"Қизилқум" етакчиси: "Мураббий ҳозирча ниманидир кашф қилди дея олмайман, "Нефтчи"нинг мағлубияти менга ҳам ёқмайди"
“Қизилқум” Ўзбекистон Кубогидаги иштирокини давом эттиряпти. Гуруҳдаги биринчи учрашувда “Навбаҳор”га мағлубиятга учраган навоийликлар бу сафар меҳмонда “Нефтчи”ни енгиб қайтишди. Ёдингизда бўлса керак, чемпионат доирасида ҳам “Қизилқум” бу рақибини мағлуб этган ва ўшанда жавобсиз 3 та гол урган.
Хуллас, иккинчи маротаба Навоий клуби устун келди. “Қизилқум” сафида “Нефтчи”нинг собиқ футболчилари ҳам бор. Айниқса, Ислом Тўхтахўжаевни алоҳида айтиш мумкин. Ўтан йилдан бери “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилаётган ўйинчи мазкур беллашувда ҳам ишончли ўйин кўрсатди. Учрашувдан кейин у Sports.uz сайтига интервью берди.
- Аввало Фарғонада қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Бу баҳс ҳақида қандай таассуротлар қолди?
- Раҳмат. Учрашув қийин кечиши маълум эди. “Нефтчи” жамоаси жуда яхши ҳаракат қилди. Фақат бизга омад кулиб боқди ва гол уриб кетдик.
- “Қизилқум” ўтган турда “Навбаҳор”га ютқазганди. Нима деб ўйлайсиз, чиндан ҳам “Навбаҳор” ҳар жиҳатдан кучлими?
- Ҳа, ўша учрашувда мағлубиятга учрадик. Тўғрисини айтганда, менимча ўйин тенг курашлар остида ўтди. “Навбаҳор” чиндан ҳам олдинги йилларга қараганда бу йил кучлироқ.
- “Нефтчи” майдонида ғалаба қозониш осон эмас. Аммо “Қизилқум” буни уддалади. “Навбаҳор”га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг бу ўйинга қандай мотивация топдинглар?
- Албатта, меҳмонда ғалаба қозониш қийин, айниқса, водийда. Рости, бу Кубок учрашувлари бўлгани сабабли ўйинларда кўпроқ босимсиз ҳаракат қиляпмиз.
- Аслида Суперлига билан Кубок баҳсларига тайёрланишда қандайдир фарқ бўляптими? Яъни, чемпионат жамоа учун энг муҳимими?
- Фарқи гуруҳ босқичидан охир-оқибат 3 жамоа кейинги босқичга чиқади. Боя айтганимдек, унчалик босим йўқ. Чемпионатда эса ҳар бир очко жуда муҳим ҳисобланади.
- “Қизилқум” бош мураббийи Никола Лазаревич жамоада ниманидир кашф қиляптими?
- Яхши мураббий. Меҳнат қиляпти. Натижасини кузда кўрамиз. Ҳар бир мураббийни футболга ўз қараши бор. Биз унинг кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо ҳозирча ҳали ниманидир кашф қилди, деб айта олмайман.
- Собиқ жамоангиз Нефтчи сизга қандай кўринди? Охирги пайтларда айниқса, Суперлига учрашувларида ютқазяпти. Бу сафар “Қизилқум”га яна енгилди. Аслида улар мағлубиятга лойиқмиди?
- Ёшлигимдан “Нефтчи”нинг мухлисиман. Мағлубиятга учраётгани менга ҳам ёқмайди. Жамоа энди Суперлигага чиқди. Кўплаб янги футболчилар олинди. Албатта, бундай пайтда уларга вақт талаб қилинади. Мухлислардан озгина сабр қилиб, қўллаб туриш керак.
- Кўпчилик бундай йиғилган таркибда ҳатто мураббийни ҳам кераги йўқ, ҳаммаси тажрибали футболчилар, ўзлари нима қилишни билишади, дейишади. Бунга қандай қарайсиз?
- Бунга қўшилмайман. Мураббийни қўли билинади. Ё яхши томонга, ё салбий томонга. Хави келганидан сўнг,“Барселона”ни ўйини қандай ўзгарганини кўряпмиз.
- Клубда молиявий томондан аҳвол қандай? Ойлик маош ва мукофот пуллари вақтида бериляптими ёки бироз узилишлар борми?
- Бу томондан умуман муаммо йўқ. Ҳаммаси ўз вақтида.
- “Қизилқум”нинг чемпионатдаги ишлари яхши кетяпти. Аммо барқарорликни сақлаш осон эмас. Бунинг учун нима қилиш керак?
- Тинимсиз меҳнат керак. Доим олдинга интилишга ҳаракат қилиш лозим. Ҳар куни озгина бўлса ҳам ўсиш учун ҳаракатдан тўхтамаслик талаб этилади.
Фикрлар