Ҳусанов билан бирга ва унга қарши ўйнаган футболчиларни аниқлашди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг футболчи сифатида босиб ўтаётган йўли нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатлардаги иқтидор эгалари учун ҳам ҳақиқий намуна ҳисобланади.
Қозоғистон спортини ёритиб келаётган нуфузли манба – vesti.kz сайти Абдуқодир Ҳусанов билан бирга ва майдонда унга қарши ўйнаган қозоқ футболчилари рўйхатини тузиб чиқди.
Sports.uz портали Ҳусановнинг мухлислари бутун Осиё қитъаси бўйича топилишини инобатга олиб, ушбу маълумотларни футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
- Қозоғистонликлардан ким Ҳусановга қарши ўйнаган, ким эса унинг жамоадоши бўлган? Ўтмишни эслаб кўрамиз.
Абдуқодир Ҳусанов – бугунги кунда ўзбек футболининг энг ёрқин юлдузи. Халқлар ўртасидаги географик ва тарихий яқинлик сабабли Қозоғистонда ҳам “Манчестер Сити” ҳимоячисининг ўйинлари диққат билан кузатиб борилади. Ушбу материалда Ҳусанов майдонда қайси қозоғистонлик футболчилар билан тўқнаш келгани ҳақида ҳикоя қилинади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудий жиҳатдан яқин бўлишига қарамай, Ҳусанов чет элга йўл олгунига қадар ҳеч қачон қозоғистонлик футболчиларга қарши ўйнамаган. Ёшлар, ўсмирлар ва катталар терма жамоалари даражасида ҳам у Қозоғистон вакиллари билан тўқнаш келмаган. Клублар даражасида эса, Абдуқодир ватанида деярли ўйнаб улгурмади, аниқроғи, 18 ёшга тўлиши биланоқ Беларусга кўчиб кетган. Айнан ўша ерда у икки нафар қозоғистонлик футболчи билан учрашди.
2022 йил июнь ойида Абдуқодир илк бор Қозоғистондан бўлган рақибга қарши майдонга тушди. Бу “Энергетик-БГУ” жамоасининг меҳмонда “Белшина”га қарши ўйинида содир бўлди. Ўшанда ҳар икки жамоанинг асосий таркибида 18 ёшли Ҳусанов ва 22 ёшли қозоғистонлик Ислом Чесноков майдонга тушган эди..
Ислом ўз жамоасида энг фаол футболчилардан бири эди, аммо у 83-дақиқада ҳисоб 0:0 бўлган пайтда алмаштирилди. Қозоқ ҳужумчиси майдонни тарк этгач, “Белшина” дурангни ушлаб қола олмади, қўшимча дақиқаларда “Энергетик-БГУ” ғалабани илиб кетди. Голни эса икки нафар ўзбек футболчиси уюштирди: Шоҳрух Абдураҳмоновнинг узатмасидан кейин Бобур Абдухолиқов тўпни дарвозага жойлади. Бобур орадаг ярим йил ўтиб “Ордабаси”га келган.
Ўша ўйинда Чесноков ҳужумга яқин эмас, балки марказда ҳаракат қилди. Айнан Беларусда Ислом ўзини ёрқин намоён қилди, шундан сўнг “Тобол”га ўтди ва кейинчалик Қозоғистон терма жамоасига чақирилди. Майдонда Чесноков ва Ҳусанов деярли тўқнаш келмади, фақат айрим микроэпизодлар бўлган холос.
2023 йил июнь ойида эса, Франциянинг “Ланс” клубига ўтишидан бир ой олдин, Ҳусанов “Энергетик-БГУ” сафида “Ислочь”га қарши ўйнади. Ушбу учрашувда унга қарши ўша пайтда 21 ёшда бўлган қозоғистонлик ҳужумчи Денис Митрофанов ҳаракат қилди.
Қозоғистонлик футболчи майдонда 74 дақиқа ўйнади, Ҳусанов эса бутун ўйин давомида қатнашиб, огоҳлантириш олди.
Қозоқ футболи вакилларидан бошқа ҳеч ким Ҳусановга рақиб сифатида тўқнаш келмаган. Аммо Абдуқодир билан бир жамоа аъзоси бўлган қозоғистонлик футболчи бор. “Ордабаси” тарбияланувчиси Бағдат Жиенбай 2022 йилнинг ёзида “Энергетик-БГУ”га ижарага берилди. Бироқ у беш ой давомида бирор ҳам ўйин ўтказмаган. Шунга қарамай, у клуб рўйхатидан жой олган эди, Ҳусанов эса ҳозиргача Instagram тармоғида ушбу қозоғистонлик футболчига обуна бўлиб қолмоқда. Кўринишидан, Жиенбай футболчилик фаолиятини якунлаган. Жорий йилда у майдонга тушмади, 2024 йилда эса Қозоғистон иккинчи лигасида атиги битта ўйин ўтказди.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказган бўлиб, унда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўша пайтда Ҳусанов ҳали Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилмаган эди.
2025 йилда яна бир ўртоқлик ўйини ўтказилиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар чиқди, аммо бу амалга ошмади. Бундан ташқари, ўзбекларга рақибларни имконият даражасига қараб аниқ танлаш жуда муҳим, чунки 2026 йил ёзида улар тарихда илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этадилар, - деб ёзди vesti.kz сайти.
Жорий мавсумда 21 ёшли Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида барча мусобақаларда жами тўққизта ўйин ўтказиб, иккита огоҳлантириш олди. Трансфер нархи 35 миллион еврога баҳоланаётган Абдуқодир Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси ҳисобланади.
Сиз футболни ўлдиряпсиз! Ўзбекистонга қаранг...
Гвардиола Ҳусановни танқид қилган мураббийни “разбор”га чақирди
Ниҳоят, Ҳусановни майдонда кўрамиз!
Ўзбекистон улкан ҳурматга лойиқ! Португалия устози Мартинес яна нималар деди?



Фикрлар