"Қўқон-1912" Тошкентдаги машғулотларни бошлади. Таркибда янгилар бор

Coca Cola Суперлигаси ўтган мавсумида 5-ўринни қўлга киритган "Қўқон-1912" жамоаси янги мавсум учун тайёргарлик жараёнини қизғин олиб бормоқда. Водийликлар Тошкент шаҳрида машғулотларни бошлаган. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

"Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” жамоаси кечадан Тошкент шаҳрида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини бошлашди. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилмоқда. Тошкент йиғинида жамоамизнинг икки нафар етакчи футболчилари Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Ойбек Рустамов иштирок этишмаяпти. Бу футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинида иштирок этиш учун Дубайга жўнаб кетган. Ёш ҳужумчимиз Ҳамидилло Абдуҳамидов эса, шифокорларимиз назорати остида даволаниш жараёнини давом эттирмоқда.

Таркибимизга янги футболчилар ҳам қўшилган. “Шунқорлар”нинг машғулотларига Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасидан ярим ҳимоячи Асадбек Собиржонов келиб қўшилди. Асадбек Собиржонов 2000-йилда туғилган , бироқ ёш бўлишига қармасдан суперлигада 35 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол уришга улгурган. Собиржонов ОЧЛда ҳам 2 та ўйинда майдонга тушган.

Фарғонада бўлиб ўтган “Вилоят хокими кубоги-2021” мусобақасида “Истиқлол” жамоаси сафида ўйнаб, мусобақанинг “энг яхши футболчиси” совринини қўлга киритган хужумкор ярим ҳимоячи Анваржон Хожимирзаев ҳам жамоамиз йиғинига келиб қўшилди. Таркибимизга икки нафар ёш иқтидор эгалари қўшилишган . Булар “Нефтчи” жамоасидан Илхом Ваҳобов (18 ёш), “Чиғатой” футбол академиясидан Жамшид Раҳматуллаев (18ёш).

Қуйида Тошкент йиғинида иштирок этаётган футболчилар рўйхати билан танишинг.

Дарвозабонлар: Музаффар Абдуллаев, Хуршид Хўжаев, Элдор Адҳамов.

Ҳимоячилар: Александр Мерзляков, Иван Йосович, Славко Лукич, Бобур Акбаров, Авазхон Маматхўжаев, Илхомжон Вахобов.

Ярим ҳимоячилар: Муҳаммаданас Хасанов, Жамшид Раҳматуллаев, Иқбол Маликжонов, Фарҳод Бекмуродов, Сардор Етовқўзиев, Анваржон Хожимирзаев, Сардор Азимов, Асадбек Собиржонов, Суҳроб Бердиев

Ҳужумчилар: Мўмин Мелиев, Шоҳназар Норбеков, Андрей Сидоров", - дейилади хабарда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!