"Қўқон-1912" сафарда хавфли, ўз уйида эса...

Бахтиёр Ашурматов бош мураббийлигидаги “Қўқон-1912” жамоаси Coca-Cola Суперлиганинг 6-туридан сўнг, 9 очко билан мусобақа жадвалида 4-поғонани банд этиб турибди. Жамоа ҳисобида ҳозирча 2 та ғалаба, 3 та дуранг ва 1 та мағлубият бор.

Эътиборимизни тортган жиҳат шу бўлдики, қўқонликлар жорий мавсумда ўз майдонида учта ўйин ўтказишди. Дастлаб “Қизилқум” билан баҳсда ҳисоб очилмади. Сўнг, 4-турда “Бунёдкор”ни қабул қилди ва ушбу беллашувда ҳам дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. 6-турда эса “Металлург”ни қабул қилиб 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Кўриб турганингиздек, қўқонликлар ушбу чемпионатда ўз майдонидаги ўйинларда ҳали гол ура олишгани йўқ. Ашурматов жамоаси Қўқонда иккита очкога эга бўлган бўлса, сафардаги беллашувларда ҳали ютқазгани йўқ.

Жумладан, “Турон” ва “Машъал” майдонида ғалаба қозонди, “Сурхон” билан эса муроса кўчаси танланди. Ҳозирча қўқонликларнинг барча голлари сафардаги ўйинларда киритилмоқда. Қизиқ, жамоа ўз уйида қачон гол ураркин?  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!