Қосимов-Бабаян! Ким кучли?
Чемпионатда етакчиларидан бири сифатида одимлаётган Наманганнинг “Навбаҳор” клубини Суперлиганинг 5-турида яна бир жиддий ўйин кутяпти. Бу сафар Самвел Бабаян жамоаси меҳмонда Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКга қарши саф тортади.
Бу икки жамоа курашганда айниқса, номлар асосий ўринга чиқади. Яъни, бош мураббийлари чиндан ўзбек футболди катта ном. Бундай пайтда бемалол Миржалол Қосимов ҳамда Самвел Бабаян ўртасидаги тўқнашув дея таъриф ишлатсак ҳам ярашади. Мағлуб бўлишни ёмон кўрадиган мураббийларнинг жамоалари ҳам бу жангга ана шундай “настрой”да тушишади. Уларнинг мақсади ҳам бир: соврин ютиш. Демак, ўз-ўзидан аёнки, бу борада ОКМК ва “Навбаҳор” бир-бирига рақобатчи.
Табиийки, мухлисларни ушбу тўқнашув бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. ОКМК клуби ортда қолган 4 та учрашувда 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этди ва ҳисобида ҳозирча 7 очко бор. “Навбаҳор” эса 3 ғалаба 1 мағлубиятга учради. Албатта, Самвел Бабаян жамоасида таркиб жуда кучли. Ном жиҳатидан ҳам, тажриба ва ўйин савияси томонидан ҳам юқори классдаги футболчилар терилган. Бу борада ОКМК ҳам қолишмайди. Шуни инобатга оладиган бўлсак, Тошкентдаги Жар стадионида ўтадиган ўйин жуда юқори темпда бўлишини тасаввур қилаверинг.
Бу тўқнашув ушбу жамоаларнинг ўзаро 31-ўйинига айланади. Бунга қадар бўлиб ўтган 30 та беллашувнинг 12 тасида ОКМК, 9 тасида “Навбаҳор”нинг қўли баланд келган. Яна 9 та баҳсда дуранг қайд этилган. Буни қарангки, иккала жамоанинг тўплар нисбати тенг: 39\39. 2022 йилги Суперлиганинг ҳар иккала учрашувида ҳам “Навбаҳор”нинг қўли баланд келган. Олмалиқда 1:2, Наманганда 3:1 ҳисобилари кузатилган. ОКМК охирги марта 2021 йилнинг 2 апрель куни ғалаба қозонган. Ўшанда 2:1 натижаси таблода порлаган. Қолаверса, наманганликлар ОКМК мезбон сифатида ўтказилган учрашувларнинг 4 тасида ғалаба қозонган.
Бу учрашувда “Навбаҳор” сафида йўқотиш бор. Асосий ҳимоячиларидан бири Даврон Ҳошимов дисквалификация сабабли жамоасига ёрдам бера олмайди. Ўтган турда ҳам шу сабабли ўйнамаганди. Бундай масала бўйича ОКМКда деярли муаммо йўқ, ҳисоби.
Қосимов ҳам, Бабаян ҳам бир-бирини яхши билишади. Бу жангда мураббийларнинг тактик юришлари ҳам асосий ўринга чиқади. Тўғри, майдонда футболчилар ўйнайдилар, аммо мураббийларнинг бундай пайтда топқирлиги ҳам иш беради. Ўйинчилар майдонда бош мураббийнинг кўрсатмасига асосан тўп суришини унутмаслик лозим. Футболчилар каби бош мураббийлар ҳам бундай марказий тўқнашувда хато қилишдан йироқда бўладилар.
Мусобақа жадвалида пешқадамлар гуруҳида бораётган ушбу жамоалар баҳси қизиқарли ва муросасиз ўтиши ва уни стадиондан бевосита томоша қилувчилар кўплиги инобатга олиниб, чипталар олдиндан тайёрланди ва ўйин куни эрталабдан сотувга чиқарилишни бошлади. Чипталар нархи СИП сектор учун 30.000 минг сўм, қолган барча секторлар учун бир хил тоифада – 10.000 сўмдан этиб белгиланган. “Навбаҳор” мухлисларига 6-7-8 секторлардан чипта харид қилишлари тавсия этилади. Қолган секторларга ОКМК мухлислари ва пойтахтдаги нейтрал ишқибозлар жойлашади. Бу борада ОКМК матбуот хизмати хабар берди.
Олмалиқдан кўра Намангандан минглаб ишқибозларнинг келиши анча ишонарли. Чунки “Навбаҳор” қаерда ўйнамасин ашаддий мухлислари ёлғизлатиб қўйишмайди. Жар стадионида балки Наманган стадионидаги муҳитни кўрсак ҳам ажаб эмас. Мақоламиз аввалида айтганимиздек, Қосимов-Бабаян ўртасидаги олишувга айланадиган баҳсда қайси мураббий кучли чиқаркин?
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар