Қўшимча бўлимларда гол ўтказиб юборган "Барса" суперкубокни бой берди!
Испания Суперкубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда "Барселона" ва "Атлетик" жамоалар ўзаро баҳс олиб борди. Ўйин бильбаоликларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Дастлаб, 40-дақиқада Антуан Гризманн ҳисобни очган бўлса, орадан 2 дақиқа ўтиб, Де Маркос тарози паллаларини тенглаштирди. Ўйиннинг 77-дақиқасида Гризманн дублни расмийлаштириб, жамоадошларига ишонч бағишлади. Аммо бу каталонияликларнинг зарарига ишлади. "Атлетик" ўйиннинг сўнгги дақиқасида ҳисобни тенглаштирди. Қутқарувчи ролида Вильялибре!
Қўшимча бўлимларни руҳий устунлик билан бошлаган бильбаоликлар 93-дақиқада ғалаба тўпини киритди. Иньяки Уильямснинг заргарона зарбаси олдида Тер Штеген ожиз қолди. Ўйин якунига қадар каталонияликлар катта босим билан ҳаракат қилди. Учрашувнинг 120-дақиқасида Лео Месси рақибини қўли билан уриб юборгани учун ҳакам томонидан четлатилди.
Шу тариқа, драматик кечган баҳсда "Атлетик" бош совринга эга чиқди!
Фикрлар