Қозоқ матбуоти легионеримизни қайтариш тарафдори. Футболчимиз нима дейди?
2022 йили “Ордабаси”да тўп сурган Одилбек Абдумажидов Қозоғистондаги ўйинлари орқали ўзидан яхши таассурот қолдирди. У майдондаги вазифаларини сидқидилдан бажаришдан ташқари ҳужум чизиғидаги шерикларига имкон туғилган заҳоти кўмаклашиш пайида бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Абдумажидов майдонда жуда фойдали ўйин кўрсатди. Унинг Sports.kz талқинига кўра ҚПЛ рамзий терма жамоасига 4 марта киритилгани ҳам буни тўла тасдиқлайди. Аммо бугунги кунда ушбу ижрочи Бекободнинг “Металлург” жамоаси ихтиёрида бўлиб турибди. Уни бундан кейин ҳам Қозоғистон чемпионатида кўриш мумкинми? Қозоғистонлик ҳамкасбларимиз шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида бевосита Одилбек Абдумажидовнинг ўзига мурожаат қилдилар.
- Одилбек, ўтган мавсумни ўзингиз учун қандай баҳолаганлар бўлардингиз, - дея Sports.kz интернет портали мухбири ҳамюртимиздан сўради.
- Биринчи навбатда ҳаммага раҳмат айтмоқчиман – мураббийларга, ўйинчиларга, фанатларга ва бошқаларга. Бир сўз билан айтганда, бу мен учун жуда яхши йил бўлди.
- Сиз ҳимоя чизиғида жуда муҳим ролни ижро этдингиз ва имкон туғилган заҳоти ҳужумчиларга фаол ёрдам бердингиз. Нима сабабдан “Ордабаси” клубини тарк этдингиз?
- Мен у ерда ижара асосида тўп сурдим ва келишилган муддат ниҳоясига етганидан сўнг ортда қайтдим.
- “Ордабаси” сизни янги мавсум учун ҳам сафда олиб қолишга ҳаракат қилмадими?
- Албатта, улар кейинчалик ҳам клубда қолишимни исташди.
- Чимкентда молиявий масала борасида муаммолар борлиги ҳақида гап-сўзлар юрибди. Айтинг-чи, сизга келишилган ҳақни тўлашдими?
- Биласизми, клубда молиявий муаммолар борлиги менга сезилмади ҳам. Хизмат ҳақимни доим вақтида олдим.
- Қозоғистоннинг бошқа клубларидан ҳам сизга таклифлар бўлдими? Ахир сиз ўз ўйинингиз билан барчанинг эътиборини қозона олдингиз.
- Бу борадаги маълумотлардан бехабарман. Агар хизматимга бошқа клублар кўз тикишаётган бўлса, бундан агентларим яхши хабардорлар.
- Молиявий масалалар ҳақида гаплашадиган бўлсак, “Металлург”нинг ҳолати “Ордабаси”никидан кўра яхшироқми?
- Мен Қозоғистонга фақат бир мақсад – ўзимни кўрсатиш ниятида борганман. Назаримда, у клубда ҳам, бу клубда ҳам молиявий ҳолат деярли бир хил.
- “Металлург” раҳбариятининг бу сафар ҳам сизни “Ордабаси”га ижара бериши мумкинлиги ҳақидаги вариант эҳтимоли борми?
- Бир нарса дейишим қийин. Бунинг учун аввало клуб раҳбарияти билан гаплашиб олишим керак бўлади. Аммо ҳаммаси юз бериши эҳтимоли юқорироқ. Ҳозирда биз терма жамоа билан БААга йиғин ўтказиш учун йўл олмоқдамиз. У ерда 23 январгача бўламиз. Сафардан қайтганимиздан кейин қайси жамоа учун ўйнашим ойдинлашса керак.
- Чимкент сизга нимаси билан ёқди?
- Менга Чимкент шаҳри жуда ёқди. Одамлари меҳрибон ва самимий. Асосийси, у ерга жуда тез мослашиб олдим. Ҳаммаси учун раҳмат.
- Қозоғистон чемпионати ва унинг ўзига яраша плюс ва минуслар ҳақида нима дея оласиз?
- Қозоғистонда минуслардан кўра плюслар кўпроқ. Буни айтмасам ҳамма яхши билса керак. Асосий минус шундаки, у ердаги аксарият майдонлар унчалик яхши эмас.
- Айтинг-чи, “Остона” олтин медалларни ҳақли равишда қўлга киритдими?
- Албатта. Мен “Остона”нинг чемпионатда ғалаба қозониши ҳақли равишда амалга ошди, деб ҳисоблайман. У чиндан ҳам ҚПЛдаги энг кучли клуб саналади.
- “ҚПЛ – 2022”даги қайси ўйинчиларни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?
- Жуда қийин савол. Чунки фалончи-фалончи ўйинчилар энг яхшилари дея ажратиб кўрсатишим мушкул. Фақат шуни айтишим мумкинки, ҳар бир жамоада яхши ижрочилар ва етакчилар бор.
- Ҳимоячи сифатида кимга қарши ўйнаш сиз учун кўпроқ қийинчилик туғдирди?
- Бундай футболчилар “Остона”, “Қайрат” ва “Каспий”да учради. Улар техник томондан ҳам жуда яхши ижрочи бўлганлари боис менга оғир бўлди.
- Бизда азалдан Қозоғистон ва Ўзбекистон футболини бир-бирига таққослаб келишади. Сизнингча, қайси чемпионат кучлироқ ва ниманинг эвазига шундай деб ҳисоблайсиз?
- Ўзбекистонда ўйинчилар техник томонидан кучли бўлса, Қозоғистонда жисмоний тарафдан кучли ижрочилар кўпроқ.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар