"Қўқон-1912" ўзаро ўйинларда бундай натижага илк бор эришди!

Кеча Coca-Cola Суперлиганинг 5-тур баҳсларига старт берилганидан хабарингиз бор. Эътиборлиси шундаки, 19 июнь оқшомида бўлиб ўтган “Қўқон-1912” – “Қизилқум” ҳамда “Пахтакор” – “Бунёдкор” учрашувларида йирик ҳисоблар қайд этилди.

Ўтган турда “Бунёдкор” майдонида ютқазиб қайтган қўқонликлар бу сафар “Қизилқум” билан баҳсда мухлисларининг кайфиятини кўтара олди ва жавобсиз тўртта гол уришди.

Шу ўринда ушбу жамоаларнинг ўзаро статистикасини кўздан кечирганимизда уч марта йирик ҳисоб қайд этилганига ва унда асосан навоийликлар ғалаба қозонишганига гувоҳ бўлиш мумкин. Яъни, икки марта 3:0 ва бир марта 5:1 ҳисоблари қайд этилган. Шундай экан, “Қўқон-1912” илк бор “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз тўртта гол урган ҳолда ўзаро беллашувларидаги йирик ғалабасини тантана қилди.

Бундан ташқари, чемпионатимиз давомида ҳам қўқонликлар охирги пайтларда асосан 3:0 ҳисобидаги натижани қайд этган-у, аммо анчадан бери рақибини 4:0 ҳисобида тор-мор келтирмаганди. Демак, кеча “Қўқон-1912” йирик ҳисобдаги ғалабаси билан айрим статистик рақамларга чек қўйди.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!