сиз жахон чемпионатида иштирок этиш учун лицензия кўлга киритасиз. Жахон чемпионатида бутун дунё бўйлаб ўз давлатларининг енг зўр каратэ усталари иштирок этади. Жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва бу рақобатни янаям оширади. Жаҳон чемпионатида бир мамлакатдан атиги 1 нафар спортчи, эркаклар тоифасида жами 5 та вазн тоифа иштирок этади. Бу дегани бутун дунё бўйлаб ҳар икки йилда атиги 5 та каратэ устаси жаҳон чемпиони деган номга сазовор булади. Жаҳон чемпионатида эса 150 дан ортиқ мамлакатдан спортчилар иштирок этади ва уларнинг барчаи жахон чемпиони бўламан деган ният билан келади. Бу мусобақада содда рақибнинг ўзи йўқ. Ҳар бир рақибингиз энг камида ўз мамлакатининг энг кучли спортчиси, жаҳон, қитъа чемпионлари, каратэ юллдузлар ва Олимпия ўйинлари чемпион ва совриндорлари, кўплаб халқаро мусобақалар чемпионатлари ва ТОП рейтинг турнирлари ғолиблари бор!
Мен ғолибликка қадар ҳам беш марта жаҳон чемпионатида қатнашганман. Дастлаб, 2011 йил Малайзиянинг Мелакка шахрида ўтказилаган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида, иккинчиси 2012 йил Франциянинг Париж шахрида катталар ўртасида жаҳон чемпионати, учинчи бор 2016 йил Австриянинг Линц шаҳрида катталар ўртасида жаҳон чемпионати (7-ўрин), тўртинчи бор 2018 йил Испаниянинг Мадрид шаҳрида катталар ўртасида жаҳон чемпионати (5-ўрин). Ниҳоят, 2021 йил Дубайда бўлиб ўтган катталар ўртасида жаҳон чемпионати олтин медаль билан якунладим. Айтишим керакки, мен бу ғалабани 10 йил кутганман ва 5та жаҳон чемпионатида иштирок этганман. 2022 йил Америка Қўшма Штатларининг Алабама штати Бермингем шаҳрида 4 йилда бир бор ўтказиладиган “Жаҳон ўйинлари” (“World games”) комплекс спорт мусобокасида ўзбекистонлик каратэчилар ичида биринчи бўлиб иштирок этдим ва ушбу мусобокада бронза медалини олишга мувофақ бўлдим. Бу мусобокада атиги 8 нафар спортчи иштирок этди, лекин бўлар жаҳон рейтингда ТОП-5 спортчи ва жахон чемпионати совриндорлари дунёнинг энг зўрлари. Қиска қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг чекка бир қишлоғида туғилган бола, жаҳон универсиадаси, катталар ўртасида жаҳон чемпинати ва жаҳон уйинларида илк медални қўлга киритган спортчи сифатида тарихга кирди.
- Терма жамоа сардори сифатида вазифаларингиз нималардан иборат?
- Терма жамоага сардорлик қилиш бу бутун Ўзбекистон каратэчиларига етакчилик қилишдек гап. Хамма хам чемпион бўлиши мумкин аммо хамма хам терма жамоа сардори бўла олмайди, Сардорлик чемпион бўлиш билан бирга лидерлик кила олиш хамдир, айниқса халқаро мусобақалар пайтида муҳим аҳамият касб этади. Чунки жамоанинг қолган аъзолари айнан сардордан куч олади, унинг ютуқларидан илҳомланади, унинг ҳаракатларидан руҳланади. Ўзбекистонда 25,000 та каратэчи бўлса шу 25,000 та каратэчидан бир киши терма жамоа сардори бўлади. Бу эса жуда катта маьсулият. Бир сўз билан айтганда, сардор бу жамоанинг қолган аъзолари учун наъмуна ҳисобланади.
- Келажакдаги режаларингиз.
- Олдинда мақсадларим кўп. Биринчи навбатда “Karate Combat” лигасида ҳам жахон чемпион бўлмоқчиман. Ушбу лига билан шартнома имзолаганман. Шунингдек, жорий йил Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўладиган навбатдаги WKF жаҳон чемпионатида амалдаги чемпион сифатида иштирок этиб, жахон чемпиони деган номни муносиб ҳимоя қилмоқчиман.
- Тахминан 5 йилдан сўнг ўзингизни қаерда кўришни хоҳлайсиз?
- 5 йилдан кейин ўз олдимга қўйган энг юқори марраларни забт этишни хоҳлайман. Агар каратэ 2028 йил Лос-Анжелесда бўладиган Олимпия ўйинлари дастурига киритилса, олтин медални қўлга киритишни хоҳлайман. Бунинг учун қўлимдан келганча меҳнат қиламан. 5 йилдан сўнг ўзимни бир неча карра жаҳон чемпиони, Олимпиада чемпиони ва каратэда -75 кг вазн тоифасининг энг ёркин спортчиси сифатида тилга олинишимни хоҳлайман.
Бахтиёр Тоштемиров суҳбатлашди.
Фикрлар