"Қовун" тушириб қўйди, "Олимпик" клубига эса сюрприз. Лопес бунақасини тушида ҳам кўрмаган!

1 августдан Суперлиганинг иккинчи давра учрашувлари бошланиб кетди. Олдин айтганимиздек, энди ҳал қилувчи палла келди. Жамоалар биринчи даврадаги ютуқ ва камчиликларидан ҳамда қайд этган натижаларидан келиб чиқиб иккинчи даврага тайёрланишди, селекция ишларини олиб бордилар.

Гапни чўзмасдан асосий мавзуга ўтиб қўя қолайлик-а? Сиз учун иккинчи давранинг бошланишидаги энг кутилмаган натижа қайси? Ўйлашимизча, ҳамма баралла “Сурхон” – “Олимпик” ўйинидаги 0:5 ҳисобини айтиши турган гап. Агар ташқаридан қараган одамга бу натижа мутлақо ажабланарли бўлиб туюлиши аниқ. 0:5 ҳисоби қайд этилиши учун бунга арзирли, жиддий сабаб бўлиши керак. Ахир “Сурхон” биринчи даврада Анхель Лопес бошчилигида ёмон таассурот қолдирмагани шубҳасиз. Жанговар кайфиятдаги “Сурхон” қандай қилиб дебютант, ёш жамоадан бундай қаттиқ “тарсаки” қабул қилиши мумкин? Лекин амалда шундай бўлди: “Олимпик” мақталаётган “Сурхон” дарвозасига жавобсиз бешта гол урди. Лекин бунинг учун рақиб жамоа майдонда 9 футболчи билан ўйнаши керак бўлди!

сурхон2

Ҳаммаси нимадан бошланди? “Сурхон” посбони Даврон Мергановни қилган иши ушбу мағлубият замиридаги муҳим факторга айланди. Ўйин боши, 3-дақиқа ўтиб бораётганидаёқ Мерганов катта “қовун” туширди. У тўпни тепиб юбориш учун ўзининг “доирасидан” ташқарига чиқиб кетди ва бу ишни эплолмагач, рақибини ўтказиб юборди ва бўш қолган дарвозага тўп йўллаши мумкин бўлган вазиятда дарвозабон майдонга йиқилганича тўпни ушлаб олди! Аммо у ҳали ўзининг ҳудудида эмасди. Айб 100 фоиз Мергановнинг ўзида эди. Бу ҳолатда бош ҳакам унга қизил карточка кўрсатмасдан яна нима қилсин?! Таъбир жоиз бўлса, икки марталик қизил карточкага лойиқ иш қилди. Мана шундай қилиб, Даврон Мерганов ўзининг хатоси туфайли илк дақиқаларданоқ жамоасини қийин аҳволга тушириб қўйди. Бу эса Лопеснинг режаларини ҳам бузиб юборди. Ўйиннинг бундай бошланишини ҳеч ким кутмаганди. Ҳар қандай ҳакам ҳам дастлабки дақиқалардаёқ бирор-бир футболчини майдондан четлатиб юбориши учун бунга 100 фоизли аниқ сабаб керак. Агар жиддий қўполлик қилинганида ҳам бундай вазиятда илк дақиқалар ўтаётганини ҳисобга олиб, истисно тариқасида бироз кечириши мумкин. Лекин Мергановдаги вазият бундай эмас-да!

“Сурхон” майдонда 10 киши қолгач ҳам курашишда давом этди. “Олимпик”ка шунчаки таслим бўлиш ниятида эмасди. 5 та гол урилган ўйиндаги илк гол 35-дақиқада киритилди. Руслан Жиянов ҳисобни очганидан кейин бўлим охирларида “Сурхон” иккинчи “зарба”ни қабул қилиб олди. Мергановнинг қизил карточка олгани етмаганидек, бу сафар Камрон Сайдазимов майдондан четлатилди. У иккинчи сариқ карточкадан сўнг “ҳайдалди”. Бу эса энди ўйиндаги бурилиш нуқтасига айланди ва рақибга сюрприз эди. Сон жиҳатдан ўта сезиларли устунликка эга бўлиб олган “Олимпик” бўлим охиригача иккинчи голни ҳам уришга эришди.

олимпик2

Қолгани иккинчи бўлимда давом этди. Ҳар жиҳатдан рақибдан ожиз қолган “Сурхон” яна учта голни ўз дарвозасидан олиб чиқишга мажбур бўлди. Ҳа, бу мажбурий ҳолат эди. Ҳар қандай жамоага бир эмас, иккита ўйинчиси майдондан четлатилган ҳолда тўлиқ иккинчи бўлимни ўтказиш “даҳшат”нинг ўзгинаси. Бунинг устига рақиб кўзи ёниб турган, кучга тўла, шижоатли “Олимпик” эди. Лопесни эса режалари энди бутунлай издан чиқиб кетганди. Жамоасидан 2 та четлатиш ва дарвозаси томон 2 та пенальти... Бунақасини мураббий тушида ҳам кўрмаган.

“Олимпик” Суперлигада учинчи ғалабасига эришди. Қизиғи, шундан иккитасини ўта йирик ҳисобдаги ғалаба сифатида қўлга киритди. “Бунёдкор” майдонида мезбонларни 1:5 ҳисобида қақшатган Темур Кападзе жамоаси энди Олмалиқда расмий жиҳатдан мезбон саналган “Сурхон”ни аяб ўтирмади. Яъни, иккала 5 тадан гол урган ўйиндаги ғалабаларини сафардаги беллашувларда қўлга киритди.

“Сурхон” 7-мағлубиятини қабул қилиб олди. Ҳали термизликлар йирик ҳисобда ҳеч кимга ютқазмаганди. Жорий мавсумда илк бор ўз дарвозасидан 5 та гол олиб чиқди. Тўғри, 9-турда “Сўғдиёна”дан 4 та гол қабул қилиб олган, аммо ўшанда “Сурхон” 2 та гол билан жавоб қайтарган. Бу сафар эса нима бўлганини ўзингиз кўриб турибсиз. Дарвоқе, маълумот учун: “Олимпик”да фақат 3 та мағлубият бор. Биринчи даврада ушбу жамоалар ўртасидаги баҳсда 0:0 ҳисобида қайд этилган. Демак, “Сурхон” чемпионат доирасида “Олимпик” дарвозасига йўл топа олмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
02/08/2022 09:43
Uta kulgulik chempionat. kecha Olimpik haqli galaba qazondi. lekin mana shunoqa vaqt odamni asabi buziladida. nimaga nimaga degan savol odamni miyasi eb quyadi. Nasaf Pahtakor uyiniga ham huddi shunoqa holat buldi. Sanjar Quvvatov. Bobur Abduholiqovni. ochiqchasiga Boburni qupollik qilib tuhtatdi keyin u etmaganday. Tupni ham qaytardi lekin sudiya. jim. bu erga pahtakorni ham sudiyani ham aybi yuq. shunchaki PFL hodimlari Uzbek fudbolini uldergani qoladi. Hokimla Viloyatla mlartlap pul ishlatib. ham Uzbek fudbolini jozibasini yoqotishiga. jim qarap turadi.