Қосимов жамоаси тахминларни оқлайдими ёки...
Суперлиганинг 9-турини якунлаб берувчи ўйин – ОКМК ҳамда “Қизилқум” жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Миржалол Қосимов бошчилигидаги олмалиқликлар Суперлиганинг охирги иккита учрашувида кетма-кет мағлубиятларга учрагани ёдингиздами? Аввалига “Металлург”га 2:0, сўнгра “Пахтакор”га 2:1 натижасида мағлуб бўлди. 8-тур баҳслари қолдирилгач, ОКМК энди ўз-ўзидан навбатдаги ўйинга тайёргарлик кўряпти. Қосимов жамоасининг чемпионатда бирин-кетин икки марта ютқазганини инобатга олсак, ОКМК қандай бўлмасин ғалаба учун борини бериши аниқ. Уларни ҳатто дуранг ҳам қониқтирмайди. Мағлубиятлар сабабли жамоа турнир жадвалида ўзига ярашмаган ўринда юрибди. 7 та баҳсда 3 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этиб турибди. Ушбу омил ҳам ОКМКни фақат ва фақат ғалаба учун ундаши шубҳасиз.
Шундай экан, “Қизилқум” клубини жуда мураккаб ўйин кутяпти. Асрор Алиқулов бош мураббийлик қилаётган навоийликларнинг жорий чемпионатдаги натижалари қониқарли даражада эмас. Чунки “Қизилқум” ҳисобида ҳозирча фақат битта ғалаба бор холос. Шунингдек, 2 дуранг ва 4 мағлубияти ҳам мавжуд. Оқибатда 5 очко билан турнир жадвалида 13-поғонани эгаллаб турибди. “Қизилқум” ҳозирча чемпионатда энг оз – 3 та гол урди холос.
Навоийликлар шу кунгача ягона бўлиб турган ғалабасини 2-турда қўлга киритган. Ўшанда “Бухоро” устидан 1:0 ҳисобида ғолиб чиқишган. Шундан бери Алиқулов жамоаси ғалаба қозона олмаяпти. Яқинда клубга жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Аугустин Чирица таклиф қилинди. Алиқулов ҳозир қандай қилиб ОКМКдан очко тортиб олиш ҳақида бош қотиряпти. Ўз навбатида олмалиқликларга ҳам ғалаба қанчалик зарурлигини юқорида ёзиб ўтдик. Таркиб ва ўйин томонлама Миржалол Қосимов жамоасида устунлик бор. Шунинг учун кўпчилик ушбу тўқнашувда ОКМКнинг ғалабасига шубҳа ҳам қилмаяпти.
Ўзаро ўйинларга келадиган бўлсак, бу жамоалар чемпионат доирасида бир-бири билан 32 маротаба майдонда куч синашишди. Яққол устунлик бўлмаса-да, кичик устунлик билан олмалиқликлар олдинда. Боиси, уларнинг ҳисобида 14 та, “Қизилқум”да эса 13 та ғалаба бор. 5 та беллашувда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 53\44 ОКМК фойдасига. Клубларнинг ўтган йилги учрашувларига назар ташласак, ҳар иккаласи сафарда ютган. “Қизилқум” майдонида ОКМК 1:4 ҳисобида ғалабани қўлга киритган. ОКМК мезбонлигида ўтган баҳсда эса меҳмонлар ягона гол эвазига 3 очкони қўлга киритишган. Қизиғи, “Қизилқум” 2021 йили ҳам ОКМК майдонида муваффақият қозонган. Ўшанда 1:2 натижаси билан устунликка эришган. ОКМК ўз уйида навоийликларни охирги бор 2020 йилги чемпионатда 2:1 ҳисобида мағлуб этган.
8 май санасида ўтказиладиган учрашув икки жамоа учун ҳам муҳим. Тахминлар ўзини оқлайдими ёки “Қизилқум” сюрприз қила оладими?
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар