Қўрғонтепада белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари ўтказилди
Жорий йилнинг 30 октябрдан 2 ноябрга қадар Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида белбоғли кураш бўйича ўғил болалар ва қизлар (U — 16) ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Қўрғонтепа туман спорт мактабида ўтказилган мазкур кубок беллашувларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 312 нафар (79 нафари қизлар) спортчилар ғолиблик учун куч синашишди.

Регламентга кўра, дастлаб мусобақанинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Маросимда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Қўрғонтепа тумани ҳокими Алишер Ҳалилов, Андижон вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, Республика белбоғли кураш федерацияси бош котиби Абдухалил Маликов ҳамда Андижон вилояти белбоғли кураш федерацияси ижрочи директори Жамолиддин Бозоровлар иштирок этиб, спортчиларга омад тилашди ва мусобақанинг дастлабки ғолиб ва совриндорларини тақдирлашди.
Мусобақада ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналиш бўйича 14 та вазн тоифаларида куч синашишган бўлса, қизлар эркин йўналишда 8 та вазн тоифасида беллашишди.

Муросасиз тарзда ўтган беллашувларда Муҳаммадали Турсунов (Андижон), Нурмуҳаммад Тоҳиржонов (Наманган), Фаёзбек Маҳмадов (Тошкент в.), Азизбек Орифжонов (Фарғона), Даврон Абдураҳмонов (Сирдарё), Бекзод Фаррухов (Бухоро), Қувончбек Шерибоев (Хоразм), Мадинахон Шерматова (Фарғона), Нилуфар Мустапаева (Қорақалпоғистон), Нозигул Сотволдиева (Андижон), Дурдона Мирзабоева (Жиззах) сингари маҳоратли курашчилар ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритди.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади



Комментарии