Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг ёшларимизга тавсиялари ёхуд уни қайси китоб қизиқтириб қўйди?

  • 12 апрель, 2020, 16:59
  • 0
  • Бокс

Мамлакатимизнинг энг машҳур спортчиларининг карантин ҳолатида қандай фойдали ишлар билан банд эканлиги, машғулотларни қай тарзда олиб бораётганлиги ва ёшларга бераётган тавсияларини тақдим этишда давом этамиз. Бу сафар профессионал боксчимиз, ўз вазн тоифасида IBF  йўналиши етакчиси Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг уй шароитида нималар билан машғул эканлиги ва унинг ўзига хос маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ҳозирда ота-онам бағридаман. Хабарингиз бор, Сергей Липинецга қарши жангим коронавирус пандемияси туфайли қолдирилди. Шундан кейин Андижонга келиб, уй шароитида машғулотларни давом эттираяпман. Анчадан буён узоқ вақт оила даврасида бўлмагандим. Доимо, ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар, жанглар билан бўлиб, ота-онам бағрида кам бўлардим. Бу имкониятдан фойдаланиб, уларнинг дуосини олишга ҳаракат қиляпман. Шу билан бирга китоб ўқишга ҳам вақт топиляпти. Мисол учун, ҳозир “ҳақиқий тиббиёт” китобини ўқияпман. Қисқаси, бу шароитда ҳам вақтимни бекорга сарф этмаслик ҳаракатидаман. Мураббийим Илгар Алиев билан боғланиб, керакли кўрсатмаларни олиб бормоқдаман. Насиб қилиб бу муаммолар ҳам бартараф бўлса, навбатдаги жангимга қадар яхши спорт формасида етиб бораман деган умиддаман.

-  Ёшларимизга биринчи навбатда ота-оналарининг гапига киришларини айтган бўлардим. Чунки катталар ҳеч қачон ўз фарзандига ёмонлик исташмайди. Ёш спортчиларимизга бу шароитда ҳам ўз устиларида ишлашдан тўхтаб қолмасликларини, аксинча янада кўпроқ шуғуллланишларини тавсия қиламан. Ҳозирги кунда интернет ривожланиб кетган, мураббийлари билан бемалол ҳар қандай ҳолатда мулоқотда бўлиш имкони бор. Шундай экан, улардан керакли машғулотлар режимини олиб, бамаслаҳат машқларни давом эттирса бўлади. Чунки баъзан ёшларимиз ўзи билмаган ҳолда меъёридан ортиқ ёки нотўғри шуғулланиб қўйишлари ҳам мумкин. Албатта, жисмоний тарбия машғулотлари ва одатий машқлар жараёнларини давом эттирса бўлаверади. Бироқ мураккаброқ режимни устозларидан олинган маслаҳатлар орқали амалга оширишсин.

- Кўпроқ китоблар ўқишларини, онлайн бериб борилаётган дарсларга жиддий қарашларини, ҳориж тилларини ўррганишларини маслаҳат бераман. Чунки ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш каби бўлади, дейишади - ку. Шунинг учун, айни кундаги ҳаракатлари кейинги фаолиятларидаги муваффақиятларида асосий роль ўйнайди.

- Энг асосийси эса карантин қоидаларига риоя қилинг ва ҳозирча уйда қолинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!