"Қўқон-1912"нинг тадбиркор футболчиси ҳақида эшитганмисиз? Ёхуд Андижонда яна бир "Бобур арена" очилди
Майдонда тўп сураётган ўйинчиларнинг футболдаги фаолияти қисқа бўлади, деган гапларни кўп эшитамиз. Бу бир томондан тўғри. Шу боис ҳамма футболчилар фаолияти давомида моддий томондан маблағ ишлаб қолиш ҳаракатида бўлади, бу яширинадиган иш эмас, ҳамма билади.
Шундай собиқ футболчиларни кўрамизки, улар ўз пайтида таниқли, тажрибали ўйинчи бўлган, аммо футболдан кейин бир мунча қийналиб қолишган бўлади. Шу сабабли ҳозирда аксарият ўйинчилар фаолияти давомида бир нималик бўлиб қолиш ҳаракатида юришади. Фаолияти билан бирга моддий таъминотининг ҳам ғамида бўлишади. Бу нормаль ҳолат. Ўйинчиларнинг бирор-бир клубга ўтишидан аввал шубҳасиз молиявий таклиф ҳам асосий мезонлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Футболчилар орасида ўзининг турли қизиқишларидан келиб чиқиб бошқа ишга қўл урганлари ҳам йўқ эмас. Яъни, даромад манбаи сифатида тадбиркорлик билан шуғулланаётганлари ҳам футболчилар орасида топилади. Лекин кўпинча улар бу ҳақида сир сақлашга, ошкор қилмасликка уринишади. Шундай бўлса ҳам футболдан ташқари тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўйинчи ҳақида маълумотга эга бўлдик.
Мақоламиз қаҳрамони “Қўқон-1912” сафида тўп суриб келаётган 1989 йилннг 14 февралида таваллуд топган Бобур Акбаров. У Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида вояга етган. Болалигидан футболга қаттиқ меҳр қўйгани сабабли бугунги кунда профессионал ўйинчи сифатида шаклланиб улгурди.
Ўтган йилдан бери қўқонликлар таркибида тўп суриб келаётган ҳимоячи фақатгина футбол билан чекланиб қолмасдан қўшимча даромад манбаи сифатида аста-секин тадбиркорликка ҳам қўл урмоқда. Бу борада у яқинлари билан маслаҳатлашган ҳолда шундай йўл тутмоқда. Футболдан топаётган даромадини кўкка совурмасдан бир сўмни икки сўм қилиш ҳаракатига тушиб қолган Акбаров ўзи туғилиб ўсган Жалақудуқ туманида янги футбол аренасини барпо қилди.
Қизиғи, унга “Бобур арена” деб ном берилди. Куни кеча “Андижон” клуби стадиони номи ҳам ўзгариб, “Соғлом авлод”нинг ўрнига энди “Бобур арена” деб юритилиши расман эълон қилинганди. Шу масалада адаштириб юборманглар, энди Андижонда иккита “Бобур арена” номли стадион бўлади, бири катта, бири кичик.
Бобур Акбаров ўз туманида барча қулайликларга эга бўлган ихчамгина ўйингоҳни қуриб битказди. Ушбу аренага эса ўз номини бериши ҳам табиий эди. Унинг очилиш маросими эса туманда ўзига яраша байрамона руҳда ташкиллаштирилгани ҳам эътиборга молик. Туман ҳокими “Бобур арена”нинг очилишида иштирок этиб, футболчининг бундай саъй-ҳаракатларини олқишлади. Ўз навбатида футболчи sports.uz сайтига бундай ғоя қандай туғилгани ва тадбиркорликни бошлагани ҳақида қуйидагиларни айтди:
- 2019 йили “Андижон” шарафини ҳимоя қилиб юрган вақтимда вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан туманимиз ҳокими томонидан қурилиш учун ташландиқ ер берилганди. У жой чиқинди тўкиладиган бир чуқурлик эди. Натижада ўша ерга анча ишлов бердик, обод қилиб, футбол аренасини барпо қилиш учун ишга киришдим. Мана, бир ярим йил деганда ўша чуқурликни тўлдириб, арена қуриш учун ҳозирладим ва қисқа фурсатда бу майдонни қуриб битказдим.
Шу боис куни кеча Жалақудуқ тумани ҳокими – Ҳикматилло Латипов билан биргаликда ушбу аренанинг очилиш маросимини ўтказдик ҳамда ўзига хос турнир ташкил қилдик. Турнирда 20 дан зиёд жамоалар кураш олиб боришди. 1-2-3-ўринни олган жамоалар турли эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бундан кўзланган мақсад чекка-чекка қишлоқларда ҳам ёшларни спортнинг футбол турига жалб қилишдан иборат, - дейди "Қўқон-1912" футболчиси.
Бобур Акбаров ўзи туғилиб ўсган масканда ҳам футболни янада ривожлантириш, ёшларнинг ушбу спорт турига бўлган қизиқишини ошириши учун хизмат бошлади. Бу албатта ижобий ҳолат. Лекин “Қўқон-1912” ҳимоячиси бу билан асло чекланиб қолмоқчи эмасга ўхшайди. Афтидан, унинг қуриб фойдаланишга топширган “Бобур арена”сидан илҳомланиб яна янгидан-янги ғояларини амалга татбиқ этишни режалаштириб қўйган. Келинг, яхшиси қолганини ўзидан эшитсак:
- Футбол аренасига қўшимча тренажёр зали, волейбол ва баскетбол майдонлари яна стол тенниси майдонларини қуришни ҳам режалаштириб қўйганман. Жалақудуқ туманидаги ёшлар бўш вақтларини спорт билан ўтказиш мақсадида ҳам шундай ишга қўл урдим.
Тадбиркорлик йўналиши бўйича энди дастлабки қадамни ташладим. Бунинг учун Худога шукр қиламан. Энди эса бундан буёғига ҳам бу ишимни янада кенгайтириш мақсадидаман, - дея фикр билдирди, Бобур Акбаров.
Шу ўринда ушбу футболчи ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтсак, зарар қилмасди. Юқорида таништирганимиздек, у 1989 йили Жалақудуқ туманида таваллуд топган. Футболчилик фаолияти давомида “Гулистон”, “Бунёдкор”, “Навбаҳор”, “Андижон” каби клубларда тўп сурди, ҳозирда эса “Қўқон-1912”да етакчилардан бири. У ўтган мавсумда 24 та учрашувда майдонга тушиб 2 та гол урди.
Дарвоқе, 2017 ва 2018 йилги мавсумларда Малайзиянинг “Куала-Лумпур” жамоасида ҳам легионер сифатида тўп сурганини таъкидлаш жоиз. Унинг фаолиятида яна бир қизиқ ҳолат шундан иборатки, Акбаров кўпинча Бахтиёр Ашурматов қўли остида тўп суради. Масалан, “Гулистон”, “Навбаҳор”, “Андижон” жамоаларида ушбу мутахассис билан бирга ишлаган. Ҳозирда эса уларнинг йўллари Қўқонда ҳам кесишди. Демак, Ашурматов билан Акбаровнинг бир-бирига ишончи катта. Бундан кейин ҳам Бобурга футболдан ташқари тадбиркорлик фаолиятида ҳам янгидан-янги марраларни забт этишини тилаб қоламиз.
Фикрлар