"Қўқон-1912" бош мураббийи: "Селекция ишларини давом эттиряпмиз"

Ўзбекистон Кубоги доирасида “Қўқон-1912” ўз майдонида “Сўғдиёна”га 0:2 ҳисобида мағлубитяга учради. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов иштирок этди.

- Ўйин биз кутгандек бўлди. “Сўғдиёна”ни биласизлар, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам олдига катта мақсадлар қўйган. Ўтган сафар ҳам айтгандим, бугунги учрашувда таркибда ротация қилиб, ҳаммани текшириб олмоқчи эдик. Ҳали мавсум узоқ, ўйинларимиз кўп. Бизда 25 га яқин футболчилар бор. Ҳаммасини кўриб олишимиз керак. Учрашувга келсак, “Сўғдиёна” яхши жамоалиги кўриниб турибди. Лекин таблодаги ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Мен бошқа нарса кутгандим. Футболчиларимиз ҳам қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Ўйинчиларимизга эътироз йўқ. Нимагаки, қайси биридир ҳали ўйнагани йўқ, улар иқтидорли ёшлар. Йигитларга имконият бериб кўрдик. Тажриба ўз сўзини айтди. Бўш зоналар қолдирмадик. Кеча бунинг устида ишлагандик. “Сўғдиёна”нинг ўйинини кўриб таҳлил қилгандик. Бугунги учрашувда 8-рақамдаги легионери яхши таассурот қолдирди. Футболчимиз Зафар биринчи бўлимда жароҳат олиб майдонни тарк этди ва ўнг томонимизда бироз муаммо кузатилди. Бугун индивидуал маҳорат ўз сўзини айтди.

- Бугун “Қўқон-1912” “Сўғдиёна”дан бир бош устун ўйин намойиш этди. Лекин жамоа гол ура олмади. Йигитларни ўзига бўлган ишончи етишмадими ёки омад сабаблими?

- Футболда энг катта роль ўйнайдигани омад. Ўзингиз айтиб турибсиз, футболчиларимизга эътироз йўқ. Мухлислар ҳам, сизлар ҳам кўряпсизлар. Яхши ўйин бўлди. Бир бош устун ўйнади деяпсиз, кўринибди, раҳмат. Йигитларда ишончсизлик эмас, озгина мувозанатни йўқотишди. Чунки ўзларига бўлган ишонч бироз ошиб кетди. Хатоимиз туфайли гол ўтказиб юбордик. Биринчи бўлимда 2-3 та яхши имкониятларимиз бор эди. Иккала бўлимда деярли бир хил ўйнадик. Ўтган йили про лигада ўйнадик, кўрдик. Шунга қараб футболчиларни йиғганмиз. Тўғри, янги жамоа, аммо ёмон футболчилар эмас. 5-6 та учрашувлар ўтди. Тўғри, озгина қийинчилик бор футболчиларда, буни тушунаман. Вақти келади, ҳаммаси ўрнига тушади.

- Бошқа клубларда ҳам 2-3 тадан қўқонлик футболчилар ўйнаб юришибди. Бу йил албатта Суперлигага чиқамиз. Ўша йигитлар билан гаплашиб, селекцияни давом эттириб турса бўладими?

- Худо хоҳласа, ниятимиз бор. Тўғри айтдингиз, биз олдимизга катта мақсад қўйганмиз. Жамоада ҳали бундай инфраструктура бўлмаган. Ҳамма нарса олдинга қараб силжияпти. Биз ҳам тўхтаб турганимиз йўқ. Ҳали биринчи даврагача анча бор. Лекин селекцияни қишдаёқ бошлаганман. Қўқонлик ёшроқ, иқтидорли ўйинчиларга таклиф билан чиқамиз. Ризқи қўшилган бўлса келади. Бундан ташқари ҳам селекция ишларини давом эттиряпмиз. Бизга яна 2-3 та сифатли ўйинчилар кераклиги кўриниб қоляпти.

- Агар Сербия ёки шунга ўхшаш мамлакатлардан ўйинчи олиш керак бўлса, ҳеч бўлмаса Люпче Дориев даражасида бўлса...

- Худо хоҳласа, ҳаракат қиламиз. Раҳбарият, мураббийлар штаби маслаҳат қиламиз. Бошқалар Ўзбекистонда футбол сал пастроқ деб ўйлайди. Лекин Ўзбекистонда футбол жуда ўсган, про лигада ҳам, Суперлигада ҳам. Оддий жамоа қолмади. Олдинга ўсиш бўляпти. Федерациямиз ҳам яхши ишлаяпти. Деярли барча жамоада инфраструктура бир хил бўляпти, шароитлар яхши. Рақобат кучли бўляпти. Ишлаш ва изланиш керак. Ёшроқ, ўзбек футболига мос тушадиган, кучли ўйинчиларни топишга ҳаракат қиламиз.

- Кеча “Андижон” – “Динамо” учрашуви зўр бўлди. Бундай ўйинларни кўриб маза қиламиз...

- Ҳозир ҳамма ўйинлар яхши бўляпти, ёмон учрашувларни ўзи йўқ, про лигада ҳам, Суперлигада ҳам. Ҳамма тайёрланяпти, мураббийлар ишлаяпти, футболчилар ҳам. Биз ҳам янада сифатлироқ қилишга ҳаракат қиламиз.

- Ўтган йили яхши ўйнаган Асадбек Зокиржонов бу йил негадир кўриниш бермаяпти?!

- Асадбек Зокиржоновни қишда юраги билан боғлиқ муаммоси бўлган. Шифокорлар рухсат бермаган. Деярли бир ой шуғулланмади. Қишки йиғинда бир ҳафтани ўтказиб юборса ҳам бу чемпионатда билинади. Асосий юкламаларни олиш керак, у олмади. Мана, энди шифокор рухсат берди. Уни ҳам таркибга қўшяпмиз. Ёш, иқтидорли. Шу йўналишда кетса албатта имкон берамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!